Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу): “Биз ҳаром иш қилишдан қўрқиб, ўнтадан тўққизта амални тарк этардик”, деганлар.
“Ҳаром” сўзининг луғавий маъноси – тақиқлашдир, яъни фойдаланиши, истеъмол этилиши шаръан ман этилган нарсадир. “Ҳалол” эса ечиш, яъни ҳаромни ечиб, йўлни очиш, соддароқ қилиб айтсак, ҳаромнинг акси, яъни мумкин бўлган, демакдир. Бу жиҳатдан қараганда, ҳалоллик қалб поклигидан дарак берувчи омил, ўзаро ишонч ва хайр-бараканинг асоси ҳисобланади.
– Тирикчилик қилиш мақсадида улгуржи бозордан мато олиб келиб чеварларга сотиб, бир оз фойда кўриб тургандим, – дейди ҳамқишлоқ аёллардан бири. – Бир гал баҳоси қимматроқ, лекин бозоргир мато учраб қолиб, ўн икки метр олдим. Қишлоқдаги таниш чеварга озгина устама билан сотаётганимда, у матони ўлчаб кўриб, ҳисобдан бир метру йигирма сантиметр кам чиқаётганини айтди. Ҳайрон бўлдим. Ахир, кўз олдимда ўлчаб берди-ку! Қандай қилиб шунча кам чиқиши мумкин? Ўшанда ўзи озгина дастмоямни айлантириб қилаётган фойдам ҳавога учдию, ишим тўхтаб қолди. Кейин ўйлаб кўриб, ўша бозордаги сотувчининг қўлидаги ўлчагичи одатдагидан 10 сантиметр кам бўлган, деган хулосага келдим. Ўша матофуруш ҳалиям одамларни алдаяптимикан деб ўйлаб қўяман. Ахир, у шу йўл орқали орттирган фойдаси билан фарзанд боқади-ку! Бу ҳаром луқма уларнинг танини ҳам, онгини ҳам айнитмайдими?
Ҳаром луқма билан фарзандларини боқиб, уларнинг тақдирига ўз қилмишлари билан соя солиб қўяётган, ҳалол-ҳаромнинг фарқига бормай, оёғининг остинигина кўзлаб иш тутаётганларнинг орамизда борлиги ачинарли ҳол, албатта.
Абу Дардо (розияллоҳу анҳу) масжидга эрта келиб кеч қайтарди. Намоздан кейин Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг суҳбатларини диққат билан тингларди. Бироқ хурмо пишиғида Абу Дардо (розияллоҳу анҳу) аввалгидан кечроқ келиб, эртароқ кетадиган бўлди. Бу ҳол Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг диққатларини тортди. Абу Дардо (розияллоҳу анҳу)ни ёнларига чақириб:
– Сенинг масжидга келиб кетишингда ўзгариш кўряпман. Нима бўлди? – деб сўрадилар.
– Шу кунларда қўшнимизнинг хурмо дарахти мевалари пишиб, тўкила бошлади, – деди Абу Дардо узрли оҳангда. – Хурмолар бизнинг ҳовлига ҳам тушяпти. Болаларим қўшнимдан бесўроқ уларни еб қўйишмасин, деган хавотирдаман. Бомдодга келишдан олдин тўкилган хурмоларни тўплаб, қўшнимизникига олиб чиқиб бераман. Шу сабаб масжидга кеч келяпман. Мен масжиддалигимда ҳам дарахтлардан хурмо тўкилади. Уларни йиғиб, қўшнимникига чиқаришга шошиламан.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Абу Дардо (розияллоҳу анҳу)нинг бу сўзларидан мамнун бўлдилар ва унинг ҳақига дуо қилдилар.
 

Ойдин ТЕМИРОВА тайёрлади.