Ўзининг беҳисоб неъматларидан баҳраманд қилган Аллоҳ таоло биз, бандаларига, ана шу неъматларининг шукрини адо этиб боришни буюради. Раббимизнинг неъматларини катта-кичик демай, шукрини бажо келтиришимиз зиммамиздаги бурчдир. Аллоҳ таоло ҳам ана шунда биздан рози бўлади, иншоаллоҳ. Қуръони каримда бу ҳақда марҳамат қилиниб, жумладан: «...Агар шукр қилсангиз (ва имон келтирсангиз), У сизлар учун рози бўлур...» (Зумар, 7), дейилган. Ушбу оятдан маълум бўладики, Аллоҳ розилигини топишни истаган ҳар бир банда доимо Унга ҳамд айтиб, неъматларига шукрона келтириши, ана шу икки калимани такрорлаб юришга одатланиши зарурдир. Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Жаннатга биринчи бўлиб кирадиган киши фаровонлик ва танглик кунларида ҳам Аллоҳга ҳамд айтиб юрадиган кимсадир” (Табароний ривояти), деганлар.

Мустақилликдан олдин юртимизда улкан масжидларни тўлдириб, ёшу қари эмин-эркин ибодатларини адо этишлари қаёқда эди. Юртимиз йилдан-йилга обод бўлиб, халқимиз фаровонлиги ортиб бормоқда. Демак, кечаю кундуз бу неъматларнинг шукронасини адо этиб бормоғимиз лозим бўлади. Аллоҳга ҳамду сано айтиш, Унинг неъматлари шукрини адо этиш банда учун ҳам ибодат, ҳам Аллоҳнинг унга берган катта мукофотидир. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳадисларининг бирида марҳамат қилиб: «Аллоҳ таоло бандага каттами, кичикми бир неъмат берса ва банда унинг шукронаси учун “Аллоҳга ҳамд бўлсин” деса, шунда у ўша неъматдан ҳам афзалроқ нарсага эришган бўлади», деганлар.
Аллоҳ таолонинг бизга берган улуғ неъматларидан яна бири юртимизнинг тинч ва осойишталигидир. Ҳозирги кунда ер юзининг турли жойларида бўлиб турган офат ва балолар ҳақида эшитиб, кўриб турибмиз. Юртимизни самовий ва арозий балолардан сақлаб тургани учун Аллоҳга беадад ҳамд ва шукроналар айтмоғимиз лозим. Тинчлик ва хотиржамлик улуғ неъмат эканини ҳаммамиз яхши биламиз, аммо унинг қадрига етиш лозимлигини айримлар тушунмайди. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) таъкидлаганларидек: “Икки неъмат борки, кўпчилик одамлар унинг қадрига етмайдилар. У сиҳат-саломатлик ва хотиржамликдир”.
Гувоҳи бўлиб турганимиздек, баъзи жойларда табиий офат сабабидан, яна баъзи жойларда эса қирғинбарот уруш туфайли шаҳарлар вайрон бўлиб, аҳоли сарсон-саргардонликда кун кечирмоқда. Аллоҳ таолога беадад шукрлар бўлсинки, тинчлик ва осойишталик неъмати сояси остида ҳаётимиз осуда давом этмоқда. Бу неъматдан оқилона фойдаланган ҳолда диёримизда бунёдкорлик ишлари жадал суръатларда олиб борилиши натижасида шаҳарларимиз кун сайин чирой очиб бормоқда. Бу хайрли ишларда намозхонларнинг ва масжид ходимларининг ҳам муносиб ҳиссалари бор. Улар Рамазон ва Қурбон ҳайитларидан олдин ҳамда Хотира ва қадрлаш куни арафасида қабристонлар, бошқа зиёратгоҳ атрофларида уюштириладиган ҳашарларда фаол қатнашадилар. Бундан ташқари, кўплаб саховатпеша давлатманд намозхонларимиз икки ҳайит арафасида ўзлари ва масжидлар орқали боқувчисини йўқотган кам таъминланганларга кўплаб моддий ёрдам кўрсатиб, уларнинг хонадонига байрам шукуҳи кириб боришига сабабчи бўлмоқдалар.
