Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) бундай дедилар: “Аллоҳ таолонинг тўқсон тўққизта исми бор. Ким уларни санаса (ёдласа ва ўқиб юрса), жаннатга киради” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Аллоҳ таолонинг машҳур гўзал исмлари тўқсон тўққизта дейилса-да, Унинг гўзал исмлари жуда кўп, саноқсиздир. Иборада ва ҳукмда турлича бўлса-да, гўзал исмлари маъно жиҳатидан бирдир. Аллоҳ таолонинг ҳамма исмларига имон келтириш лозим. Шунинг учун Аллоҳ таолога имон келтириб, Раҳмонлигига имон келтирмаган киши диндан чиқади.

Аллоҳ таоло исм ва сифатлари билан қадимдир. Яъни, ҳеч бир исми ва сифати кейин пайдо бўлган эмас.
Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: «Аллоҳнинг чиройли исмлари бордир. Уни ўша (исм)лар билан атангиз! Унинг исмларида ҳақдан оғиб кетувчиларни қўяверингиз! (Улар) қилмишларига (яраша) жазоланурлар» (Аъроф, 180). 
«(Эй Муҳаммад!) айтинг: “Аллоҳ деб чорлангиз ёки Раҳмон деб чорлангиз. Қандай чорласангиз ҳам (жоиздир). Зеро, Унинг гўзал исмлари бордир. (Эй, Муҳаммад!) Сиз намозингизни жуда жаҳрий (баланд овозда, ошкора) ҳам қилиб юборманг (токи мушриклар эшитиб, Қуръонни ҳақорат қилмасинлар) ва ўта махфий ҳам қилиб юборманг (токи саҳобаларингиз тинглаб, фойдалансинлар). Шуларнинг (жаҳрийлик билан махфийлик) ўртасидаги йўлни истанг!”» (Исро, 110).
«Аллоҳ –  Ундан  ўзга  илоҳ  йўқдир.  Унинг “Асмои Ҳусно”си (гўзал исмлари) бордир» (Тоҳо, 8).
«У –  Яратувчи, (йўқдан) Бор  қилувчи, (барча  нарсага)  Сурат (ва  шакл)  берувчи  Аллоҳдир.  Унинг гўзал исмлари бордир. Осмонлар ва Ердаги (бор) нарса Унга тасбеҳ айтур. У Қудратли ва Ҳикматли (Зот)дир» (Ҳашр, 24).
Аллоҳ таолони Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда келмаган исмлари билан аташ мумкин эмас. Чунки ким Аллоҳ таолони Ўзи атамаган исм билан атаса, агар у  исм рубубият маъносига мувофиқ келмаса ва ҳадисда ворид бўлмаган бўлса, у мўмин бўлмайди. 
 
Манбалар асосида 
Абдулвоҳид НУРУЛЛОҲ ўғли тайёрлади.