Ватанимизда азал-азалдан кундалик турмуш тарзи, ўзаро муомала, ота-она ва фарзандлар, ака-укалар ва опа-сингиллар, эркак ва аёл  ўртасидаги муносабатларнинг муайян мезонлари бор. Ҳар бир ота-она ўз фарзандининг энг аввало, ақлли, одобли, андишали ва ҳаёли бўлиб вояга етишига жиддий эътибор қаратган.
Зеро, одоб, андиша ва ҳаё инсонни ёмонликдан қайтариб яхшиликка йўллайдиган маънавий куч ҳисобланади. 
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ҳаё имондандир, имон жаннатдадир. Ҳаёсизлик жафодандир, жафо дўзахдадир” дедилар» (Имом Термизий ривояти).
Абу Умома (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ҳаё ва камгаплик имоннинг икки бўлагидир. Ҳаёсизлик ва маҳмадоналик нифоқнинг икки бўлагидир” дедилар (Имом Термизий ривояти).
“Ҳайратул аброр” достонида адаб, тавозу ва ҳаё каби хислатлар  алоҳида бир бобга жамланган бўлиб, унда инсон учун мансаб эмас, айнан ҳаё билан адаб шарафлироқ экани таъкидланади:
 
Элга шараф бўлмади жоҳу насаб,
Лек шараф келди ҳаё-у, адаб.
 
Жунайд (раҳматуллоҳи алайҳ) айтади: “Тўрт нарса бандани олий даражаларга кўтаради: тавозелик, ҳалимлик, сахийлик ва чиройли хулқ. Ҳамда улар имон мукаммаллигининг белгисидир”. 
Чустий ҳазратлари ҳам беодоб, беҳаё инсонлар эл корига ярамаслигини таъкидлаб, бундай дейди: 
 
“Ким риёкору мунофиқ, беҳаё,
Қолмиш элнинг лаънатига доимо.
Беадаб безорию хулқи ёмон,
Улфати бўлмиш у манзилда илон”.
 
Ҳаё нафсни қабиҳ ва ярамас ишлардан тўсиб туради. Риё, манманлик, ҳаёсизлик, одобсизлик каби ёмон хулқлар эса бандани ёмонотлиқ қилиб, азобга дучор этади. 
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) марҳамат қилдилар: «Илк нубувват ўгитларидан шу бугунга қадар (ўзгармасдан) етиб келган ҳикматлардан бири: “Агар уялмасанг, билганингни қил!” деган сўздир» (Имом Бухорий ривояти).
Ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу): “Одамлардан ҳаё қилмаган, Аллоҳ таолодан ҳам ҳаё қилмайди”, деганлар.
Аллоҳ таоло барчаларимизни Ўзидан ва бандаларидан уяладиган, гўзал хулқли инсонлардан бўлмоғимизни насиб этсин! 
 
Исомиддин АҲРОРОВ,
Тошкент шаҳар “Оқилон” жоме масжиди имом-хатиби