Олдинги сабоқда хало одоби ва истинжо ҳақида тўхталган эдик. Энди таҳорат олиш тартиби ва одоблари ҳакида сўз юритамиз.

Ҳумрон ривоят қиладилар: «Усмон (розияллоҳу анҳу) таҳорат учун сув келтиришни буюрдилар. Кейин идишни энгаштириб, қўлларига сув қуйиб, уч марта ювдилар, ўнг қўлга сув олиб, уч марта оғиз чайқадилар ва (уч марта) бурун чайқадилар, юзларини уч марта ювдилар, икки қўлни тирсаккача қўшиб, уч марта ювдилар, бошга масҳ тортдилар, ҳар бир оёқни уч мартадан ювдилар. Сўнг: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг шу янглиғ таҳорат олганларини кўрдим. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Кимки шундай таҳорат олиб ва кўнглига дунёвий ишларни келтирмай намоз ўқиса, Аллоҳ таоло ўтган гуноҳларини кечириб юборади”, деб айтганлар» (Имом Бухорий ривояти).
Сувлар шариат нуқтаи назаридан уч турлидир: биринчиси, тоҳир ва гаҳур, яъни, тоза ва тоза этувчи; иккинчиси, тоҳир, лекин таҳур эмас; учинчиси, ҳаром.
Биринчи турга дарё, денгиз, кўл, ариқ, осмон ва қудуқнинг табиий ҳолидан ўзгармаган ва бирор нарса қўшилмаган сувлари киради. Бу сув­ларга улар миқдоридан кўп бўлган тоза нарса аралашса ёки оз бўлса-да қўшилиши билан номи ўзгарса (масалан, чой, қаҳва, шўрва), таҳурлик сифати йўқолади.
Иккинчи тур сувга оби мустаъмал, яъни ишлатилган сув киради. Таҳоратга ишлатилтан сув оби мус­таъмал бўлади, у қайта ишлатишга яроқсиз ҳисобланади. 10х10 зироъ ҳажмдан кам миқдордаги идиш ё ҳавзалардаги сувга озгина нажас тушиши билан ҳаром бўлиб қолади. Мазкур миқдордан катта ҳажмдаги идиш, сув ҳавзалардаги сувларга ёки оқар сувларга нажас тушиб, уч сифати – таъми, ҳиди, рангидан бирини ўзгартирса, у сувлар ҳам  ҳаром, ишлатишга яроқсиз бўлади. Таҳорат ва ғусл учун фақат тоҳир ва таҳур бўлган сувларгина яроқлидир.
Таҳорат олиш учун шундай жой танлаш лозимки, қуйилган сув ердан кийим-бошга сачрамасин. Зеро, покланиш учун таҳорат қилатуриб, кийим-бошни булғаб олиш мантиққа зид. Хало ва ис­тинжо қилган жойда таҳорат қилиш ярамайди. Юзни қиблага қилиб таҳорат олиш одобдандир. Таҳорат олишни бошлашдан аввал икки қўл енгларини тирсак­лардан ўтказиб шимариб олиш лозим. Ният қилмоқ ва тасмия (бисмиллоҳ) айтмоқ таҳоратнинг суннатларидандир. Обдастадан таҳорат қилинса, обдаста чап қўл билан ушланади. Биринчи сабоқда айтилган тартибда қўллар ошиғи билан ювилиб, хилол қилингач (бармоқларни орт томонларидан бир-бирига киргизилгач), мазмаза килинади – ўнг қўл ҳовучи би­лан оғизга сув олинади ва ғарғара қилиб, томоққа етказилиб оғиз чайилади. Сув ташлангач, тишларга мисвок ишқаланади. Мисвок ўнг қўл билан ушланади. Уни бош бармоқ ва жимжилоқ остидан, қолган уч бармоқ юқорисидан тутади. Аввало, ўнг юқори тишларига уч бор, сўнг пастки тишларига уч бор мис­вок ишқаланади. Чап томон тишлари­га ҳам шу тартибда мис­вок ишқалангач, тил устига бир марта мисвок теккизилади. Мисвок бўлмаса, ўнг қўл бош ва кўрсаткич бармоқлари би­лан айтилган амал бажарилади. Мисвоқдан сўнг оғиз яна ғарғара қилиб, томоққа етказилиб, икки бор чайилади.
