Ҳаммамиз яхши биладиган, ҳар куни намозларимизда қайта-қайта такрорлайдиган Фотиҳа сурасининг тўртинчи ояти мазмуни бундай: «Сенгагина ибодат қиламиз ва Сендангина мадад сўраймиз».

Аллоҳ таоло бу ояти каримада мусулмонларни фақат Ўзигагина ибодат қилишга, ширкдан сақланиб, мадад ва ёрдамни Ўзидан сўрашга чақирмоқда. Баъзи инсонлар, афсуски, ёрдам сўрашда айрим хатоларга йўл қўйиб, “Ўтган ота-боболаримиз руҳи қўлласин” ёки “Арвоҳлар мададкор бўлсин” каби ношаръий гаплар билан дуо қилишади.

Бошқалар эса фолбинлардан ёрдам ва мадад сўрашади. “Ишонмаймиз-у, бир бориб қўяверайлик-чи”, деб фолбин ҳузурига қатнайди. Одам ўзи ишонмаган нарсага эргашадими, шубҳали нарсага сарф-харажат қилиб, гуноҳга ботадими? Бидъат, хурофот, афсона ва сафсатага ишониш инсонни битмас-туганмас мусибатларга, улкан ижтимоий талафотларга, ўзаро душманлик ва ишончсизликка етаклайди. Ёмон кўздан асраш учун уйга ёки кийимга тикон, тақа, бўри тирноғини илиб қўйиш каби одатлар, чоршанба, шанба кунлари сафарга чиқмаслик каби ирим-сиримлар ҳали-ҳануз халқимизнинг баъзи қатламини тарк этмаётир.

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Ғайб (яширин иш ва нарсалар) калитлари Унинг ҳузуридадир. Уларни Ундан ўзга билмас...» (Анъом, 59). Аллоҳ таоло ҳатто пайғамбарларга ғайб ишларини билдирмаган, ўргатмаган. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким фолбиннинг гапини рост деса, у шубҳасиз, Муҳаммад (алайҳиссалом)­га тушган нарсага куфр келтирибди”, деганлар.

Ҳазрат Али ибн Абу Толиб (розияллоҳу анҳу): “Фолбин – сеҳргар, сеҳргар эса кофирдир”, деганлар.

Фолбин келажакни билса, бировнинг ўтириб қолган қизининг “бахтини оча” олса, нега ўз қизининг бахтини очмайди? Бир одамни мансабга кўтариш қўлидан келадиган бўлса, нега ўғли ёки қариндошининг мансабини кўтариб қўймайди?

Бир фолчининг олдига икки киши келибди. Бири фолчига қўлини ушлатиб, “тақдирини эшитиб” турганида, иккинчи шериги фолчининг бор-будини ўғирлаб кетибди. “Ғайбдан хабар берадиган” одам нега бу ишни олдиндан била олмади?

Ислом дини – биз учун ёруғ йўл, бахту саодат. Шукр ва ихлосни кучайтириб, тоат-ибодатни кўпайтириб, Ўзидан сўрасак, мушкулларимизни осон қилиб, омад беради.
Ислом ақидасидек очиқ, аниқ, равшан ва тўғри ақидани билмаслик ҳар бир инсон, ҳар бир жамият учун жуда хавфлидир. Мустаҳкам ва равшан ақидага эга бўлмаган инсон турли бидъат, хурофот, ирим-сирим, афсона, сафсаталарга ишонади. Оқибатда битмас-туганмас мусибатларга дучор бўлади. Мусулмон киши ҳар доим Аллоҳдан ёрдам сўраши, Ўзига ихлос ва таваккал қилиши зарур. «Кимки Аллоҳга таваккал қилса, Аллоҳнинг ўзи унга кифоя қилади» (Талоқ, 3).

Ҳамроқул ХОЛБОЕВ,
Бекобод туманидаги “Улуғбек” жоме масжиди имом-хатиби