Аллоҳга беадад шукрлар бўлсинки, юртимизда халқимизга хос азалий қадриятларни улуғлаб, ўзгалар манфаатини ўз манфаатидан устун қўйиб, эл-юрт учун хайрли ишларни амалга оширадиган ватандошларимиз сони йилдан-йилга ортмоқда. Айниқса, муборак ҳаж сафарига  бориб, улуғ инъом ва савобларга эришаётганлар сафи ҳам тобора кўпаймоқда.
Ҳаж ибодати Ислом арконларининг бешинчиси, яъни энг сўнггиси бўлиши ҳам бежиз эмас, албатта. Зеро, ҳаж амалларини бажаришни истаган киши аввалги арконларни ҳам адо этиб келаётган, ўзининг гўзал хулқу одоби билан атрофдагиларга намуна бўладиган, қолаверса, саноқли ҳаж кунларини охирати учун захира бўладиган амаллар билан ўтказишга ошиқадиган инсон бўлиши лозим. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мабрур ҳажнинг мукофоти жаннатдир” (Муттафақун алайҳ), деганлар.
Ҳаж сафарини ихтиёр этган ҳар бир киши қалбига пок эзгу ниятларни жо этиб, бу дунё роҳат-фароғати, мол-мулк қайғусидан воз кечиб, чин бандалик либосида Аллоҳ таолога ихлос билан ибодат этишга чоғлансин. Ана шундагина ибодати Аллоҳ таоло ҳузурида мақбул бўлади, иншоаллоҳ.
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан ривоят қилиб бундай деганлар: “Кимки Аллоҳ учун ҳаж қилса ва ҳаж давомида уят, фаҳш ва аёлига яқинлик қилишга ўхшаш ишлардан сақланган ёки бирор кимса билан тортишиб, жанжаллашмаган ва сўкишмаган бўлса, у уйига онасидан янги туғилган чақалоқдек бегуноҳ бўлиб қайтади” (Имом Бухорий ва Имом Аҳмад ривояти).
Демак, ҳажнинг қабул бўлиш шартларидан бири одоб-ахлоқ экан. Шуни унутмаслик керакки, ҳаж ибодати кўпроқ саъй-ҳаракат билан адо этиладиган ибодатдир. Бунда ҳожи муаззам Каъбани тавоф қилиш, Сафо ва Марва оралиғида юриш, Жамаротда тош отиш, Арафот, Мино, Муздалифа водийларида бўлиш каби машаққатли вазифани адо этади. Бундай ҳолатда ҳожидан улкан сабр-бардош талаб этилади.
Алҳамдулиллаҳ, бугунги кунда мўмин-мусулмонларга кенг имкониятлар яратиб берилмоқда. Хусусан, ҳар йили республикамиздан минглаб мўмин-мусулмонлар муборак ҳаж ибодатини бажариш бахтига муяссар бўлмоқдалар. Улар ибодатларни эмин-эркин, ҳеч қандай қийинчиликларсиз адо этишлари учун барча шароитлар муҳайё қилинган. 
Дарҳақиқат, Аллоҳнинг зикри билан машғул бўлиб, тоат-ибодатда бардавом бўлмоқ охират ободлигига сабаб бўлса, неъматларнинг шукрини адо этиб, куфрони неъматдан сақланиш бу дунё ободлигига сабабдир. Зеро, Аллоҳ таоло: «Яна Раббингиз эълон қилган (бу сўзлар)ни эслангиз: “Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман...”» (Иброҳим, 7), деб марҳамат қилган.
 
Ўзбекистон  мусулмонлари
 идораси фатво бўлими