Муқаддас Ислом динининг мўътабар манбаларида ота-она  ўз фарзандларига бир неча услубда тарбия бериши, одоб-ахлоқни сингдириб бориши баён қилинади.
 
Биринчи услуб: Ота-она ўз фарзандига ўрнак ва намуна бўлиши. Фарзанд, аввало, ота-онага тақлид қилади. Халқимиз:“Қуш уясида кўрганини қилади”, деб бежиз айтмаган. 
“Болам ақли кириб, гапни тушунадиган бўлганда тарбиясини бошлайман”, деганлар, янглишадилар. Ҳакимул уммат Ашраф али Таҳонавий (раҳимаҳуллоҳи алайҳ) “Инсон умри давомида хоҳ яхши, хоҳ ёмон хулқни беш ёшгача олиб бўлади”, дейди.
Болаларни жонли видеокамера, дейиш мумкин. Улар тарбия берувчини кузатиб ибрат оладилар. Шу боис психологлар “Фарзандингизни эмас, ўзингизни тарбияланг”, дейишади.
Биз, фарзандларимиз учун Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни ўрнак ва намуна қилиб кўрсатишимиз лозим. У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) энг гўзал тарбиячи эдилар. Ҳаётлари барчага бирдек ибратдир.
Саҳобаларнинг Расулуллоҳ (сол­лаллоҳу алайҳи ва саллам)­га меҳр қўйишлари ва муҳаббатли бўлишларининг сабаби, у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) хулқлари гўзал, комил инсон бўлганларидир. Аллоҳ таоло у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг барчамизга юксак намуна эканликларини Қуръони каримда бундай баён этади: «(Эй имон келтирганлар!) Сизлар учун – Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун Аллоҳнинг пайғамбарида гўзал намуна бордир» (Аҳзоб, 21).
 
Иккинчи услуб: Фарзанд­и­ни болаликдан гўзал одоб-ахлоқларга одатлантириш. Инсон боласи нимага ўргатилса, ўшанга  одатланади.
Масалан, бола мустақил овқатланишни бошлагандан, таомланиш одобини бериш лозим. “Бисмиллаҳ билан бошла”, “Ўнг қўл билан еб-ич”, “Ўз олдингдан ол”, “Луқмани катта олма”, дея шунга одатлантириш керак.
Болага ёшликдан бадани, кийи­ми ва атроф-муҳитни тоза тутишни ўргатиш тарбиянинг алоҳида босқичи саналади. Ёшликдан шунга ўрганган фарзанд ҳамиша озода ва покиза юришга интилади.
Ёлғон ва ҳаёсиз сўзлардан тилни тийишга одатлантириш тарбиянинг яна бир аҳамиятли жиҳатидир. Имом Абулҳасан ал-Мовардий (раҳматуллоҳи алайҳ): “Тарбия икки даврда босқичма-босқич бўлади. Бири болани ёшлигида одатлантириш билан, иккинчиси катта бўлганда панд-насиҳат билан. Биринчи босқич иккинчи босқич муваффақияти учун замин яратади”, дейди.
 
Учинчи услуб: Ота-она ўз фарзандларига доимо панд-насиҳат қилиши, уларни яхшиликка бош­лаб, ёмонликлардан қайтариб бориши ҳам жуда муҳимдир.
Қуръони карим оятларида пайғамбарлардан Нуҳ, Яқуб ва Иброҳим (алайҳиссалом)ларнинг ва Луқмони Ҳакимнинг “Эй ўғлим...” деб бошланадиган насиҳатлари келади. Бундан ота-­оналар ҳам фарзандларга ҳикматли панд-насиҳат қилиб туриши лозим экани тушунилади.
Панд-насиҳат қилишда фарзанднинг ёшини эътиборга олган ҳолда воқеаларни содда ва равон ҳикоя қилиб бериш керак. 
Шунингдек, ота-оналар фарзандларига тарбия бериш мақсадида улар билан ўзаро савол-жавоб тарзида суҳбатлашиб туриши янада фойдалироқ. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) илоҳий таълимотни сингдириш мақсадида саҳобалар билан савол-жавоб қилиб турганлар.
 
