Ўтганларни,  уларнинг хайрли ишларини,  жасоратини ёдга олмоқ халқимизга хос эзгу фазилатдир. Мамлакатимизда ҳар йили 9 май – «Хотира ва қадр­лаш куни» сифатида кенг нишонланиши Ватан озодлиги ва эл фаровонлиги йўлида жонини фидо қилган юртдошларимиз хотирасига бўлган эҳтиромнинг ёрқин ифодасидир.

Инсон ўтмишидан тегишли хулосалар чиқариши хайрлидир. Аллоҳ таоло: «Айтинг: “Ерда сайр қилинглар, бас, олдингилар оқибати не бўлганини кўринглар!”» деб марҳамат қилган (Рум, 42). 

Бу ояти каримадан маълум бўладики, ўтмишдан ибрат олиш келажакнинг порлоқ бўлишига муҳим омилдир. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Дунёдан ўтганларнинг яхши сифатларини эсланглар, уларнинг ёмон сифатларини айтишдан сақланинглар”, деганлар (Имом Термизий ривояти). 
Шариатимиз кўрсатмаларига кўра, ўтганларни хотирлаш ва уларнинг қабрларини зиёрат қилиш суннат амаллардандир. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сизларга қабрлар зиёратини тақиқлаган эдим. Мана энди қабрларни зиё­рат этаверинг, зеро, у сизларга охиратни эслатади”, дедилар (Имом Термизий ривояти). Қабристонга борганда, у ерда ётган марҳумларнинг аҳволини ўйлаб, ҳар ким ибрат олиши лозим. Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ўлим насиҳат олиш учун етарли ҳодисадир”, дедилар ( Имом Табароний ривояти).
Қабристонни зиёрат қилиш чоғида марҳумлар руҳига бағиш­лаб тиловати Қуръон ҳамда дуойи хайрлар қилинади. Бунинг, албатта, марҳумлар учун фойдаси кўп. Шунингдек, қабрис­тонларни обод қилиш ҳар биримизнинг бурчимиздир. Чунки бу дунё – қайтар дунё. Аждодларимиз руҳларини шодлантириш мақсадида уларни қанчалик кўп хотирласак, эҳтиром қилсак, фарзандларимиз бундан яхши ибрат оладилар.
 
Шаробидин МУСАБОЕВ,
Андижон шаҳар “Абу Ҳурайра” 
жоме масжиди имом-хатиби