Кўпинча кўз ёш болаларга тегади. Болаларнинг қилиқлари, хатти-ҳаракатлари ширин бўлгани учун ҳамма уларни эркалатиб, “асалим”, “шириним”, деб бағрига босиб ўпади. Натижада, болага кўз тегиб, бе­зовталанади. Кўнгли айниб, қорни оғрийди. Қайт қилиб, иссиғи чиқади. Инжиқланиб, алаҳсирайдиган, чўчийдиган, сесканадиган, йиғлоқи бўлиб қолади. Шунда, агар билсангиз, Фалақ ва Нос сураларини ўқиб дам солинг. Ёки аҳли илмларга дам солдиринг. Шунда фарзандингиз дарддан фориғ бўлиб, ором олади.
Кўз тегиши ҳақдир. Қалам сурасининг 51-оятида бундай марҳамат қилинади: «Албатта, кофир бўлган кимсалар Зикрни (Қуръонни) эшитган вақтларида, Сизни кўзлари билан (тикилиб) йиқитаёзурлар ва “албатта, у мажнун”, дерлар» дейилган.
Қурайш мушриклари кўз тегдириш йўли билан Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га жисмонан зарар етказиш ва ҳатто, ҳалок этиш ниятида кўзи бор, кўзи билан ҳар қандай одамни қулатадиган кишини қидиришади. Улар қидирган “кўзли” киши Бани Асад қабиласидан чиқади. У бирон семиз туяни кўриб ёмон назар билан қараса, шу онда касал бўлиб йиқилар, эгаси уни сўйиб юборишга мажбур бўларди.
Макка мушриклари шу “кўзли” одамни ёллаб, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўтадиган йўлда пойлаб турганида, Аллоҳ таоло фазли-карами билан Ўз ҳабибини унинг кўзидан омон сақлаб қолди.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Кўз ҳақдир, у туяни қозонга, одамни қабрга киритади”, деганлар (Абу Нуайм, “Ҳиля”).
Кўз тегиши ҳақ экан, ундан қутулиш чораси борми? Ҳа.
Бандаларига энг меҳрибон бўлган буюк Зот Аллоҳ таоло Фалақ ва Нос сураларини мўминларга барча ёмонликлардан, хавф-хатарлардан, кўнгли қора ҳасадчилардан, сеҳргарлардан, кўз тегишидан шифо қилган. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳар кеча уйқуга ётиш олдидан умматларига таълим учун икки кафтларига Ихлос, Фалақ, Нос сураларини ўқиб, дам солиб, баданларига суриб ётардилар (Имом Бухорий ривояти). Набиралари Ҳасан ва Ҳусайн оғриб қолишса ҳам шу икки сурани ўқиб, дам солар эдилар. Имом Муслим Анас (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “кўз текканда, илон, чаён, ари ва шунга ўхшаш нарсалар чаққанда ва биқинларига қизил тошма чиққанда, дам солишга буюрганлар”.
Демак, киши доимо Аллоҳ таолодан бировларнинг ёмон назаридан паноҳ беришини сўраши ва Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўргатган дуоларни ўқиб юриши керак. Шунда Аллоҳ таолонинг иродаси билан бировларнинг зараридан омонда бўлади. Аллоҳ таоло барчаларимизни ёмон кўздан Ўз паноҳида асрасин.
 

Тошкент Ислом институти катта ўқитувчиси
Аҳмаджон БОБОМУРОД
тайёрлади.