Қуръони карим оятлари ва ҳадиси шарифларнинг фақат зоҳирига қараб ҳукм олиш салбий оқибатларга – ислом дини ҳақида нотўғри тасаввурларнинг пайдо бўлишига сабаб бўлмоқда. Жумладан, ҳозирда энг кўп баҳсларга сабаб бўлаётган масалалардан бири «бидъат» тушунчасидир.

Уламолар ҳадисларда келган «бидъат» сўзини ўрганиб, унинг луғавий ва истилоҳий маъноларини қуйидагича талқин қилганлар. Луғатда «бидъат» деб олдин бўлмаган бирор ишни пайдо қилишга айтилади.
Замонамиз уламоларидан Ноблусий бу борада бундай ёзади: «Бугунги кунда дунё жуда катта ўзгаришлар, тезкор тараққиётни бошдан кечирмоқда. Инсон ақлини шошириб қўядиган янги ихтиролар қилинмоқда. Хўш, Расулуллоҳ (алайҳиссалом) “ҳар бир янгилик залолатдир” деганларида, айнан шуларни назарда тутганмилар?! Йўқ, албатта. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) назарда тутган бидъат бу – ақоид, шариат ёки ибодат масалаларида олдин бўлмаган бирор нарсани қўшишдир».
Фақиҳларнинг истилоҳида ҳам бидъат деганда, диндан деб даъво қилинса-да, аслида диндан бўлмаган тўқима йўл назарда тутилади. Имом Шотибий: “Бидъат динда янги ихтиро қилинган йўл бўлиб, у билан шариатга монандлик қасд қилинади”, деган. Баъзилар эса, уни фақат ибодат билан чегаралаган. Бу каби бидъат “ҳар бир бидъат залолатдир” деган ҳадисга мувофиқ доимо қораланади. Бу хусусда Имом Молик бундай деган: «Ким (ўзича) яхши деб ҳисоблаб, Исломда бидъат пайдо этса, демак, у “Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўзлари олиб келган рисолатга хиёнат қилган”, деб даъво қилибди». Чунки Аллоҳ таоло бундай дейди: «...Ана, энди бугун, динингизни камолига етказдим, неъматимни тамомила бердим ва сизлар учун Исломни дин бўлишига рози бўлдим...» (Моида, 3). Демак, мусулмонлар орасида янги пайдо қилинган нарса дин асосларига оид масалаларда бўлса, қораланади.
“Ал-Азҳар” қошидаги “Фатво қўмитаси” бу масалада бундай фикрни билдирган эди: «Бидъат ибодатга тааллуқли масалаларда бўлади. Масалан, мустақил бир ибодат пайдо қилиш ёки мавжуд ибодатга бирор қўшимча киритиш ёки уни бажариш тартибини ўзгартирган ҳолда ибодат жорий қилиш ҳамда уни асли шаръий ибодат деб ҳисоблаш, бу “бидъат” бўлиб, Расулуллоҳ (алайҳиссалом)­нинг: “Ким бизнинг ишимизда унда бўлмаган нарсани пайдо қилса, у рад этилади” деган ҳадисларига мувофиқ инкор қилинади. Лекин ибодат қилиш учун пайдо қилинган янги воситалар эса диндаги “янгиликлар” ҳисобланмайди ҳамда у асло “бидъат” чегарасига кирмайди. Бунга мисол тариқасида азон айтишни масжид эшигидан ҳовлисига, у ердан эса минорага кўчириш, кейинчалик эса овоз кучайтиргичлардан фойдаланиш, рамазонда оғиз ёпиш ва очишни билдириш учун тўпдан отиш, катта масжидларда одамларга эшиттириш учун хутбани баланд зинада туриб ўқиш кабиларни келтириш мумкин. Шунингдек, дастлаб масжидларда алоҳида меҳроб бўлмаган ҳамда масжидлар гумбазли қурилмаган. Масжидларга гумбаз қуриш умавийлар даврида жорий бўлган».
Бугунги кунда сохта салафийлар мазҳабларни диндаги бидъат, деб уларга эргашишдан қайтарадилар. Ваҳоланки, мазҳабларга Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан кейинги солиҳ зотлар даврида забардаст уламолар томонидан асос солинган. Бу нарса енгиллик нуқтаи назаридан ҳам кейинги давр уламолари учун катта ёрдам бўлган. Ҳозирги кунда мусулмонлар ўз саволларига жавоб топа олмасликлари, топганда ҳам у масала юзасидан ҳукм чиқаришга қодир бўлмаганлари сабабли, аҳли сунна вал жамоанинг тўрт мазҳабидан бирига эргашишлари шарт ҳисобланади. Зеро, аҳли сунна вал жамоа мазҳабларига эргашиш айнан салафи солиҳларга эргашишдир. Аксинча, мазҳабга эргашмаслик, уни инкор қилишнинг ўзи жуда ёмон бидъатдир.
Бу борада замонамизнинг кўзга кўрин­ган уламолари айтадилар: “Расулуллоҳ (алайҳиссалом) вафотларидан сўнг, диний, илмий ва бошқа соҳаларда пайдо бўлган нарсаларнинг барчаси ҳам қораланган бидъат ҳисобланмайди. Шаҳарлар кенгайиши ва аҳоли сонининг ортиши натижасида жума намозларига иккинчи азонни айтиш Усмон (розияллоҳу анҳу) томонидан қўшилганини яхши биламиз. Шунингдек, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) вафотларидан сўнг, кўпгина диний ва дунёвий илмларга асос солиниб тизимлаштирилди. Мазкур янгиликларнинг ҳеч қайси бири илоҳий кўрсатмаларга зид бўлмаган. Шундай экан, шариатга зид бўлмаган ҳар қандай янгиликни ҳам қоралаш ёки инкор қилиш тўғри эмас”. Чунки олимлар ўз даврларидаги муаммолардан келиб чиқиб, илмий асосланган хулосаларни берадилар.
Исломда инсон ва жамиятни ёмон ҳолатдан яхшига, яхшидан эса ундан ҳам яхшироғига етак­лайдиган, тараққиётга ундайдиган кўплаб чақириқлар мавжуд. Бунга: “Мўмин киши охири жаннат билан тугамагунча яхшиликка тўймайди” (Имом Термизий ривояти), каби ҳадислар мисол бўла олади. Шунингдек, шариат чегарасидан чиқмаслик шарти билан моддий ва маънавий юксалишга ундовчи ҳадислар ҳам мавжуд. Жумладан, «Аллоҳ наздида кучли мўмин кучсиз мўминдан кўра яхши ва маҳбуброқдир. Барча яхшилик­ларда сенга фойда берадиганига интилгин ҳамда Аллоҳдан ёрдам сўрагин ва ожиз бўлмагин» (Имом Муслим ривояти).
Ҳар бир даврнинг ўз хусусиятлари, фарқли жиҳатлари доимо мавжуд бўлган.  Ўша даврда яшовчи олимлар Қуръон ва суннат ҳамда ўз мазҳабининг асосларига таяниб, хулоса ва фатволарни чиқарадилар. Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу) ўз даврларидаги муаммоларга шароитдан келиб чиқиб ечим бергани бунинг яққол исботидир.
 
Жамолиддин КАРИМОВ,
Тошкент ислом университети ўқитувчиси