Мазмазадан кейин бурун ча­йилади. Бурун чайишда ҳам ўнг қўл ҳовучига сув олиниб бурунга, димоққа етгунча тортилади. Шу тартибда бурун уч бор чайилгач, юз ювилади. Ўнг қўл ҳовучи билан пешонанинг ўнг тарафига оҳиста сув қуйилиб (бунда кўзларни юммаслик керак) пешонанинг соч унган жойи, ияк ости ва икки қулоқ юмшоқлари оралиғида бирор жой қолдирмай юз уч бор юви­лади. Юз ювишда сийрак соқолли кишилар соқолларининг остиларига сув етказишлари лозим. Юз уч бор ювилгач, қўллар янгидан намланиб, соқол икки қўл билан сийпаланиб масҳ тортилади ва ўнг қўл орқасини томоққа қилиб, тўрт бармоқ билан соқол хилол қилинади. Сўнг ўнг қўл тирсаккача яхшилаб ишқалангач, кафтини сувга тўлдириб тирсак томон оқизилади ва яна ишқаланади. Ўнг ва чап қўллар тирсаклари билан шу равишда уч бора ювилганидан кейин бошга бир бор масҳ тортилади.
Бошга масҳ тортиш учун икки қўл кафт ва бармоқлари янгидан намланади, бош ҳамда кўрсаткич бармоқларидан ўзга бармоқлар бирлаштирилиб, бошнинг олд томонидан орқасига қараб (кафтларнинг жимжилоқ томонидан ярми бошга тегиб) сийпаланади ва кафтнинг бошга тегмаган қисми билан бошнинг орт томонидан олдга қараб бошнинг икки ёни то пешонагача сийпаланади. Бош­га масҳ тортишда ҳеч жойга тег­маган бошмалдоқ ва кўрсаткич бармоқлар билан қулоқлар масҳ қилинади. Бунда кўрсаткич бар­моқлар билан қулоқнинг ҳамма ички томони, бош бармоқлар билан орқаси тўла сийпаланади.
Кейинги амал бўйинга масҳ тортишдир. Бўйинга масҳ тортиш жойи вадажон – икки жон томиридир. Бўйинга масҳ тортиш учун қўлларни янгидан намлаш мустаҳабдир. Бўйинга масҳ тортиш кўзга сурма қўйиш тартибида бажарилади, яъни қўл бармоқларининг орқа томони бўйин жон томирларига теккизиб олинади, холос. Олд ё орт томон тортилмайди.
Таҳорат оёқни ювиш билан мукаммал бўлади. Оёқни ювиш, қўлни ювишдек, бармоқлардан бошланади. Аввал ўнг оёқ бармоқларидан сув қуйиб, тўпиғи билан бир бор ювилгач, чап қўл жимжилоғи билан ўнг оёқ жимжилоғининг ост томонидан бош­лаб бир марта хилол қилинади. Сўнг яна икки бор мазкур тартибда ювилади. Чап оёқ ҳам, ўнг оёқни ювиш тартибида ювила­ди, лекин чап оёқни хилол қилиш (чап қўл жимжилоғи би­лан) бош бармоқдан бошланиб, жимжилоқда тугатилади.
Таҳорат қилишда бажарилиши лозим бўлган бу амаллар узлуксиз, яъни бир жойда, ўртага бош­қа ишлар қўшилмай бажарилиши керак.
Оқар сувлардан таҳорат қилинганда оғиз ва бурун сувларини ариққа ташланмайди. Таҳорат қилиш пайтида беҳуда сўзларни айтмаслик лозим.
 

Муҳаммад Шариф ЖУМАН