Қуръон масаллари улумул Қуръон соҳасида муҳим илмлардан ҳисобланади. Бинобарин, Қуръоннинг ўзида ҳам: «Ушбу мисолларни Биз одамлар (ибрат олишлари) учун айтурмиз. (Лекин) уларни фақат олимларгина англагайлар» (Анкабут, 43) дея, масалларнинг даражаси юқори экани, уни фақат олимларгина тўғри англаб етишлари айтилган.
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан келтирилган ривоятда ҳам Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) марҳамат қиладилар: “Қуръон беш жиҳатда нозил қилинган: ҳалол ва ҳаром, муҳкам ва муташобиҳ ҳамда масаллар. Ҳалолга амал қилинг, ҳаромдан сақланинг, муҳкамга эргашинг, муташобиҳга имон келтиринг, масаллардан ибрат олинг” (Байҳақий ривояти).
Машҳур саҳобий Ибн Аббос (розиял­лоҳу анҳу) эса, Қуръон масалларини билишни Аллоҳ таоло мўмин-мусулмон кишига ато этадиган ҳикмат, деб таърифлайди. Чунончи, Табарий Бақара сураси 269-оятдаги: «Кимга (мазкур) ҳикмат берилган бўлса, демак, унга кўп яхшилик берилибди» жумласидаги “ҳикмат” сўзи шарҳида “Қуръон таржимони” номига сазовор бўлган саҳобий Ибн Аббос (розиял­лоҳу анҳу)нинг ривоятини келтиради: “Яъни, Қуръонни анг­лаш: унинг носихи ва мансухи, муҳками ва муташобиҳи, муқаддами ва муаххари, ҳалоли ва ҳароми ҳамда масалларини билишдир”.
Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, юртимиздан етишиб чиққан улуғ алломалар Қуръон масаллари соҳасида биринчилардан бўлиб махсус асарлар таълиф этганлар. Аллома Ҳаким Термизий (ваф. 932 й.) Қуръондаги масаллар мавзусига бағишлаб махсус “ал-Амсал минал-Китаб вас Сунна” китобини таълиф қилган бўлиб, у барча рўйхатларда Қуръон масаллари йўналишидаги илк асар сифатида қайд этилади.
Қуръондаги зарбулмасаллар адади борасида уламолар ихтилоф қилганлар. Аксар уламолар Қуръондаги зарбулмасаллар қирқдан ошиқ (аниқроғи 43 та) деса, айримлари улар сони элликдан ортиқ (аниқроғи 57 та) деб келтирадилар. Бундай фарқ баъзи оятларни турлича талқин қилишдан келиб чиққан. Масалан, Аъроф сурасининг 57–58 оятларида: «У ўз раҳматининг даракчиси сифатида шамолларни юборувчи зот бўлиб, (шамоллар) оғир булутларни кўтариб олгач, уни ўлик (чанқоқ) шаҳар (усти)га ҳайдаймиз. Бас, унга сув (ёмғир) ёғдириб, у сабабли меваларнинг ҳар тури­дан чиқарурмиз. Ўликларни ҳам (қабрларидан) шу тарзда чиқарурмиз, шояд (улардан) эслатма олсангиз. 
Яхши шаҳар (ери)нинг гиёҳи Рабби­нинг изни билан (униб) чиқаверади. Ёмон (шаҳар ери эса) фақат унумсиз бўлур. Шукр қилувчи қавм учун оятларни шу тарзда такрор-такрор баён этурмиз» дейилади. Бу оятда зарбулмасал бор, дейдиганлар Яхши шаҳар (ери) – мўмин қалби, Ёмон (шаҳар ери эса) – кофир қалбининг мисоли қилиб келтирилган, деб тушунадилар. Бошқа уламолар эса уни зарбулмасалга киритмайдилар.
Масалларнинг илоҳий ҳикматлари. Аллоҳ таоло ўз Китобида масалларни бандаларига ибрат ва намуна бўлиши учун турли шаклларда баён қилди. Ҳатто ҳайвонот, ҳашаротлар, уларнинг ҳаёт тартибини мисол қилиш орқали турли масаллар билан бандаларини тўғри йўлга чақирган. Мисол тариқасида Қуръондаги Наҳл, яъни Асалари сурасида зарбулмасал қилиб келтирилган 68–69 оятларга эътибор қаратамиз:
«Раббингиз асалариларга ваҳий (буйруқ) қилди: “Тоғларга, дарахтларга ва (одамлар) барпо қиладиган нарсаларга ин қурингиз. Сўнгра турли мевалардан еб, Парвардигорингиз (сиз учун) қулай қилиб қўйган йўллардан юрингиз!” Уларнинг қоринларидан одамлар учун шифо бўлган турли рангдаги шарбат (асал) чиқур». 
