Камтарлик гўзал инсоний фазилатлардан бири бўлиб, динимиз мўмин-мусулмонларни шу сифатга эга бўлишга тарғиб этади. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай марҳамат қилганлар: «Аллоҳ таоло менга: “Бир-бирингизга нисбатан камтар бўлинг, токи бирон кимса бировга нисбатан мутакаббирлик қилмасин, бирон кимса бошқа кимсага зулм қилмасин”, деб ваҳий қилди» (Имом Муслим ривояти).
 
Камтарлик ва хокисорлик сифатига эга бўлган киши нафақат эл-юрт олдида, балки Аллоҳ даргоҳида ҳам мақтовга лойиқ. Бундай инсонлар ҳамиша ўз ҳурматларини сақлаш билан бирга, ўзгаларнинг қадр-қимматини ҳам ўрнига қўяди. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким Аллоҳ учун камтарлик қилса, Аллоҳ унинг мартабасини баланд қилиб қўяди” (Имом Муслим ривояти), деганлар.  
Камтарликнинг зидди манманлик ва такаббурлик бўлиб, у коинотни йўқдан бор қилган, барча нарсаларни яратишга қодир бўлган Зот, буюклик соҳиби Парвардигоргагина хосдир. Қуръони каримда бундай баён қилинган: «Бас, осмонларнинг Рабби, Ернинг Рабби, (бутун) оламларнинг Рабби бўлмиш Аллоҳга ҳамд! Осмонлар ва Ердаги барча буюклик ёлғиз Уникидир! У Қудратли ва Ҳикматли (Зот)дир» (Жосия, 36–37).
Шунинг учун ҳам оят ва ҳадисларда инсоннинг кибру ҳавога берилиши тақиқланган. Агар банда бирор нарсаси билан мақтаниб, ғурурланиб такаббурлик қилса, у ўз ҳаддини унутиб, ўзига лойиқ бўлмаган, балки Аллоҳ таологагина хос сифатга даъвогарлик қилган бўлади. Ҳолбуки, банда қанча кибрланмасин, ожизлигича қолаверади, кибру ҳавоси уни юқори даражаларга олиб чиқмайди. Аллоҳ таоло бу ҳақда бандаларини огоҳлантириб: «Ер юзида кибр­ланиб юрма! Чунки сен (оёқларинг билан) зинҳор ерни теша олмайсан ва узунликда тоғларга ета олмайсан» (Исро, 37),деб марҳамат қилган.
Ўз ҳаддини билмаган банда ўз бошига Аллоҳ таолонинг ғазабу азоби келишига сабабчи бўлади. Бу ҳақда ҳадиси қудсийда бундай дейилади:
“Қудрат ва катталик Менгагина хос бўлиб, улар гўё ки­йим-бошдек Мен билан доим биргадир. Бас, ким мана шу икки нарсанинг бирортасига эга бўлишга даъвогарлик қилса, шубҳасиз, уни азоблагайман” (Имом Муслим ривояти).
Гуноҳлар асосан банданинг кибри туфайли содир бўлади. Аллоҳ таолога осий бўлиш, Унинг тоат-ибодатидан юз ўгиришнинг асосий сабабчиси ҳам банданинг қалбидаги кибру ҳаводир. Шу боис, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Қалбида зарра мисқолича киб­ри бўлган кимса жаннатга кирмайди” (Имом Муслим ривояти), деб огоҳлантирганлар.
Ана шу такаббурлик туфайли шайтони лаъин Аллоҳ даргоҳидан қувилди ва Унинг раҳматидан маҳрум бўлди:
«Эсланг, (эй Муҳаммад!) Биз фаришталарга: "Одамга сажда қилингиз!" – деб буюришимиз билан улар сажда қилдилар. Фақат Иблис бош тортиб, такаббурлик қилди ва кофирлардан бўлди» (Бақара, 34).
 Такаббурликнинг энг юқори чегараси Аллоҳни тан олмаслик, киши ўзининг ожиз банда эканини унутишидир. Барчага маълум, қадимда яшаб ўтган Фиръавннинг ҳам худолик даъво қилишига ундаги кибр сабаб бўлган эди.
Камтарга – камол, деганларидек, Ислом динимиз мўмин-мусулмонларни камтарликка буюради. Инсоннинг асли тупроқдан яратилишининг ҳикматларидан бири – тупроқда оғирлик, камтарлик, хокисорлик хусусиятлари мужассам. Демак, инсон ўзининг аслига монанд ҳаёт кечирмоғи лозим. Манманлик билан ўзгаларга беписанд муомала қилиш, мол-дунё, обрў-эътиборга алданиб кибрланиш оқибатида киши дўстлари, қариндошлари ва эл-юрти олдида ҳурматини йўқотади. Луқмони Ҳаким ўз ўғилларига насиҳат қилиб: «Одамларга (кибр­ланиб) юзингни буриштирмагин ва ерда керилиб юрмагин! Чунки Аллоҳ барча кибрли, мақтанчоқ кимсаларни суймас» (Луқмон, 18), деганлар.
Дарҳақиқат, Ислом дини таълимотларида инсон ўзининг касб-ҳунари ва ҳалол меҳнати шарофати билан улуғ даражаларга эришиши мумкинлиги уқтирилади. 
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай марҳамат қилганлар: “Ҳеч ким қўл меҳнати билан топган таомидан кўра яхшироқ нарса еган эмас. Албатта, Аллоҳнинг Пайғамбари Довуд (алайҳиссалом) ҳам қўл меҳнати билан кун кўрганлар” (Имом Бухорий ривояти).
Аллоҳ таборака ва таоло барчамизга кибру ҳаводан йироқда бўлиб, камтарлик ва инсоний фазилатлар билан зийнатланиб ҳаёт кечиришни насиб айласин!
 
Муҳаммад Абдуллоҳ БАҲРОМОВ,
Тошкент шаҳридаги “Ҳазрати Имом” жоме масжиди имом ноиби