Тўртинчи услуб: Ота-она фарзандини тўғри иш қилса, рағбатлантириши, хато қилса, огоҳлантириб, тушунтириши керак.
Абдуллоҳ ибн Умар (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ҳар бирингиз (бамисоли чўпон каби) жавобгардир ва қўл остидагиларга масъулдир. Эр ўз аҳлига жавобгардир ва у қўл остидагиларга масъулдир. Аёл эрининг уйига ва болалари учун жавобгардир ва у қўл остидагиларга масъулдир. Ходим хожасининг мол-мулкига жавобгардир ва у қўл остидагиларга масъулдир”, дедилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти). 
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мазкур ҳадисда тарбия беришда ҳар бир инсон чўпон каби масъул, демоқдалар. Чўпон қўйларни яйловда боқиб, кузатувчи бўлади. Тўдасидан четлашган қўйни қайтаради. Уларни иссиқдан, совуқдан ва ёвдан ҳимоя қилади. Оилада ҳам ота-она фарзандини доим кузатиши лозим. Фарзандларнинг хато ва камчиликларига вақтида танбеҳ бериши, огоҳлантириб бориши тарбиядир. 
Ҳикоя қилинишича, уч-тўрт ёшли гўдак қўшнисиникидан тухум олиб чиқиб онасига беради. У қилмишининг ўғирлик эканини билмайди. Тухум кўзига чиройли кўрингани учун олган. Ҳаром ва ҳалолнинг фарқига бориши лозим бўлган, аммо бунга амал қилмайдиган жоҳил она эса боласини қайтариш ўрнига, тухумни унинг қўлидан олиб: “Менинг ақлли болагинам, онасига меҳрибон ширингинам”, деб алқайди. Натижада бола қўшнисиникидан тухум ўғирлашни одат қилади. Чунки онасининг мақтовларидан бу ишни хайрли деб билади. Бола улғайгани са­йин ўғирлик тухумдан товуққа, товуқдан қўйга ўтади. Ниҳоят, у ашаддий жиноятчига айланади-ю, қўлга тушиб ўлимга ҳукм қилинади. Она эса ёлғиз ўғлига шафқат қилишларини сўраб ёлворади. Онанинг илтижолари эътиборсиз қолдирилиб, ўғри йигит дор остига келтирилади. Унга: “Сўнгги тилагингни айт”, дедилар. Йигит: “Ўлимим олдидан онажонимнинг тилларидан бир ўпай”, деб илтимос қилади. Онани яқин келтирадилар. Йигит онасининг тилини ўпиш ўрнига тишлаб узиб ташлайди. Оломон: “Бу қаттол бунча бемеҳр экан”, деб уни лаънатлайди. Шунда йигит: “Мени жиноят йўлига буриб, дор остига олиб келган шу тилдир. Аввал у жазо олмоғи керак эди”, деган экан.
Ота-она фарзандларига хоҳлаганча телевизор кўриши, компьютер ўйнаши ёки интернетдан фойдаланишига рухсат бериши яхши эмас. 
Ёшлар интернет тармоғидан фойдаланишни суиистеъмол қилиши оқибатида турли кўнгилсизликлар кузатилмоқда. Интернет тармоғига боғланиб турадиган киши бу борада ҳам ўзига яраша одоблар, ахлоқий кўрсатмалар борлигини ёддан чиқармаслиги шарт.
“Интернетдаги таҳдидлардан ҳимоя” номли китобнинг “Огоҳ бўлинг” рукнида: "Болалар тарбиясига оиланинг 50%, оммавий ахборот воситаларининг 30%, мактабнинг 10% ҳамда кўчанинг 10% таъсири бор”, дейилади.
 
Бешинчи услуб: Одоб бериш ниятида жазолаш. Оилада тартиб бўлиши учун баъзан ота-она фарзандини жазолашга мажбур бўлади. Ота-она фарзандини яхши кўргани учун, унинг тарбияли бўлиши учун, ёмонликдан қайтариш ниятида жазолайди. Агар ота-она боласини азоб­лаш ва қийнаш ниятида жазоласа, гуноҳкор бўлади.
Жазога лойиқ топиш учун ҳам бир неча шартлар келтириб ўтилган:
– юқорида айтиб ўтилган тарбия услубларидан тўлиқ фойдаланиш ҳам фойда бермаса, жазолаши мумкин;
– қаттиқ ғазабланган ҳолда болани жазоламаслик керак;
– ота ёки она фарзандини кўпчилик олдида жазоламасин. Бегоналар олдида фарзандни уриш ёки ҳақоратлаш тарбия бериш ўрнига, унинг бузилишига олиб боради. 
– ота ёки она фарзандини ўзи жазоласин. Жазолаш учун бош­қага топширмасин.
Оилада тарбия топган, барча ахлоқий фазилатларга эга бўлган фарзанд ҳар қандай қимматбаҳо дурлардан ҳам қимматли. Ҳақиқий бойлик тарбияли фарзанддир. Қобил фарзанд тарбия­лаган ота-оналар умрларининг охиригача бахтли яшайдилар.
 
Жалолиддин ХОЛМЎМИНОВ, 
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти мударриси