Улуғлар “Кўнгил боғининг меваси фарзанд эрур”, дейишади. Бу меванинг бенуқсон, соғломлиги кўнгилга хотиржамлик бахш этади. Бу борада Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Гўдаклар жаннат райҳонларидир”, дея марҳамат қилганлар (Имом Аҳмад ривояти). 
 
Ҳар бир ота-она жигарбанд­лари соғлом, ақлли, илмли, хушхулқ, кўркам бўлишини орзулайди. Шу ўринда савол туғилади: тарбияни қачондан бошлаш керак? Бу саволга кимдир туғилганидан кейин деса, яна кимдир бола оқу қорани ажрата бошлагач, деб жавоб беради. Аслида бу муҳим вазифага ҳали фарзанд туғилмасидан илгари, аниқроғи, оила барпо этилаётган кезларданоқ жиддий эътибор бериш зарур. Тўйдан олдинги тиббий кўрик бу борадаги асосий омиллардан биридир. 
Мўътабар манбаларда келтирилишича, дилбандларни камолга етказишдаги муҳим масалалардан яна бири ҳалол луқмадир. Ҳадиси шарифларда алдов, хиёнат, фирибгарлик, қўйингки, барча ёмон феъллар нопок луқма билан вояга етган фарзандларда пайдо бўлиши, улар оиласига ҳам, жамиятга ҳам зарар келтириши айтилади. Аксинча, бола ҳалол луқма билан улғайса, комил инсон бўлиши таъкидланади. 
Юртимизда жорий йилнинг “Соғлом она ва бола йили” деб эълон қилиниши замирида ҳам минг йиллик диний, миллий қадриятларимиз ўз аксини топган. Чунки азалдан аждодларимиз аёлларга нисбатан чиройли муомалада бўлиб, эҳтиром кўрсатиб келишган. 
Муҳтарам Юртбошимиз Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 23 йиллигига бағиш­ланган тантанали маросимдаги маърузаларида бу мавзуга алоҳида тўхталиб, бундай дедилар: “Ҳақиқатан ҳам болага эътибор бўлажак онага эътибор қаратишдан бошланиши керак. Чунки ҳомиладор аёлнинг руҳий-физиологик ҳолати, барча ҳис-туйғулари, кайфияти она вужуди орқали болага ўтади. Бундан хулоса шуки, болани эъзозлаш учун аввало онани эъзозлаш керак. Бу борада барчамиз масъул эканимизни унутмаслигимиз зарур”.
Динимиз кўрсатмаларида ҳам доимо аёл шаънини ҳимоя қилишга, ғамхўрлик кўрсатишга чақирилади. Фақиҳ Абу Лайс Самарқандийнинг “Танбеҳ ул-ғофилин” асарида қуйидаги муборак ҳадис нақл этилади: «Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) айтдилар: “Ким бозордан фарзандларига ҳадя келтирса, садақа қилган киши каби бўлади, ҳатто уни уларнинг оғзига солади. Тарқатишни қизлардан бошласин, чунки Аллоҳ таоло аёлларга юмшоқлик қилади. Ким аёлларга юмшоқлик қилса, уни Аллоҳ кечиради. Ким қизлари билан хурсанд бўлса, Аллоҳ қиёмат куни уни хурсанд  қилади”.
Динимиз қадрлаган, Юртбошимиз такрор-такрор ғамхўрлик қилишимиз зарур эканини таъкидлаган, шаъни улуғ, қадри баланд аёлларимиз – онамиз, опа-синглимиз, жуфти ҳалолимиз, қиз ва келинларимизни асраб-авайлайлик. Зеро, улар биз орзулаган соғлом наслларимиз давомчисидир.
 
Насруллоҳ НУРУЛЛОҲ ўғли,
Пастдарғом тумани “Чандиробод”
жоме масжиди имом-хатиби