Муҳаррам ойини айримлар “Ошур ой” дейишади. Ашуро сўзи луғатда “ўнинчи” деган маънони англатади. Истилоҳда Муҳаррам ойининг ўнинчи куни Ашуро куни дейилган. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ушбу куни рўза тутиб, саҳобаларни ҳам рўза тутишга буюрганлар. Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) Мадинага келганларида яҳудийларнинг Ашуро кунида рўза тутишларини кўрдилар ва: “Бу қандай кун?” деб сўрадилар. Улар: “Бу – Аллоҳ таоло Мусо (алайҳиссалом) билан Бани Исроилни душманларидан қутқарган кун. Шунинг учун Мусо (алайҳиссалом) бу кунда рўза тутган”, деди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мен Мусо (алайҳиссалом)га сизлардан кўра ҳақлироқман”, дедилар ва шу куни рўза тутдилар, бошқаларни ҳам рўза тутишга буюрдилар” (Муттафақун алайҳ).
Шу куни кўплаб муҳим воқеа­лар содир бўлгани ҳам бу куннинг Ашуро деб аталишига сабабдир. Имом Аҳмад (раҳматуллоҳи алайҳ) Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилишича, шу куни Нуҳ (алайҳиссалом) кемаси Жудий тоғи устида тўхтаган ва у зот (алайҳиссалом) шукрона тариқасида ўша куни рўза тутганлар.
Ашуро куни рўзасини бир кун олдин ё бир кун кейинги кунлар билан қўшиб тутиш мустаҳаб бўлади. Бу кунги рўза Исломнинг илк давридан то Рамазон рўзаси фарз бўлгунга қадар мусулмонларга вожиб бўлган. Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Ашуро куни рўзасини тутдилар ва шу куннинг рўзасини тутишга амр қилдилар. Одамлар: “Эй Аллоҳнинг расули, бу кунни яҳудий ва насоролар улуғлайдилар”, дейишди. У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Қачон келаси йил бўлса, иншоаллоҳ, тўққизинчи куннинг рўзасини ҳам тутамиз”, дедилар. Келаси йил бўлмасдан туриб, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) вафот этдилар» (Имом Муслим ва Абу Довуд ривояти).
Ашуро кунида тутилган рўзанинг фазилатлари кўп. Бу ҳақда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ўтган бир йилда қилинган гуноҳларга каффорат бўлади”, деганлар (Имом Муслим ривояти). Шу боис Ашуро куни рўзаси суннат, баъзи уламолар наздида мустаҳаб дейилган.
Яна ушбу кунларда мўмин-мусулмонлар хайру эҳсонни кўпайтирмоқлари лозим. Чунки хайру эҳсон ибодатларнинг энг улуғларидан бўлиб, унинг эвазига бериладиган савоб ҳам беқиёсдир. Албатта, эҳсонни авваламбор оила аъзоларидан, энг яқин қариндош­ларидан бошлаш, ундан кейин имкон бўлса, қўни-қўшни ва бегоналарга бериш керак бўлади.
Ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу)­дан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Кимки Ашуро кунида ўз аҳли оиласининг нафақасини мўл қилса, Аллоҳ таоло йил давомида унинг ризқини мўл қилади”, деганлар.
Имом Суфён Саврий ҳазратлари: “Биз ушбу ҳадисни амалда қўллаб кўрдик ва уни айтилганидек эканига гувоҳ бўлдик”, дейди.

Муҳаммадбобур ЙЎЛДОШЕВ,
Дин ишлари бўйича қўмита бўлим бошлиғи