Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Бир банда Аллоҳ таоло рози бўладиган  сўзни айтиб, натижасини ўйламай юраверади, аммо Аллоҳ таоло  Ўзи билиб, унинг мартабасини улуғ қилади, яна бир банда Аллоҳ таолони норози қиладиган бир сўзни айтиб, оқибатини ўйламай юраверади, бироқ Аллоҳ таоло буни ҳам Ўзи билиб, жаҳаннам қаърига ташлайди”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Барчамизга яхши маълумки, Аллоҳ таолонинг ҳукмлари боқийдир. Унинг шариати енгил ва осон, тавсиялари эса улуғ ва азиздир.
Ислом дини инсонларни бахт-саодатда яшашга, одоб-ахлоқли бўлишга тарғиб қилади. Ростгўй бўлишга, адолат тарозусига риоя этишга, интизомсизлик, лоқайдлик ва жаҳолатга қарши курашга чорлайди.
Мўмин-мусулмон киши ҳар доим илоҳий назоратни ҳис этади, шунинг учун ҳар бир сўзни ақл ва нақл мезонига солиб ўлчаганидан сўнггина айтади. Шунда у Аллоҳ ва инсонларни рози қиладиган сўзларни тилга олади. Оқил инсон дўзах оташидан қўрқади ва Аллоҳ ғазабидан ўзини эҳтиёт қилади. Дўзахга олиб кириши мумкин бўлган барча амаллардан четда юради. Саҳиҳ ҳадисда келганки: “Яримта хурмони эҳсон қилиб бўлса-дa, дўзах оташидан сақланинг! Ким бунга ҳам қодир бўлмаса, чиройли сўз айтсин!” (Муттафақун алайҳ).
Оғиздан чиққан бир ёмон калима сабабидан инсон дўзах оташи сари йўлланиши, Аллоҳ даргоҳидан қувилган шайтону иблислар оламига мансуб бўлиши мумкин. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло розилиги йўлида бир оғиз чиройли сўз айтсак, албатта, бу орқали бир инсон қалбига хурсандчилик нашъу намосини киритган бўламиз. Агар бунинг акси бўлса, яъни оғиздан ёмон сўз чиқса, Худо кўрсатмасин, унинг эгаси Аллоҳ ғазабига дучор бўлиб, ноумидлар сафидан жой олади.
Аллоҳ таоло чиройли ва ёмон сўз ҳақида хабар бериб, бундай дейди:
«(Эй инсон!) Аллоҳ пок сўзга (яъни имон калимасига) қандай мисол келтирганини кўрмадингми?! (У сўз) худди бир яхши дарахтга ўхшайдики, унинг илдизи (ер остига) ўрнашган, шохи эса осмондадир. Парвардигорининг изни билан (у) мудом мева берур. Аллоҳ одамлар эслатма олишлари учун мана шундай мисолларни келтирур. Ёмон сўзнинг (яъни куфр сўзининг) мисоли эса ер юзасидан (илдизи) узилиб қолган, бир жойда қарори йўқ нопок дарахтга ўхшар» (Иброҳим, 24–26).
Аллоҳ таоло ҳақ сўзни айтадиган, қабиҳ ва ёмонликлардан тийиладиган солиҳ бандалар бўлишимизни насиб айласин!