Дунё ҳикматларга тўла. Бу борада бир оз мушоҳада қилсак, сувдек оқиб ўтаётган ҳар бир лаҳзадан унумли фойдаланиш лозимлигини англаймиз.

Кимдир илм ўрганади, кимдир иморат қуради, яна кимлар боғ яратади. Шу аснода инсон бошидан ҳар хил кунларни ўтказади. Яхши кунлар учун шук­роналар айтиб, мусибат келганида чин эътиқод билан сабрда бўлиш мўмин кишининг гўзал фазилатидир.
Қуръони каримда сабрнинг уч тури ҳақида сўз боради. Яратганнинг фарзларига, ҳаром қилган нарсаларига ва мусибатларига сабр қилиш лозимлиги зикр қилинади. Бу амалларни адо этишда инсон яна сабрга муҳтож бўлади. Аллоҳдан сабр сўраган бандагина имон баркамоллиги ва мустаҳкам эътиқодни топади.
Пайғамбаримиз Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Қаноатни лозим тутинг! Қаноат туганмас молдир”, деб айтганлар.
Аллоҳ таоло юборган ҳар бир синовга сабр қилиш имонимизни мукаммаллаштиради. Мусибат они ўзимизни қўлга олишимиз, ҳар бир дарднинг давоси, муаммонинг ечими вақт билан боғлиқ эканини унутмаслигимиз лозим. Зеро, мусибат келганда сабр қилиш бандани Аллоҳ таолонинг чексиз муҳаббатига сазовор қилади.
Алишер Навоий ҳам сабр-қаноатни гўзал тарзда таърифлайди: “Сабр билан кўп боғлиғ иш очилур, ишда ошуққон кўп то­йилур, кўп тойилғон кўп йиқилур. Ишда ошуқмоқ ёш ўғлон ишидур, сабр била иш қилгувчи тажрибалиғ улуғ ёшлиғ киши ишидур”.
Абдулла Авлоний эса бундай деган: “Сабр шундай бир кучли нарсадурки, шаҳватни иффатга, ғазабни шижоатга, шиддатни ҳилмга, кибрни тавозуъга, ёмонликни яхшиликға айлантирмакға қуввати етар”.
Дарҳақиқат, сабр мисоли қалбларга ҳидоят бағиш­ловчи нур. Бу нур билан инсон барча маъсиятли зулматлардан ҳидоят сари йўл топади, амалларининг тожи бўлган эътиқодида бир зиё пайдо бўлади. Ана ўша зиё барча машаққатларни енгишда тўғри йўл танлашига ёрдам беради.
Хожа Самандар Термизий сабрни бундай таърифлайди: “Ахлоқ китобида келтирилишича, ҳар ким ҳодисалар ёмғири остида ўзини сабр қалқони билан ҳимоя этса, мақсадга етади. Чунки сабр шодлик калитидир. Бу калитсиз ҳеч қандай мақсад эшиги очилмайди”.
Нафс тўқлиги – сабр ҳақиқий бойлигимиздир, уни қалбимизга сингдириб, амалий ҳаётга тат­биқ этишимиз лозим.

Абдулвосе ҒАНИЕВ,
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти
маънавий-маърифий масалалар бўйича мудир муовини