Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Мол-мулк, фарзандлар дунё ҳаётининг зийнатидир. Раббингиз наздида эса, боқий қолувчи солиҳ амаллар савоблироқ ва орзу қилишга лойиқроқдир» (Каҳф, 46).
Оятда зикр этилган «...боқий қолувчи солиҳ амаллар...»га қандай амаллар киради? Қуртубийнинг тафсирида айтилишича, олимлар бунда қайси амаллар назарда тутилгани тўғрисида ҳар хил қарашларни айтишган. Баъзилар беш вақт намоз, деган бўлса, бошқалар охиратда савоби қоладиган ҳар қандай яхши гап ва иш, деган. Жумҳур олимлар эса: «Улар “Субҳоналлоҳи вал-ҳамду лиллаҳ ва ла илаҳа иллаллоҳ валлоҳу акбар ва ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳил алиййил азим” калималаридир», дейишган (Имом Молик “Муватто” китобида ривоят қилган). Айни мана шу зикр­ларнинг “боқий қолувчи солиҳ амаллар” экани тўғрисида кўп ривоятлар келган. Жумладан, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Боқий қолувчи солиҳ амалларни кўпайтиринг!” деганларида, “Улар нималар, ё Расулуллоҳ?” деб сўрашди. У зот: “Такбир, таҳлил, тасбеҳ, вал ҳамду лиллаҳ ва ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳ”, дедилар (Имом Аҳмад, Насоий, Ибн Ҳиббон ривояти).
Яна бир ҳадисда: «Расулуллоҳ (сол­лал­лоҳу алайҳи ва саллам): “Ҳимоя­ланинглар!” деганлар. Саҳобалар: “Ё Расулуллоҳ, душман келяптими?” дейишди. У зот: “Йўқ, дўзахдан ҳимояланинг. “Субҳоналлоҳи вал ҳамду лиллаҳ ва ла илаҳа иллаллоҳ валлоҳу акбар” денг. Улар қиёмат куни сизларни олдингизу орқангиздан ҳимояловчи бўлиб келади. Улар боқий қолувчи солиҳ амаллардир» (Насоий ва Байҳақий ривояти).
Бошқа ҳадисда: «Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Субҳоналлоҳи вал ҳамду лиллаҳ ва ла илаҳа иллаллоҳ валлоҳу акбар ва ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳ, дегин. Улар боқий қолувчи солиҳ амаллардир. Улар гуноҳларни дарахт япроқларини тўккандек тўкади. Улар жаннат хазиналаридандир”, деганлар» (Табароний ривояти).
Имом Ғаззолий айтади: «Баъзилар обрў ва мол-дунё билан камолотга эришмоқчи бўлишади. Бу комиллик соғлом эмас. Соғлом бўлса ҳам, боқий қолмайди. Улар шаҳватлари сабаб илмдаги камолотдан юз ўгиришади. Ҳолбуки, у абадий давом этадиган комилликдир. Улар охиратлари билан дунёни сотиб оладиганлардир. Илмга интилиш ва шаҳватлардан қутулиш нафс­ни комилликка етакловчи, боқий қолувчи солиҳ амаллардир. Мол-дунё ва обрў эса, бир кун завол топади. Буни Аллоҳ таоло қуйидагича зикр қилади: «(Эй Муҳаммад! Одамларга) дунё ҳаёти мисолини келтиринг. (У) худди бир сув кабидирки, Биз уни осмондан ёғдиргач, (баҳорда) у сабабли ер ўсимликлари (бир-бирига) аралашиб (қалинлашиб) кетур, сўнгра (кузда) шамоллар учириб кетадиган хашакка айланиб қолур» (Каҳф, 45).
Демак, ўлим шамоллари учириб кетадиган ҳар нарса дунё ҳаётининг зийнатидир. Ўлим билан узилмайдиган нарса эса, боқий қолувчи солиҳ амаллардир».
 
Жамшид ШОДИЕВ 
тайёрлади.