Аллоҳ таоло инсониятга чексиз неъматларни ато этган, улар бу неъматлар учун шукр қилишга буюрилган ва бу неъматлар барчаси одамзод зиммасига масъулиятли вазифаларни юклайди.
Албатта, Аллоҳ таоло ер юзидаги инсонларнинг ҳаммасини ҳар хил миқдорда мол-мулк билан ризқлантирган. Одамларнинг турли қабила ва элатларга бўлиниши уларнинг бир-бирлари билан танишишлари учун бўлганидек, мол-дунёларининг турли миқдорда бўлиши бир-бирларига ёрдам беришлари учундир. Чунончи, қандайдир жиҳатдан одамларнинг ҳожати бир кишига тушиб турган бўлса, Аллоҳ таоло унга кўп яхшилик­ларини хоҳлаган бўлади.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Аллоҳга “чиройли қарз” берадиган (Унинг йўлида ўз бойлигидан сарфлайдиган) киши бормики, унга бир неча баробар кўп қилиб қайтарса? Ҳолбуки, Аллоҳ (ризқни) танг ҳам, кенг ҳам қилур ва (сизлар) Унинг ҳузурига, албатта, қайтарилажаксизлар» (Бақара, 245).
Ушбу оятда яхшилик йўлида савоб ҳосил қилиш мақсадида сарф қилинадиган маблағ, мол-мулк Аллоҳ таолога қарз бериш, деб аталмоқда. Ислом динида садақа беришдан кўра, қарз беришнинг савоби кўпроқдир. Зеро, садақа ва эҳсонлар ихтиёрий равишда муҳтож ва номуҳтож кишиларга берилаверади. Аммо қарз фақат муҳтож кишиларгагина берилади.
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) марҳамат қиладилар: “Жаннатга кирдим ва унинг эшигида “Садақа ўн (баробар савоб) билан, қарз ўн саккиз (баробар савоб) билан (мукофотланади)”, деган ёзувни кўрдим. Шунда: “Эй Жаброил, қандай қилиб садақа ўн, қарз ўн саккиз баробар бўлади?” деб сўрадим. У айтдики: “Садақа бойнинг ҳам, фақирнинг ҳам қўлига тушади” (Имом Табароний ривояти).
Қарз олди-берди муомаласи ҳар икки тарафга ҳам ўзининг талаб ва масъулиятларини юклайди. Қуръони каримда бундай дейилади: «Эй имон келтирганлар! Бир-бирингиздан бирор муддатга қарз олиб, қарз берсангиз, уни ёзиб қўйингиз! Ўрталарингизда бир котиб адолат билан ёзсин!..» (Бақара, 282).   
Қарзни фақат унга муҳтож бўлганда олиш, олганда ҳам уни ўз вақтида қайтариш шартдир. Демак, ҳар икки томон ўртасида кейинчалик ихтилоф ва низо чиқмаслиги учун, қарзни гувоҳлар ҳузурида ёзиб қўйиш мақсадга мувофиқ экан.
Аммо бировга ҳасад қилиб, молига кўз олайтириб, мол-дунёсидан айириш мақсадида қарз олиш улкан гуноҳлардан саналади.
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) марҳамат қиладилар: “Ким бировдан қайтариб бериш ниятида қарз олса, Аллоҳ унга қарзини узишга ёрдам беради. Ким молига талафот етказиш мақсадида олса, Аллоҳ унинг ўзига талафот етказади” (Суютийнинг “Жомеъул кабир”идан).
Демак,  қарзини узишга қодир бўлиб, уни адо қилмаса, гуноҳкор бўлар экан. Лекин ҳар қандай сўровчига ва турли эҳтиёж учун ҳам қарз беравериш тўғри келмайди.
Қарз берганда, аввало, бировнинг оғирини енгил қилиш билан Аллоҳ розилигини топишни мақсад қилиш лозим. Зинҳор қарз бериш орқали мўмай даромад топишни кўзлаш мумкин эмас. Қарз бериб унинг эвазига қарздордан фойда олиш судхўрликдир. Судхўрлик эса гуноҳи кабиралар жумласига киради. Қарз берган киши қарзини қистайвермаслиги, иложи борича имконият, яъни вақтини чўзиб бериши лозим. 
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) марҳамат қиладилар:“Ким камбағалнинг қарз узиш муддатини узайтириб қўйса ёки кечиб юборса, соя бўлмайдиган кунда (қиёматда) Аллоҳ таоло унга Арш остидан соя ато этади” (Имом Термизий ривояти).
Агар қарздорнинг қарзни уза олишига умуман кўзи етмаса, қарз берган киши қарзидан кечиб юбориши улуғ савобли иш бўлади. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Агар (қарздор) қийналса, бойи­гунга қадар кутиш лозим. Агар билсангиз, (берган қарзингизни қарздорга) садақа қилиб юборишингиз ўзингиз учун яхшироқдир» (Бақара, 280).   
Шундай экан, қарз берувчи ва олувчилар ўз ҳуқуқ ва масъули­ят­­ларини яхши билишлари билан бир қаторда, бир-бирларига нисбатан мурувватни унутмаслик­­лари керак. Бугунги кунда қарз олиб, уни ўз вақтида қайтаролмай юрганлар ҳам учраб туради. Қарзини узишга етадиган моли бўлатуриб, уни эгасига бермай вақтини ўтказиб юриш зулмдир.
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) марҳамат қиладилар:“Бадавлат кишининг (қарзини, омонатини ва бировларнинг ҳақини беришда) кечиктириши зулмдир. Агар (камбағал киши) пулдор кишидан қарзини кечиб юборишини талаб қилса, қабул этсин” (Муттафақун алайҳ).
Бошқа бир ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам):
“Аллоҳ таоло наздида Аллоҳ наҳий қилган кабира гуноҳлардан кейинги энг оғир гуноҳ кишининг зиммасидаги қарзини узишга нарса қолдирмай вафот этиб, У Зотга рўбарў бўлишидир” (Имом Абу Довуд ривояти).
Демак, киши бировдан олган қарзини узмасдан ёки уни узишга имкон қолдирмасдан вафот этишидан оғир нарса йўқлиги ушбу ҳадисда баён қилинди.
Шунинг учун ҳам жаноза намози олдидан маййитнинг қарзи бор-йўқлиги сўралади. Кимдир унинг қарзига кафил бўлгандан кейин жанозасини ўқиш суннат амаллардан бўлиб қолган.
 
Ўзбекистон  мусулмонлари идораси фатво бўлими