Аллома Абдураҳмон Ғи­морий­­нинг «Мус­та­лаҳотул исломия» номли асарида ризқ ҳақида бундай дейилади: «Аҳли сунна ва жамоа уламолари: “Аллоҳ таоло махлуқотларига берган ва улар манфаат олган дунёвий ва ухровий ҳар бир нарса ризқдир”, деганлар». Шунингдек, Аллоҳ таолонинг уларни яхшиликка муваффақ қилиши, тоатларга йўллаб қўйиши ҳам ризқдир (271-бет).
Қуръонда бундай мар­ҳамат қилинади: «Ер юзидаги жонзот борки, уларнинг ризқи Аллоҳнинг зиммасидадир» (Ҳуд, 6).
«Ер юзидаги жонзот»дан мурод одамзод, ҳайвонот, ҳашарот, қурт-қумурсқа ва бошқа жонзотлардир. Демак, Аллоҳдан бошқа ҳеч ким ризқ бера олмайди. Меҳрибон Аллоҳ инсон ва бошқа жонзотлар ҳали дунёга келмасидан олдин, она қорнидалигида ҳам ризқини беради.
Баъзилар: “Ҳаракат қил­масам ҳам менга битилган ризқ келаверади”, дейди. Бу нотўғри. Чунки ризқ қидириш ибодатдир. Аллоҳ бандаларини уларга битилган ризқни қидириб топишга амр этган: «Бас, қачонки, намоз адо қилингач, ерда тарқалиб, Аллоҳнинг фазли (ризқи)дан қидиринг!» (Жума, 10).
Имом Табароний ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким ҳалол ризқ топиш учун чарчаб ухлаб қолса, гуноҳлари кечирилган ҳолда тонг оттиради”, дедилар». Аммо ризқ учун ҳаракат қилиб, Аллоҳ фарз қилган ибодатларни тарк этмаслик лозим. Инсон қанча ҳаракат қилса ҳам, унга Аллоҳ белгилаб қўйганидан ортиғи насиб этмайди.
Ризқ борасида яна бир нозик масала: “Ризқни мен топяпман. Мен бўлмасам, қорниларинг оч қолади!” дея ризқ келишини ўзига боғлаб, Раззоқ Зотни унутиш энг катта хато ва гуноҳи кабира ҳисобланади. Ҳозирги кунда баъзи кишилар онгида мана шу тушунча ўрнашиб қолган. Мўмин одам бундай эътиқоддан йироқ бўлади. Бу борада Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: “Ким (Аллоҳни қўйиб) бошқа нарсага суянса, (Аллоҳ уни тарк қилиб) ўша нарсага уни боғлаб қўяди” (Имом Термизий ривояти).
Ризқ берувчи Зот Аллоҳ­дир. Бизга Аллоҳ ёзиб қўй­гани­дан ўзга нарса етмай­ди. Аллоҳ барчамизни ризқимиз­ни ҳалол йўл билан қидириб топишга буюрган. Шунинг учун ҳалол касб билан ризқ қидириш ҳар бир мўминга фарздир. Ҳалол, пок касб қилиб ризқ топиш ибодат ҳисоб­ланади. Касал одам шифо мақсадида дори ичиб, “Шифони Аллоҳ эмас, дори берди”, деса унинг имонига путур етганидек, ризқни Аллоҳ эмас, менинг ҳаракатим ва касбим берди, дейиш билан ҳам имонига путур етади ва банда машаққатга учрайди.
Аллоҳ таоло барчамизни тўғри эътиқод­ли, ҳалол касб ила топган ризқига қаноатли, шукрли, фақат Ўзига суянадиган саодатли бандаларидан қилсин!

Асака туманидаги «Аҳмадали махдум»
жоме масжиди имом-хатиби
Сайидуллоҳ ИСМОИЛОВ
тайёрлади.