Қаноат – инсоний фазилатларнинг энг олийси. Бундай хислатга эга бўлган киши бахиллик, ҳасад каби иллатлардан холи бўлади. Хотиржам ҳаёт кечиради.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ҳақиқий бойлик мол-мулкнинг кўплигида эмас, балки нафснинг тўқлигидадир”,  деганлар
(Муттафақун алайҳ).
Қаноат борасида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳаётлари барчамиз учун катта намунадир.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Эй Пайғамбар! Хотинларингизга айтинг: “Агар сизлар дунё ҳаётини ва унинг зебу зийнатларини истайдиган бўлсангиз, у ҳолда, келингиз, мен сизларни (ўша нарсалар билан) баҳраманд қилай ва яхшилаб кузатай (талоқ қилай)! Борди-ю, Аллоҳни, Унинг пайғамбарини  ва охират диёрини истайдиган бўлсангиз, у ҳолда Аллоҳ сизларнинг орангиздаги чиройли амал қилувчилар учун улкан мукофот (жаннат)ни тайёрлаб қўйгандир”», (Аҳзоб, 28 – 29).
Расулуллоҳнинг азважи мутаҳҳаралари Аллоҳ ризосини, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан бирга яшашни афзал билиб, охиратни ихтиёр этганлар ва борига қаноат қилиб, барча муслима аёлларга ўрнак бўлганлар.
Демак, хотинлар ўз эрларидан, фарзандлар эса ота-оналаридан уларнинг тоқатлари етмайдиган нарсани талаб қилмасликлари, балки шукр ва сабр билан ҳаёт кечиришлари керак.
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай марҳамат қилганлар: “Эҳтиёжидан ортмайдиган ризққа эга бўлиб, Аллоҳ берган ризққа қаноат қилиб яшаган мусулмон киши батаҳқиқ, нажот топибди” (Муслим ривояти).
Ислом шариати мол-дунёни ҳалол йўл билан топишга  ва шукрини доимий равишда адо этишга буюради. Шунинг билан бирга мусулмонларни охиратни деб дунёни тарк қилмасликка, дун­ёни деб охиратни унутмасликка чақиради: “Аллоҳ сенга ато этган нарса билан охиратни истагин ва дунёдан бўлган насибангни ҳам унутмагин. Аллоҳ сенга эҳсон қилгани каби сен ҳам (одамларга) эҳсон қил! Ерда бузғунчилик қилишни истама! Чунки Аллоҳ бузғунчиларни суймас” (Қасас, 77).
Ўтган улуғ зотларнинг солиҳа аёллари ва қаноатли фарзандлари оталари рўзғор ташвиши билан кўчага чиқиб кетаётганларида: “Биз ҳар қандай қийинчиликка, ҳатто очликка ҳам чидаймиз, аммо дўзах азобига бардош бера олмаймиз. Шунинг учун уйга ҳаром ризқ олиб келманг!” дейишар экан.
Азиз умрни юксак маънавият ҳосил қилиш учун сарфлаш ўрнига ортиқча исрофгарчиликларга йўл қўйиш мусулмон киши учун айбли ишлардан саналади. Хусусан, хурсандчилик кунлари саналмиш никоҳ тўйларидаги дабдаба, келин-куёвга ортиқча уй жиҳозлари харид қилиш, бефойда орзу-ҳавасларга интилиш, дуруст амаллардан ҳисобланмайди.