“Вараъ” луғатда тийилиш, ҳаромдан сақланиш маъноларини англатади. Унинг маъноси “тақво” сўзига жуда яқин. Вараъ тақводан хосроқ, яъни торроқ маънода. Шунинг учун, Ибн Обидин (раҳимаҳуллоҳ): “Вараъ қилган тақволи бўлади, лекин тақво қилган вараъ қилган ҳисобланмайди”, деган. 
 
Истилоҳий маъноси
Ибн Ҳумом айтади: “Вараъ – шубҳали нарсалардан сақланишдир”. Дасуқий эса, “Вараъ қилувчи – шубҳали ишларга тушиб қолишдан қўрқиб мубоҳ нарсаларни тарк этувчи”, деган. “Иҳёу улумиддин”да “Вараъ қилувчи – ҳаром ишларга тушиб қолишдан қўрқиб шубҳали ишларни тарк этган кишидир”, дейилган. Изз ибн Абдуссалом: “Вараъ шубҳали нарсани тарк қилиб, шуб­ҳали бўлмаган нарсани олишдир. Буни эҳтиёткорлик ҳам дейилади”, деган. Абу Сулаймон Дороний: “Вараъ зуҳднинг бошланишидир”, деган. 
 
Фазилати
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)га: “Эй Абу Ҳурайра, вараъ қилувчи бўлгин, одамларнинг энг ибодатлиси бўласан”, деганлар (Ибн Можа ривояти).
Юсуф ибн Асбот айтади: “Озгина вараъ кўп амалдан, озгина тавозе кўп ижтиҳоддан яхшидир”. Имом Ғаззолий: “Вараъ чиройли хулқ, шаҳват ва ғазабни жиловлаш билан тугал бўлади”, деган.
 
Вараънинг ҳукми
Қарофий бундай дейди: “Набий (сол­лаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг: “Албатта, ҳалол аниқдир, ҳаром ҳам аниқдир. Улар ўртасида шубҳали нарсалар бор. Уларни кўпчилик инсонлар билмайди. Ким шубҳали нарсалардан сақланса, дини ва шаънини пок сақлайди. Ким шубҳали нарсаларга кириб қолса, ҳаромга кириб қолиши мумкин. У (шубҳали нарсаларга кириб қолган) худди қўриқланадиган ер атрофида чорва боқаётган чўпонга ўхшайди. Унинг чорваси қўриқланадиган ерга тушиши эҳтимоли яқиндир. Огоҳ бўлингки, ҳар бир подшонинг қўриқланадиган ери бўлади. Билингки, Аллоҳнинг қўриқланадиган ери У ҳаром қилган нарсалардир” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти). Бу ҳадисга кўра, вараъ мандубдир.
 
Вараънинг даражалари
Имом Ғаззолий (раҳимаҳуллоҳ) айтади: «Киши қанчалик вараъ қилса, Сиротдан шунчалик тез ўтади, юки шунчалик енгил бўлади. Вараънинг тўрт даражаси бор:
– Одиллар вараъси. Бу ҳаромлардан тийилишдир.
– Солиҳлар вараъси. Ҳаромлик эҳтимоли бор нарсалардан тийилиш. Ҳар бир шубҳали нарсадан тийилиш мустаҳабдир, вожиб эмас. 
– Тақводорлар вараъси. Ҳаромга олиб бориши мумкин бўлган нарсадан тийилиш. Бунга Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)­нинг қуйидаги ҳадислари далилдир: “Банда зарари бор нарсадан эҳтиёт бўлиш учун зарари йўқ нарсани ҳам тарк қилмагунча тақводорлар даражасига етмайди” (Имом Термизий ривояти).
– Сиддиқлар вараъси. Сиддиқлар наздида Аллоҳ учун бўлган ҳар нарса ҳалолдир. Ҳаром эса, Аллоҳ учун бўлмаган ҳар нар­­са­дир». 
 
Жамшид Шодиев 
тайёрлади.