Энди таҳоратни синдирадиган ҳолатлар ҳақида суҳбатлашамиз.

Бадандан қон ва йиринг чиқиб, жойи­дан сал оқса, таҳорат синган бўлади. Чиққан жойида туриб қолса, яъни оқмаса, таҳорат синмайди. Бурундан келган қон сиртга чиқмаса ҳам, ичида кўринишининг ўзи таҳоратни синдиради.
Оғиз тўлиб қусуқ келса, таҳоратни бузади. Агар қусуққа қон аралашган бўлса, унинг озгинаси ҳам таҳоратни синдиради. Оғиздан қусуқсиз келган қон оғизнинг сувини қизартирса, таҳоратни бузади, сарғайтирса, таҳоратни бузмайди.
Чивин ёки бургалар бадандан қанча тўйиб қон сўрса ҳам, таҳорат синмайди. Лекин катта кана тўйиб сўрса, қайта таҳорат олиш керак бўлади. Қулоқдан оғриқсиз келган сариқ сув таҳоратга зарар етказмайди. Аммо оғриқ билан келса, таҳорат бузилади.
Нима таҳоратни синдирса, у нажас (ҳаром) ҳисобланади. Шунинг учун у теккан жойни ювиш лозим бўлади. Таҳоратни  буз­майдиган нарса нажас ҳисобланмайди.
Бош тарафдан келган балғам таҳоратни бузмайди. Ичдан келган балғамни ҳам кўпчилик олимлар зарарсиз дейишган. Лекин Имом Абу Юсуф (раҳматуллоҳи алайҳ),  “Оғиз тўлиб балғам келса, таҳорат кетади”, дейдилар.
Бурунга ва қулоққа қуйилган мой қайтиб чиқса, таҳорат синмайди. Ичилган сув қайтиб чиқса, таҳорат кетади. Ҳушдан кетиш ҳам таҳоратни синдиради.
Уламолар кимки намоздан ташқарида ҳам қаҳ-қаҳа отиб кулса, қайта таҳорат қилиши мустаҳаб,  деганлар. Киши кулгисини ўзи эшитиб, ёнидаги эшитмаса, намози бузилади, аммо таҳорати кетмайди. Табассум намозни ҳам, таҳоратни ҳам бузмайди.
Киши кўзидан оғриқ туфайли келган ёш таҳоратни бузади. Лекин оғримасдан, шунингдек,  шамол ё тутун сабабли келган ёш таҳоратга зарар қилмайди. Суяниб ва ётиб ухлаш ҳам таҳоратни кетказади.

Муҳаммад Шариф ЖУМАН