Қуръони карим оятлари туширилгач, саҳобаларга ўқиб эшиттирилган, сўнг котиблар турли нарсаларга кўчириб қўйишган. Ўша даврда арабларнинг кўпи ўқиш-ёзишни билишмас, саҳобалар ҳам оятларни ёдлаш ва қалбларига муҳрлаб олиш билан жамлар ва сақлар эдилар.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ваҳий қилинган оятни тиловат қилар, оятлар у зотнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қалбларига ўрнашиб, тилларига жорий бўларди. Ҳар Рамазон ойида Жаброилдан (алайҳиссалом) ўша кунгача нозил бўлган оятларни тиловат қилиб, ўтказиб олганлар. Вафот этган йиллари эса икки марта ўтказганлар. Бунга Зайд ибн Собит (розияллоҳу анҳу) гувоҳ бўлган.

Қуръони каримнинг китобат қилиб сақланиши ҳам Аллоҳ таолонинг инояти биландир. Қуръони каримда: "Ушбу Китоб (Қуръон) шубҳадан холи..." (Бақара, 2), дея марҳамат қилинади. Қуръон Лавҳул маҳфуздан Рамазоннинг Қадр кечасида дунё осмонига тўлиқ туширилган, сўнг Пайғамбаримизга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) оятма-оят туширила бошлаган.

Жаброил (алайҳиссалом) Қуръони карим оятларини олиб тушганида унинг қайси сурага жойланиши, қайси оятдан олдин ё кейин қўйилишини Лавҳул маҳфуздаги тартиб асосида Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билдирганлар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) оятларни саҳобаларга Жаброилдан (алайҳиссалом) эшитганларидек тиловат қилганлар.

Саҳобалар (Аллоҳ улардан рози бўлсин) Қуръони карим оятларини эътибор ва эҳтиёткорлик билан ўрганишган, ёдлашган ва силлиқ тош, хурмо пўстлоғи, ҳайвон териси каби нарсаларга кўчириб боришган. Баъзи олимлар илоҳий Калом котибларининг сони қирқдан ошганини ёзади. Уларнинг энг машҳурлари Убай ибн Каъб, Зайд ибн Собит, Абдуллоҳ ибн Масъуд, Муовия ибн Абу Суф­ён, Абу Бакр Сиддиқ, Умар ибн Хаттоб, Усмон ибн Аффон, Али ибн Абу Толиб (Аллоҳ ҳаммаларидан рози бўлсин).

Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳаёт бўлганларида, бирор оят насх қилиниб, ўрнига бошқа оят тушиши эҳтимоли бўлганидан бир муқова остига жамланмаган. Саҳобалар Қуръонни бир-бирларидан оғизма-оғиз ўрганиб, ёдлаганларини такрорлаб, кундузги намозларида ҳам, таҳажжудларида ҳам қайта-қайта ўқиб юришган.

Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) даврларида бўлган Ямома жангида бир қанча саҳобалар ҳалок бўлади. Бундан Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу) кўпроқ ташвишга тушиб, Абу Бакрга (розияллоҳу анҳу) Қуръонни жамлаш таклифи билан чиқади. Бу хайрли ишга Зайд ибн Собит (розияллоҳу анҳу) бош қилиб та­йинланади. "Ким Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларида Қуръондан бирор оят кўчирган бўлса, уни олиб келсин", дея жойларга хабар етказилади. Оятнинг Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларида кўчирилганига иккита гувоҳ келтириш шарт бўлади. Зайд ибн Собит ва Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳумо) масжид олдида туриб, келтирилган битикларни тўплашади. Бу жараён қарийб бир йилча давом этади. Ниҳоят, Қуръони карим оятлари саҳифаларда тартибланади.

Орадан кўп ўтмай, халифа Абу Бакр Сиддиқ (розияллоҳу анҳу) вафот этади. Мусҳаф эса мусулмонлар учун асл манба сифатида сақланарди. Ҳазрат Умар даврларида кўп халқлар Исломни қабул қила бошлагач, мусулмонларга Қуръонни кенг­роқ ўргатиш тадбирини қилиш эҳтиёжи туғилади.

Усмон ибн Аффон (розияллоҳу анҳу) замонларида баъзи оятлар ҳақида ихтилоф чиқади. Бундан саҳобалар ташвишга тушишади. Шу боис ҳазрат Усмон Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) даврида жамланган китоб шаклидаги саҳифалар Қурайш лаҳжасида ўқиш услубига асосланган китоб шаклига келтирилади. Ўша даврдаги Ислом марказларига бир нусхадан юборилади. Барча мўмин-мусулмонларга ушбу Қурайш лаҳжасида кўчирилган нусхага мувофиқ Қуръон ўқиши ва ўқитишига фармон берилади.

Шундай қилиб, Ҳазрат Усмон (розияллоҳу анҳу) даврида кўчирилган Қуръони карим нусхалари мусулмонлар учун асос бўлиб қолади.

 

Ҳусайнхон АБДУМАЖИДОВ,

Тошкент Ислом институти 4-босқич талабаси