Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: «Эй, имон келтирганлар! Ўз уйларингиздан ўзга уйларга то изн сўрамагунингизча ва эгаларига салом бермагунингизча кирмангиз! Мана шу сизлар учун яхшидир. Зора, (бу гапдан) эслатма олсангиз» (Нур, 27).
Аллоҳ таоло мўмин бандаларини улуғ одобга чақириб, инсон бирор уйга киришни ирода қилган пайтида изн сўрашга, бу пайтда латифликка, манзил эгасига салом беришга ундамоқда. Бу, аввало, кишилар ўртасида ўзаро муҳаббат ва самимият пайдо қилади. Агар уйда бирор бир киши бўлмаса, ичкарига кириш жоиз эмас. Шунда у инсон турли тушунмовчилик ёки туҳматлардан омонда бўлади. 
Баъзан бировнинг уйига эшикни тақиллатмай дабдурустдан кириб борадиганлар ҳам учрайди. Улар уйда аёллар борлигию, уй эгаларининг турли ҳолда бўлишлари мумкинлигини ҳеч мулоҳаза қилишмайди. Бу ўтакетган беодоблик бўлиб, турли ёмонликларга, гап-сўзларга сабаб бўладиган ҳолатдир.
Исломда шахснинг дахлсизлиги ниҳоятда юқори даражада ҳимоя қилингани боис бировнинг уйига рухсатсиз кириш тақиқланади. Бегона  уйга рухсатсиз кириб бориш у ёқда турсин, ҳатто кўз ташлаш ҳам мумкин эмас. Чунки ичкарига кўз ташлаган одам уй эгасини, унинг аҳли аёлини ҳар хил ҳолатда кўриши, яна бошқа ноқулайликлар вужудга келиши эҳтимоли бор.
Уламоларимиз назар солишга оид ҳукмни қулоқ солишга ҳам қиёс қилганлар. Яъни, бировнинг ҳовлисига изнсиз назар солишдан қайтарилган  бўлса, ўша ҳовли ва уйдаги овозларга, гап-сўзларга яширинча қулоқ солиш ҳам тақиқлангандир.
Бировнинг ҳузурига киришга изн сўрашнинг ўзига яраша одоблари бор.
Ҳузайл ибн Шарҳабийл (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Бир одам Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг эшикларига қараб туриб изн сўрай бошлади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) унга,  сен ундоқ ёки бундоқ тур, изн сўраш назардан сақланиш учун жорий қилингандир, дедилар” (Имом Абу Довуд ривояти).
Яъни, изн сўрамоқчи бўлган киши эшикка юзма-юз ҳолатда эмас, балки ўнг ёки чап тарафга қараб туриб изн сўраши лозим.
Одоб бўйича, изн сўрайдиган одам ўз исмини аниқ айтади.
Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Умар Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳузурларига изн сўраб: “Ассалому ала Расулиллаҳи! Ассалому алайкум! Умар кираверсинми?” деди.
Демак, уй эгаси эшик тақиллатаётган одамнинг кимлигини сўраса, у “менман”, “қариндошингиз”, “қўшнингизман”, “ўртоғингман”, “эшикни очинг” демасдан, аввало салом бериши, кейин ўз исмини аниқ айтиб, сўнгра ичкари киришга рухсат сўраши лозим бўлади.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг суннатларида изн сўраш уч марта бўлиши баён қилинган. Пайғамбар (алайҳиссалом)дан Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қиладилар: “Изн сўраш уч мартадир”. Биринчи чақириш – эшитиши учун, иккинчиси – ўзини ростлаб олиши учун, учинчиси изн берилиши  ёки рад қилиниши учундир. 
Абу Мусо Ашъарий (розияллоҳу анҳу): “Бирортангиз изн сўрасангиз, изн берилмаса, орқасига қайтсин”, деган. 
Қуйидаги ояти каримада уй ичидагилар ўзаро бир-бирларининг олдига кириши учун ҳам изн сўраши кераклиги айтилмоқда: 
«Эй, имон келтирганлар! Қўл остингиздаги (қул ва чўри)ларингиз ҳамда балоғатга етмаган (фарзанд)ларингиз уч марта (ҳузурингизга киришда) сизлардан изн сўрасинлар – бомдод намозидан илгари, пешин вақтида (иссиқдан) кийимларингизни ташлаган пайтингизда ва хуфтон намозидан кейин. (Бу) уч (вақт) сизларнинг авратларингиз (очиқ бўлиши мумкин бўлган вақтлар)дир» (Нур, 58). Аслида эса, “бу хизматчи, бу балоғатга етмаган кичик боламиз-ку” демасдан, ҳушёр бўлиш керак. Чунки хизматчи ва болалардан ҳам авратни тўсиш лозим. Акс ҳолда ёш болаларнинг тарбиясига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. 
Ҳозирги шароитда ҳам кимнингдир уйига бормоқчи эканини телефон ва интернетда боғланиб ёки SМS ёзиш орқали  маълум қилмоқчи бўлганлар, юқорида келтирилган талаб-кўрсатмалардан келиб чиққан ҳолда аввало салом бериб, ташриф учун изн сўрашлари чиройли, хайрли, юксак маданиятлилик белгисидир.   
 
Жалолиддин ҲАМРОҚУЛОВ,
Тошкент шаҳридаги “Новза” жоме масжиди имом-хатиби