«Айтинг: “Мен Аллоҳга динни Унга холис қилган ҳолда ибодат қилишга буюрилганман”» (Зумар, 11).
Банда ҳар бир амални чин қалбдан, бандаларнинг мақтови ёки ташаккурини кўзламай, унга ҳақ тама қилмай, холис адо этиши лозим. Шундагина унга бериладиган ажр кўп бўлади. Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳадиси қудсийни шундай ривоят қиладилар:
“Албатта, Аллоҳ таоло яхшилик ва ёмонликларни ёзиб қўйди. Сўнгра ўшани баён қилди. Ким бир яхшиликни қасд этсаю, унга амал қилмаса, Аллоҳ уни Ўз ҳузурида баркамол бир яхшилик қилиб ёзиб қўяди.  Агар уни қасд қилиб, амал ҳам қилса, Аллоҳ уни Ўз ҳузурида ўнтадан етти юз яхшиликкача, ундан ҳам бир неча марта кўп қилиб ёзади. Агар бир ёмонликни қасд этсаю, унга амал қилмаса, Аллоҳ уни Ўз ҳузурида бир яхшилик қилиб ёзади. Агар у (ёмонлик)ни қасд қилиб, амал ҳам қилса, Аллоҳ уни бир ёмонлик қилиб ёзади” (Имом Бухорий, Имом Муслим ва Имом Термизий ривояти).
Уламолар ушбу ҳадис ҳақида шундай деганлар: “Қилинган амалларга бериладиган савоб бандаларнинг ихлосига қараб бўлади. Чунки бир хил ният билан бир амални бажарган кишиларнинг бирига ўн ҳисса, иккинчисига етти юз ҳисса, учинчисига ундан бир неча баробар кўп савоб берилиши, албатта, ихлос туфайлидир”.
Ихлоснинг зидди риё, яъни амални одамлар кўрсин, мақтасин деб қилишдир. Инсон ўз қалбини ана шу риёдан поклаши ихлосдир. “Ихлос” луғатда “тозалаш” ва “тўғрилаш” деган маъноларни англатади. Истилоҳда эса ихлос амални, ибодатни, хуллас, барча хатти-ҳаракатини риё, алдамчилик ва ёлғон кабилардан тозалашдир. Шундагина амалларимиз учун бериладиган савоб, ҳадиси шарифда ваъда қилинганидек, ўнтадан етти юз яхшиликкача, ундан ҳам бир неча марта кўп бўлиши мумкин.

Аҳмад ШАМШИХЎЖАЕВ,
Тошкент вилояти Зангиота тумани
“Ҳазрати Билол” жоме масжиди имом-хатиби