"Тавба" сўзи луғатда қайтиш ва бурилиш маъноларини билдиради. Истилоҳда эса бир гуноҳ ишдан, у зарарли нарса деган ўй билан эмас, Аллоҳ таоло қайтаргани учун унга яна қайтмасликка азму қарор қилиб, узилиб чиқишга тавба дейилади. Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: «Эй имон келтирганлар! Аллоҳга чин тавба қилинглар, шоядки, Раббингиз сизларнинг гуноҳларингизни ўчириб, остидан анҳорлар оқиб турадиган (жаннатдаги) боғларга киритса!..» (Таҳрим, 8).
 
Ҳазрат Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: “Барча одам боласи хатокордирлар.  Хатокорларнинг энг яхшиси Аллоҳга тавба қилиб, истиғфор айтувчиларидир” (Имом Аҳмад, Имом Термизий ривояти). 
Тавба ҳақиқий бўлиши учун тўрт шарт мавжуд:
1. Қилган хато амалини тезлик билан тўхтатиш.
2. Қилган хато иши учун астойдил пушаймон бўлиш.
3. Яна уни ва унга ўхшаган гуноҳларни қилмасликка қатъий қарор қилиш.
4. Агар қилган гуноҳи бандалар ҳақига тегишли бўлса, улардан узр сўраб, ҳақларини жойига қайтариш.
Агар қилинган гуноҳда ҳам Аллоҳ таолонинг, ҳам банданинг ҳақи бўлса, ҳақ эгасига қайтарилади. Мисол учун, закотни бермаган бўлса, тавба уни ҳақдорларига бериш билан тугал бўлади.
Агар гуноҳ рўза ва намозни қазо қилиш каби Аллоҳ таолонинг ҳақига оид бўлса, уларни адо қилиш билан бўлади. 
Аллоҳ таоло тавба қилган банданинг гуноҳларини кечиради. Қуръони каримда: «Албатта, Аллоҳнинг тавба қабул қилиши фақат ёмонлик (гуноҳ)ни билмасдан қилиб қўйиб, сўнгра тезлик билан тавба қилганлар учун (муқаррар)дир. Аллоҳ айнан ўшаларнинг тавбасини қабул қилур. Аллоҳ билим ва ҳикмат эгасидир. Гуноҳ иш­ларни қилиб юриб, қачонки, бирорталарига ўлим келганида, “Энди тав­ба қилдим” дейдиган, шунинг­дек, кофирлигича ўлиб кетадиганларнинг тавбалари эса қабул қилинмагай. Ана ўшалар учун аламли азоб тайёрлаб қўйганмиз», дейилган (Нисо,17-18). 
Ойша (розияллоҳу анҳо) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан ривоят қиладилар: “Гуноҳлар уч турли бўлади: Аллоҳ кечирмайдиган ва кечирадиган ҳамда миридан сиригача сўраладиган гуноҳ. Аллоҳ кечирмайдиган гуноҳ – ширк келтиришдир. Бунга далил қуйидаги оятдир. «...Кимки Аллоҳга ширк келтирса, унга Аллоҳ жаннатни ҳаром қилур ва борар жойи дўзахдир...» (Моида, 72).
Аллоҳ кечирадиган гуноҳ – банда ўз нафсига қилган зулми бўлиб, у Аллоҳ ва банда ўртасидадир. Аллоҳ ҳеч нарсани қўймай сўрайдиган гуноҳ бандаларнинг бир-бирларига қилган зулмларидир”.
Шундай экан, Аллоҳ таолога ширк келтирмаган банда гуноҳлардан қайтиб, астойдил тавба қилиши лозим. Фақиҳ Абу Лайс Самарқандий холис тавба қилиш тўғрисида бундай деганлар: “Холис тавба қалб билан пушаймон бўлиш, тил билан истиғфор айтиш ва қилган гуноҳига ҳеч қачон қайтмасликдир”.
Ҳадиси шарифда: “Гуноҳига тав­ба қилувчи киши гўёки гуноҳ қилмаган киши кабидир”, дейилади (Имом Муслим ривояти).
Абу Лайс Самарқандий айтади: «Аллоҳ таолонинг раҳмати ва меҳрибонлигини шу қадар чексизки, гуноҳ ишларни қилгандан кейин ҳам бандаларини мўмин деб номлади ва Ўз китобида: «...Барчангиз Аллоҳ таолога тавба қилингиз, эй мўминлар! Шояд, (шунда) нажот топ­сангиз», деди (Нур, 31). Тавба қилганларидан кейин эса, улар Аллоҳ ҳузурида севимли бўлишларига ишорат қилиб: «...Албатта, Аллоҳ (шунгача билмай йўл қўйган хатоларидан) чин тавба қилувчиларни ва обдон покланиб юрувчиларни севади», (Бақара, 222) деб марҳамат қилди».
Демак, Ҳақ таолонинг раҳматидан асло умидимизни сўндирмайлик. Аллоҳ таоло барчаларимизни тавба қилиб, бошқа хато иш қилмайдиган мўмин бандаларидан қилсин!
 
Отабек ЮЛДАШЕВ,
Пахтакор тумани бош имом-хатиби