Тил – буюк неъмат. Унинг жисми кичик бўлса-да, масъулияти оғир, вазифаси улкандир. Тоат ҳамда исённинг энг юқори чўққиси бўлган имон ва куфр тилда намоён бўлади. Тил орқали ғийбат, бўҳтон, ёлғон, чақимчилик, тилёғламалик каби гуноҳлар содир этилади.
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Кимнинг тили ва қўлидан мусулмонлар саломат бўлса, у комил мўминдир”, деганлар (Имом Муслим). Бу ҳадисдан инсон камолотга етиши учун тил, қўл ва барча аъзолар билан озор беришдан сақланиши лозимлиги тушунилади.
Манбаларда жим тура олиш нажот топиш омилидир, дейилади. Инсон сукут сақлаш билан дунё ва охират саодатига эришиши мумкин. Бугунги кунда баъзи оилалар арзимаган бир оғиз сўз, ортиқча гап, ўз вақтида тилни тиймаслик туфайли бузилиб кетмоқда. Натижада норасида болалар тирик етим бўлиб қолмоқда. Оилада аёл бирозгина сукут сақлаши, эр эса бир муддат ўзини босиб жим туриши билан ҳал бўладиган муаммо орада ҳар хил гап-сўз кўпайиши билан чигаллашмоқда.
Сукут сақлаш инсон ҳайбатини оширади. Баъзилар кўп эшитиб, кам гапирадиган одамни кўриб: “Ҳайбатли одам экан, ёнларида гапиролмадим” деса, бошқалар жим турадиган болани кўрганида беихтиёр: “Бу бола одобли эканми?” деганларига гувоҳ бўламиз.
Софван ибн Салим (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сизларга бадан учун енгил бўлган осон ибодатни айтайми? У – жим туриш ва чиройли хулқ”, дедилар» (Имом Абу Дунё).
Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Жим туриш ҳикматдир. Жим турувчилар эса жуда камдир”, дедилар» (Имом Байҳақий).
Уламолар айтади: “Тинглаш вақтида жим туриш фазилат, синов келганида жим туриш сабрдир”.
Донишмандлар: “Инсон сўзлашни ўрганишига икки йил кифоя қилса, жим туришни ўрганишига эллик йил керак бўлади”, дейишган.  
Барча суннатлар қатори ўз ўрнида сукут сақлай билишга ҳам одатланмоғимиз лозим.
 

Баҳриддин ПАРПИЕВ