Инсонлар доимо бир-бирлари билан турли хил молиявий муомала қилишга муҳтож­дирлар. Мўмин кишидан лозими савдони ҳалол йўллар билан амалга ошириши, ҳаром йўллардан четланиши ва бошқаларнинг ҳақ-ҳуқуқларига тажовуз қилмаслиги лозим. Зеро, Аллоҳ таоло бандаларини савдо-сотиқда ҳалол бўлишга тарғиб этади. Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда ушбу масалага кенг ўрин берилиши бежиз эмас.
Шариатда вазн ва ўлчов билан бўладиган савдода хиё­нат этмаслик ва олувчи ҳам ўлчовдан кўпроқ олишни талаб қилмаслиги лозим. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “(Савдо-сотиқда ўлчов ва тарозидан) уриб қолувчи кимсалар ҳолига вой! Улар одамлардан (бирор нарсани) ўлчаб олган вақтларида тўла қилиб оладиган, уларга ўлчаб ёки тортиб берган вақтларида эса уриб қоладиган кимсалардир. Улар (вафот этгандан ке­йин) қайта тирилувчи эканларини ўйламайдиларми? Улуғ кунда (қиёматда) – одамлар (бутун) оламлар Парвардигори ҳузурида (ҳисоб-китоб бериш учун) тик турадиган кунда?!” (Мутаф­фифун, 1–6).
Юқоридаги оятларда савдо-сотиқда кишилар ҳақидан уриб қолувчи фирибгарлар ҳақида сўз юритилган. Улар тарозими, литрми ёки бошқа ўлчовми, кишилардан нарса олаётганларида тўлиқ ва ортиқча олишлари, аммо харидорларга тортиб ёки ўлчаб бераётганда кам беришлари қораланиб, уларнинг бу ишлари қиёматдан қўрқмаслик белгиси экани, охиратда аниқ ҳисоб-китоб бўлиши ҳақида огоҳлантирилмоқда. Рифоъа (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) савдо қилаётган одамларни кўриб: “Эй муҳожирлар жамоа­си!” дедилар. Улар бош­ларини кўтариб, чақириққа жавобан у зотга қарашди. Шунда у зот: “Албатта, тожирлар қиёмат куни фожирлар сифатида қайта тирилурлар. Магар Аллоҳдан қўрққан, яхшилик ва ростгўйлик қилганлар бундан мустасно”, дедилар» (Имом Термизий ривояти).
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) умматларига молиявий муомалалар, савдо-сотиқ қоидасини батафсил тушунтириб, уларни қандай амалга оширишни ўргатиб берганлар. Жумладан, ҳадисда бундай марҳамат қилинади: “Олувчи ва сотувчи бир-бири билан савдони келишиб олгунча ихтиёр­лари ўзларидадир. Агар улар бир-бирларига рост гапириб, молининг айбини яширмасалар, бундай савдода уларга барака бўлади. Агар молнинг айбини яширсалар ва бир-бирларини алдасалар, савдоларида барака бўлмайди” (Имом Бухорий ривояти).
Аввало, савдо аҳлининг хушмуомала бўлиши ва ҳадиси шарифда зикр қилингандек, икки томон ҳам рост гапириб, молга, савдонинг ўзига тегиш­ли ҳамма нарсани очиқ баён қилишлари зарур. Ҳадисда: “Савдода кўп қасам ичишдан эҳтиёт бўлинглар. Чунки у бошида кўпайтиради, сўнгра баракасини ўчиради” (Имом Муслим ривояти), дейилган.
Баъзи бир савдогарлар ўз молини ўтказиш учун ёлғон гапирадилар, ҳатто қасам ичадилар. Харидорлар уларнинг қасамларига ишониб, молини сотиб олишади. Ҳалиги савдогар савдом юришди, деб хурсанд бўлади. Аслида эса ёлғон гапиргани, ёлғон қасам ичгани учун молининг баракаси учади. Миқдори кўпайганга ўхшагани билан баракаси бўлмайди, фойдаси камаяди. Ҳатто бошқа томондан бало ва офатлар ҳам етади. Шунинг учун савдогар ростгўй бўлиши керак, қасам ичиб молини ўтказишга уринмаслиги лозим. Бировни алдамасдан ростгўйлик билан қилинган савдода барака бўлади. Эгасига фойдаси юқади ва ҳалол бўлади. Ҳадиси шарифда: “Ростгўй, омонатли тожир набийлар, ростгўйлар ва шаҳидлар билан биргадир” (Имом Термизий ривояти), дейилган.
Инсонлар бир заминда яшар экан, бир-бирлари билан алоқада бўлиши муқаррар. Ҳадиси қудсийда: «Аллоҳ таоло: “Мен икки шерикнинг, модомики, уларнинг бири ўз соҳибига хиёнат қилмаса, учинчисидирман. Бас, қачон унга хиёнат қилса, ораларидан чиқурман”, дейди (Имом Абу Довуд ривояти), дейилади.
Демак, шериклар бир-бирларига хиёнат қилишса, Аллоҳ таоло улардан узоқлашади. Натижада хайр-барака бўлмайди.
 Шундай экан, Аллоҳ ризосини истаган ҳар бир мўмин ҳалоллик билан тожирлик қилиши лозим. Шундагина икки дунё саодатига эришади, иншоаллоҳ! 
 
Ўзбекистон мусулмонлари  идораси фатво бўлими