Қуръони каримда бундай дейилади: «Агар Аллоҳнинг неъмат(лар)ини санасангиз, саноғига ета олмайсиз…»  (Наҳл, 18).
 
Ана шу неъматлар ичида энг бебаҳоси – вақтдир.
Ўтаётган ҳар бир сония бизларни эзгуликка, савобли амаллар қилишга ундайди. Чунки Аллоҳ таоло вақтни бандалар учун ўлчов қилиб қўйган. 
Муоз ибн Жабал (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Банда қиёмат куни тўрт нарсадан сўралмагунича, бир қадам ҳам олдинга жилмайди. Биринчиси – умрини нима билан ўтказгани; иккинчиси – ёшлик даврида нима билан машғул бўлгани; учинчиси – мол-дунёни қай йўсинда (қайси касб орқали) топгани ва нималарга сарфлагани; тўртинчиси – илмига қандай амал қилганидан сўралади”, дедилар» (Имом Табароний ва Имом Баззор).
Демак, сўралиши керак бўлган тўрт нарсадан иккитаси вақт хусусидадир.
Ҳасан Басрий (раҳматуллоҳи алайҳ) айтади: «Шундай зотлар бор эдики, сизлар дирҳам-динорларингизга ҳарис бўлганингиздан кўра, улар вақтларини кўпроқ қизғанардилар...».
Хусрав Деҳлавий айтади: 
 
“Ўтиб кетган кунингдан топ-чи бир кун,
Бугун қайтиб келурми кечаги кун?!”
 
Эртага афсус-надомат чекмаслик учун ўтаётган ҳар бир дақиқамизни қадрлаб, у энди қайтарилмаслигини дилдан ҳис қилишимиз лозимдир.
Мўмин банда нафақат ўз вақтини, балки ўзганинг вақтини ҳам қадрлаб, уни зое қилмасликка ҳаракат қилади. Жалолиддин Румий вақтини бекорчи нарсаларга сарфлаётган кишиларга ачиниб шундай деганлар: “Ўлим йўлда туриб, бизни кутмоқда. Инсон эса сайр қилиш ва умрини беҳуда сарфлаш билан оворадир”. 
Ўтган кунимизда фақат яхшиликлар қолса, бугунимизда солиҳ амаллар қилишга ҳарис бўлсак, ана шунда эртага қаерда бўлсак ҳам, саодатда бўламиз, иншоаллоҳ.
 
Миродил МИРЖАЛИЛОВ