Аллоҳ таоло бу оятларни «Албатта, бунда фикр юритадиган қавм учун аломат бордир» деб якунлади. Токи бандалар ақл ва тафаккурни ишлатиб, бу сура ва ундаги масал ҳикмати, унинг моҳиятини англашга  интилишлари, шу икки оят қамраган мазмунга эътибор қаратишлари учун. Зеро, асалари­ ҳаёт тарзи жуда нозик ва аниқ тартиб-интизом устига қурилган бўлиб, ақл эгалари учун унда буюк ибрат мужассам бўлганини табиатшунослар аниқлашга муваффақ бўлди. Юқоридаги икки оят билан Аллоҳ таоло бандаларини асалари ҳаёт тарзига эътибор беришга ундайди. Демак, бу бежиз эмас. Аллоҳ таоло зарбулмасал қилиб келтирган асалари ҳаётининг бандалар учун намуна бўладиган муҳим жиҳатлари қуйидагиларда кўринади:
– Имкониятлардан унумли фойдаланиш. Асаларининг олтибурчакли бир хил шакл­даги уяси мавжуд майдондан энг унумли фойдаланиш имконини беради. Бошқа шакл­ларда бундай самарага эришилмайди.
– Озодаликни сақлаш. Асалари ўз уясини озода тутишга энг кўп эътибор қаратадиган махлуқотдир.
– Ўз уясини (ватанини) севиш. Асалари ўз уясини фақат зарур ҳолатлардагина тарк этади ҳамда энг узоқ масофалардан ҳам яна уясига қайтиб келади.
– Ватан ҳимояси ҳиссини тарбиялайди. Асаларилар ташқи душманлардан ўз уйини ҳимоя қилиш ва сақлашга катта эътибор қаратади. Ҳар бир уяга кириш қисмида қўриқчилар туради. Душманга ҳамма биргаликда қарши чиқади.
– Турли гуруҳларга бўлинмасликка, раҳбарга ихлос билан итоат қилишга ўргатади. Чунки асаларилар малика асалари қўл остида бир тану бир жон бўлиб ҳаракат қилади.
– Барвақт туриб иш бошлаш. Асалари энг барвақт меҳнатини бошлайдиган ҳашаротлардандир.
– Меҳнатда бардавом бўлиш. Ишчи асаларининг бекор турганини тасаввурга сиғдира олиш қийин.
– Покликка аҳамият бериш. Асалари хушбўй, покиза жой ва тоза масканларда учиб меҳнат қилади. 
– Яхши ишларга уннаб, энг яхши натижага эришиш, ёмонликка дуч келса ҳам, уни яхшиликка айлантириш. Асалари турли гулларни – аччиғини ҳам, тотлисини ҳам татиб кўриб, фақат ширин ва шифо бўладиган асал чиқаради. Чунки у Раббисининг амрига мувофиқ, фақат хушбўй ва тотлини эмас, балки барчасини бирваракайига татигани учун, унинг асали ширин ва шифолидир. Қуръон қориси ҳам худди шундай, фақат кўнглига шодлик бағишлайдиган оятларни эмас, балки асалари тартиби каби барча оятларни – ваъд (хушхабар) ва ваъиди (ёмон оқибатдан огоҳлантириш)ни ажратмай ўз кетма-кетлигида ўқиса, Юнус сурасида келтирилгандек, «диллардаги нарсага шифо бўлур».
Аллоҳ таоло Ўз қудратини асаларида намоён этиб, уни бандасига мисол қилиб келтирди. Асаларига: ояти каримада «Раббинг йўлини тутгин», яъни манзилингга адашмай бор, деб Ватанга муҳаббатли бўлиш ҳамда Аллоҳ неъматларидан ризқлангач, Унга итоатда бўлишни ҳам таъкидламоқда. 
Асаларига таъкидланган бу кўрсатмалар мусулмон инсонга ҳам тааллуқли (намуна) бўлгани учун мисол қилиб келтирилган. «Уларнинг қоринларидан одамлар учун шифо бўлган турли рангдаги шарбат (асал) чиқур». Яъни одамларга фақатгина фойда берадиган натижа тақдим этади. 
«Бунда тафаккур эгалари учун ибрат бордир», яъни ушбу зарбулмасалдан тўғри хулоса қилиб, намуна қилиб келтирилган асалари ҳаётини тадаббур қилишга чақирилади. Зеро, асаларининг бу тартибдаги ҳаёт тарзини Аллоҳ таолонинг Ўзи белгилаб берган. Шунинг учун ҳам уни мўмин-мусулмон кишига ибрат олиши учун намуна –­ масал қилиб келтирган. 
Ал-Ҳаким ат-Термизий “ал-Амсал минал Китаб вас Сунна” асарида қуйидаги ҳадисни келтиради: «Мужоҳид (раҳматуллоҳи алайҳ) деди: “Ибн Умарга Маккадан Мадинага қадар ҳамроҳлик қилиб, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан фақат шу ҳадиснигина ривоят қилганини эшитдим: “Мўминнинг мисоли асалари кабидир. Агар у билан ҳамнишин бўлсанг, нафи тегади, у билан шерик бўлсанг, нафи тегади, маслаҳат олсанг, нафи тегади, ҳамроҳ бўлсанг, нафи тегади. Унинг ҳар бир нарсасидан манфаат етади. Асалари ҳам шундай, унинг ҳар нарсаси фойдали”» (Ҳаким Термизий ривояти).
 
Иброҳим Усмонов,
Тошкент ислом университети 
“Исломшунослик” кафедраси доценти, 
тарих фанлари номзоди