Ҳақ йўлида ким сенга бир ҳарф ўргатмиш ранж ила,
Айламак ҳаққин адо бўлмас анинг юз ганж ила.

Алишер НАВОИЙ
 

Қуръони карим оятлари ва ҳадиси шарифларда илмига амал қилувчи олимлар – устозларни ҳурмат қилиш, эъзозлаш ҳақида жуда кўп кўрсатмалар берилган. «Аллоҳ сизлардан имон келтирганларнинг ва илм берилганларнинг даражаларини кўтарадир. Аллоҳ нима қилаётганларингиздан хабардордир» (Мужодала, 11).
Ушбу оят тафсирида Ибн Аббос (розиял­лоҳу анҳу) бундай деганлар: “Олим­ларнинг даражаси илмсиз мўмин­ларнинг даражасидан 700 даража юқоридир. Ҳар даражанинг ораси 500 йиллик масофага тенг”.
Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) Зайд ибн Собит (розияллоҳу анҳу)дан илм олар эди. У киши устозлари Зайд (розияллоҳу анҳу)­нинг эшиги олдига келиб, чақирар, агар чиқмасалар эшик олдида кутиб турарди. Бир куни устозининг чиқишини кутиб, ухлаб қолди. Шамол кўтарилиб, чанг-тўзон ёйил­ди. Ибн Аббос шунда ҳам уйи­га қайтмасдан, устозининг чиқишини кутиб турди. Кўп кутганидан шамол кўтарган қумлар қулоқларига кириб кетди. Лекин илмга чанқоқ Ибн Аббос жойидан силжимади. Маълум вақт ўтгач, Зайд ибн Собит уйидан бир юмуш учун кўчага чиқмоқчи бўлди. Қарасалар, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг суюкли жиянлари Ибн Аббос сочлари тўзиган, чангга беланган ҳолда эшик олдида турибди. Зайд ибн Собит хижолат бўлиб: “Эй Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг жиянлари, одам жўнатганингизда ўзим уйингизга борар эдим. Сиздек улуғ зотлар ҳузурига биз боришимиз керак”, деди. Шунда Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу): “Йўқ. Илм олиш учун устозлар эшиги олдига келишга буюрилганмиз”, деб жавоб берди.
Динимиз фақат диний илм берган муаллимларни эмас, инсон манфаати учун хизмат қиладиган барча илм ва ҳунарларни ўргатган устозларни ҳурмат қилишга буюрди.
Бир куни Абу Ҳанифа (раҳматуллоҳи алайҳ) эски кийимларни кийган оддий бир одамга ўрнидан туриб, иззат-икром кўрсатди. Шогирдлари боисини сўраш­ганида, у зот: “Мен бу кишидан ҳайвон­ларнинг ёшига тааллуқли илмни ўрганганман. Шунга эҳтиром кўрсатиб ўрнимдан турдим”, дейди.
Ҳазрат Али (розияллоҳу анҳу): “Менга битта ҳарф ўргатган кишининг қулиман. Хоҳласа, мени бозорга чиқариб, қул қилиб сотсин”, деганлар. Демак, устознинг ҳақи шу даражада улуғки, битта ҳарф ўргатгани учун, унинг олдида қолиб, бутун умр хизматини қилсанг арзийди. Алишер Навоий (раҳматуллоҳи алайҳ) ҳазрат Али (розияллоҳу анҳу)нинг ушбу сўзларини шарҳлаб “Маҳбубул қулуб” асарида бундай ёзади: “Устознинг иши одам тугул, ҳатто девнинг ҳам қўлидан келмайди. Бир кучли киши бир ёш болани сақлашга ожизлик қилар эди, у эса бир тўда болага илм ва адаб ўргатади. Лекин шуниси ҳам борки, болалар орасида фаҳми идроки озлари бўлади. Муаллим бу каби ҳолларда юзлаб машаққат чекади. Шу жиҳатдан олганда, болаларда унинг ҳақи кўп, агар шогирд улғайгач, подшоҳлик мартабасига эришса ҳам, муаллимга қуллуқ қилса арзийди”.
Аллоҳ таоло бизларга таълим-тарбия берган ва касб-ҳунар ўргатган барча устоз ва мураббийларимиздан рози бўлсин!

Жобир ЭЛОВ,
Бухоро шаҳридаги «Болои ҳовуз»
жоме масжиди имом-хатиби