Аллоҳ таоло марҳамат этади: «Биз инсонга ота-онасини (рози қилишни) буюрдик. Онаси уни заифлик устига заифлик билан (қорнида) кўтариб юрди. Уни (кўкракдан) ажратиш (муддати) икки йилда (битар). (Биз инсонга буюрдикки) «Сен Менга ва ота-онангга шукр қилгин! Қайтишлик Менинг ҳузуримгадир» (Луқмон, 14).
Аллоҳ таоло ота-онага шукрни Ўзига шукр билан бирга зикр этмоқда. Демак, Ҳаққа шукр этса-ю, ота-онасига шукр этмаса, унинг шукри қабул бўлмайди. Бу борада Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай огоҳлантирадилар: “Аллоҳ таолонинг ризоси ота-онанинг ризосидадир. Аллоҳ таолонинг ғазаби ота-онанинг ғазабидадир. Ота-она рози – Аллоҳ рози. Ота-онанинг ғазаби – Аллоҳнинг ғазаби” (Имом Бухорий, Имом Термизий ривояти).
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) хутба учун минбар сари борар эканлар:
– Бурни ерга ишқалсин, бурни ерга ишқалсин! – дедилар.
– Кимнинг, ё Расулуллоҳ! – дейишди.
– Ота-онасидан бирови ёки иккови ҳам ёнида кексайгани ҳолда, уларни рози қилмай жаннатга сазовор бўлолмаган кимсанинг, – дедилар (Имом Муслим, Имом Термизий ривояти).
Бир куни Салама авлодидан бири Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига келиб: “Ё Расулуллоҳ! Ота-онам вафот этган. Уларга бирор яхшилик қилишим мумкинми?” – дея сўради. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) марҳамат этдилар: “Ҳа, мумкин. Ота-онанг ҳақларига дуо қилиб Аллоҳдан уларни кечиришини сўрашинг, васиятларини бажаришинг, яъни яқин қариндошларини зиёрат қилиб, уларнинг самимий дўстларига икромда бўлмоғингдир” (Имом Бухорий, Имом Абу Довуд, Ибн Можа ривояти).
Яхши фарзанд ота-онасининг дўстлари билан алоқани узмайди ва уларни ҳурмат қилади.
Яхшиликнинг энг афзали кишининг отаси вафотидан сўнг унинг дўсти билан яхши алоқа қуришидир.
Абу Умома (розияллоҳу анҳу) айтадилар: «Бир одам Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан сўради: “Ё Расулуллоҳ! Ота-онанинг фарзандларидаги ҳақлари нима?” Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) марҳамат этдилар: “Улар сенинг жаннатга ёки дўзахга киришингга сабабчидир. Шунга қараб уларга муомала қил!”» (Имом Ибн Можа ривояти).
Мусулмон фарзанди доимо ота-онасининг ҳақига яхши дуо қилади.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар:
“Инсон вафот этгач амаллари тўхтайди. Фақат унга уч нарсадан савоб етиб туради: садақаи жория (савоби давомли яхши иш), фойдали илм, унинг ҳақига дуо қилувчи солиҳ фарзанд”.
Оқил фарзанд ота-онаси ҳақига дуо қилади. Қуръон ўқиб, савобини уларга бағишлайди. Улар номидан садақа беради ва шунга ўхшаш яхши амаллар қилади.
 

Неъматулло ҚОСИМОВ
тайёрлади.