Инсон зоти борки бир ўзи, ёлғиз, бошқа кишилар билан алоқа, яъни, олди-берди ва муросаи-мадора қилмай яшай олмайди. Фахри коинот Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) видолашув ҳажида жуда кўп нарсаларни васият қилдилар. Унда бошқа кишиларнинг молини зулм билан ейиш оғир гуноҳ ва ҳаромлигини таъкидлаб: “Огоҳ бўлинглар! Албатта, Аллоҳ таоло сизларга қонларингиз ва молларингизни (бир-бирингизга) ҳаром қилди”, дедилар.

Инсонларнинг қонини тўкиш қанчалик ёмон амал бўлса, уларнинг молларини ноҳақ ейиш ҳам шунчалик манфур ва ёмон амаллардан ҳисобланади. Шунинг учун шариатимиз ҳар бир мусулмонга ўзгаларни ҳақларидан қўрқишликни, уларнинг ҳақларига хиё­нат қилмасликни, хусусан, ожиз ва заифлар, сағир ва боқувчисини йўқотганлар ҳақларига тажовуз қилишдан қўрқишни, хиёнат қилмасликни буюради.
Шу ўринда бир ривоятни келтириб ўтсак, мақсадга мувофиқ бўлади. Абу Жаҳлда бир етимнинг васият қилинган моли бор эди. Бечора етим бола оч ва яланғоч танг ҳолда келиб, Абу Жаҳлдан ўз молини беришини сўрайди. Абу Жаҳл уни қувиб ҳайдайди, ҳеч нарса бермайди. Етим бола молидан умидини узади. Бу воқеадан воқиф бўлган Қурайш аслзодалари у болага: “Сен Муҳаммадга бор. У сенга шафеъ бўлади, яъни ҳаққингни олиб беради”, дейишди. Уларнинг ният ва мақсадлари истеҳзо, яъни Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) устидан кулиш, калака ва масхара қилиш эди. Етим бола буларнинг ёмон ниятларидан буткул бехабар ҳолда Расули Акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) олдиларига бориб, ўз ҳолини арз қилди ва ёрдам сўради. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бола билан бирга Абу Жаҳлнинг олдига бордилар. Абу Жаҳл Сарвари коинотни кўриши билан ўрнидан турди, илтифот кўрсатди ва тезда етимнинг молини қайтариб берди. Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бола билан ўз манзилларига қайтиб кетишгач, Қурайш улуғлари Абу Жаҳлни айб­лаб: “Сенга нима бўлди? Меҳрибончилик қилдингми? Кўнглинг юмшаб қолдими?” – дедилар. У: “Йўқ, – деб жавоб берди, – Аллоҳга қасамки, мен меҳрибончилик қилмадим, кўнглим ҳам юмшамади. Мен Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ўнг ва чап елкаси ортида менга найзасини отишга тайёр турган одамни кўрдим. Айтганини қилмасам, мени ўлдиришидан қўрқдим”, деди. Аллоҳ таоло суюкли Пайғамбарига ана шундай ва унга ўхшаш мўъжизаларни жуда кўп берган.
Ёш гўдаклар ота-оналари вафот қилиб, етим қолиб меҳрга муҳтож ва ташна бўлиб турганда, у сағирларга меҳр улашиш ўрнига, ҳақларига хиёнат қилишдан, уларга зулм қилишдан оғирроқ гуноҳ йўқ.
Сир эмаски, савдо-сотиқларда, олди-бердиларда баъзи бир инсонлар ўртасида бир-бирларининг ҳақига тажовуз қилиш, хиё­нат қилиш ҳолати учрамоқда.Ваҳоланки, савдода ёлғон гапириш ва ўлчовда хиёнат энг ёмон ва жирканч амаллардан ҳисоб­ланади. Аллоҳ таоло: «Осмонни баланд қилиб қўйди ва мезонни (меъёр ва адолатни) жорий қилди, токи меъёрдан тажовуз қилмагайсиз. (Эй инсонлар! Муомалада) вазнда адолат ўрнатингиз ва тарозида зиёнкорлик қилмангиз!», – деб марҳамат қилади (Ар-Раҳмон, 7–9).
Инсон ҳар бир амалини савоб умидида, яъни Аллоҳ ризолигида қилиши зарур.
Аллоҳ таоло жаннатмакон юртимизни тинч, осмонимизни мусаффо қилсин. Барчамиз бош­қаларни ва етимларни ҳақларига хиёнат қилмасдан ҳалол ризқлар билан ризқланиб ҳаёт кечиришимизни ва турли хил қалб касаллик­ларидан саломат бўлишимизни Ўзи насиб этсин ва ҳамиша паноҳида сақласин.
 

Шаробиддин МУСАБОЕВ,
Андижон шаҳар “Абу Ҳурайра”
жоме масжиди имом-хатиби