Ислом поклик ва озодалик динидир. Тозалик имондандир. Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: «Поклик имоннинг бир қисмидир». Инсоннинг поклигини сақлаш, уни ҳиссий ва маънавий ифлосликлардан халос этиш шариати исломиянинг асосий мақсадларидан биридир. Бинобарин, Ислом дини инсоннинг ташқи кўриниш поклигини таъминлаш учун таҳорат ва ювинишни (вузу ва ғуслни), ички дунёси поклигини таъминлаш учун эса гуноҳ ва разилликлардан сақланишни фарз қилиб қўйди. Ташқи кўринишнинг – бадан, кийим ва жойнинг поклиги намознинг қабул бўлиш шарти бўлса, ички дунёнинг поклиги эса жаннат неъматларига эришмоқ шартидир. Биз бу ўринда таҳоратгача (вузугача) бўлган амалларнинг Ислом динида кўрсатилган одоб ва тартиблари хусусида тўхталамиз.

Биринчи сабоқ


Абдулазиз ибн Суҳайб ривоят қиладилар: «Анас бундай деган эди: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳожатхонага кирсалар: “Аллоҳумма инни ­аъузу бика мин ал-хубси вал-хабоиси (Аллоҳ, мен Сендан эркак ва урғочи шайтонларнинг ёмонлигидан асрамоғингни сўрайман)”, дер эдилар» (Имом Бухорий).
Халога чап оёқ билан кириб, ўнг оёқ билан чиқиш керак. Халода чап ённи қибла тарафига қилиб, оғиз ва бурунни енг билан беркитиб, аврат ва ифлос жойларга назар қилмай, чап оёқда оғирликни солиб ўтирилади. Халога Аллоҳ таоло ва Унинг расулларининг исмлари, оят, ҳадис ва масалалар битилган китоб ёки қоғоз ва шу каби нарсалар билан кириш ярамайди.
Халода яланғоч ё бошяланг ўтириш, авратни ҳожатдан зиёд яланғочлаш макруҳдир. Балғам ва бурун сувларини ифлосга ташламаслик керак. Халода ёзиб-чизиш одобсизлик ҳисоб­ланади. Ҳожат чиқарилгач, чап қўл ёрдамида кесак, эски латта ё пахта билан, ёки махсус “қоғоз”да тозаланади. Ҳар бир инсон ўзини ана шулардан бири билан тозалаши лозим. Суяк, қиррали тош, янги мато ва пахта, тезак, пишиқ ғишт, сопол, тахта ва ўт-ўлан билан тоза­ланиш мумкин эмас.
Қабристонга, йўлларга, дарахт­лар остига, сувга, ариқлар лабига, ковак ва ёриқларга ҳожат чиқармаслик керак.
Истибро пешоб йўлида қолган қолдиқларидан тозаланишдир. Бунинг учун эркаклар пешоб йўлига кесак тутиб бир неча бор силкиниши, йўталиши ва оёқларини чалкаштиришлари керак. Истибро таҳоратдан олдин бажарилиши лозим бўлган амаллардандир. Чунки пешоб қолдиқлари таҳоратдан сўнг чиқса, таҳоратни синдиради, умуман эса, кийимни булғайди. Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтганларидек, сийдикдан сақланмаслик қабр азобига сабаб бўлади. Пешоб қолмаганига кўнгил тўлгач, сув билан тозаланиш  (истинжо)га ўтилади.
Истинжодан олдин тасмия (бисмиллоҳ) айтилиб, қўллар бўғинлари билан қўшилиб уч бор ювилади.
Истинжода ҳам халода ўтирилган тартибда ўтирилади. Ўнг қўл билан обдастадан ё махсус қувурдан (резина шлангдан) оҳиста жилдиратиб сув қуйиб, оқизиб, чап қўл бармоқлари билан аввал пешоб чиққан жой, сўнг мақъад (ост) ювилади. Жимжилоқдан олдинги бармоқнинг ёстиқчаси мақъадга қўйилиб сув қуйиш билан аста-аста ишқаланади, сўнг лозим бўлса, жимжилоқ ва ўрта бармоқлар ҳам ювишда ёрдамлашади. Мақъад тоза бўлганига кўнгил таскин топгач, тоза латта билан артилади. Истинжо қилаётган киши рўзадор бўлмаса, ўзини бўш тутиб турмоғи керак.
Ахлатнинг устига истинжо дуруст эмас, алоҳида ажратилган жойга мумкин. Агар холи жой бўлмаса, истинжо қилинмайди, зеро, авратни ёпиш истинжодан кўра зарурдир.

Муҳаммад Шариф ЖУМАН