Инсонни жамият билан узвий боғлайдиган ришталар жуда кўп ва хилма-хил. Булар ичида энг кучлиси насаб қариндошлигидир. Яқин қариндош-уруғлар ўртасидаги алоқа ҳам мана шу муҳим ришталардан бири ҳисобланади. Инсон бутун умри давомида ундан куч-қувват олади. Ҳаёт муаммоларини ечишда унга таянади. Қариндош-уруғларига оқибатли бўлган инсоннинг ҳаёти тинч ва осойишта кечади. Халқимиз азалдан қариндошлик риштасини дўстлик, раҳм-шафқат алоқаларини мустаҳкамлаш ҳамда ўзаро манфаатларни амалга оширишда асосий омил деб билишган. Аллоҳ таолонинг ояти каримаси ҳам шунга ишора қилади: “Эй одамлар! Сизларни бир жон (Одам)дан яратган ва ундан жуфти (Ҳавво)ни яратган ҳамда иккисидан кўп эркак ва аёлларни таратган Раббингиздан қўрқингиз! Шунингдек, ўрталарингиздаги ўзаро муомалада номи келтирилувчи Аллоҳдан ва қариндошлар (алоқасини узиш)дан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ сизларни кузатиб турувчидир” (Нисо, 1).

Жамият саодати, қонуний тартиб ва низом мустаҳкамланишида асосий омил бўлган қариндошлик алоқалари адолат, яхшилик қилиш ва бошқа чиройли амаллар каби аҳамиятлидир. Зеро, Аллоҳ таоло айтади: “Албатта, Аллоҳ адолатга, эзгу ишларга ва қариндошга яхшилик қилишга буюради ҳамда бузуқчилик, ёвуз ишлар ва зулмдан қайтаради. Эслатма олурсиз, деб (У) сизларга (доимо) насиҳат қилур” (Наҳл, 90).

Аллоҳ таборака ва таоло қариндошлик ришталарини аҳамият жиҳатидан Ўзига ибодат қилишдан кейин зикр этган ота-онага яхшилик этиш ҳолатига яқин қилиб айтади: “Аллоҳга ибодат қилингиз ва Унга ҳеч нарсани шерик қилмангиз! Ота-­оналарга эса яхшилик қилингиз! Шунингдек, қариндошлар, етимлар, мискинлар, қариндош қўшнию бегона қўшни, ёнингиздаги ҳамроҳингиз, йўловчи (мусофир)га ва қўл остингиздаги (қарам)ларга ҳам (яхшилик қилинг)! Албатта, Аллоҳ кибрли ва мақтанчоқ кишиларни севмайди” (Нисо, 36).

Ҳақ таоло қариндошлик ришталарига риоя қилишни оқил, донишманд кишиларнинг улуғ сифатларидан деб баҳолади: “Улар Аллоҳга берган аҳдларига вафо қиладиган ва “Ал-Мийсоқ” (ваъда)ни бузмайдиганлардир. Улар Аллоҳ боғланишга буюрган нарсаларни (яъни қариндош­лар билан алоқани) боғлайдилар, Парвардигорларидан қўрқадилар ва (охиратда) ҳисоб-китобнинг нохуш кечишидан чўчийдилар” (Раъд, 20–21).

Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар: “Силаи раҳм қилмаган, яъни қариндошларидан алоқани узган одам жаннатга кирмайди. Силаи раҳм доимий борди-келди эмас, балки узоқлашиб кетган қариндош ҳолидан хабар олишдир”.

Қариндошлик ришталарини турли йўл ва усуллар билан мус­таҳкамлашга ҳаракат қилиш инсон ризқи ва умрига таъсир этиши мумкинлиги ҳақида ҳам Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) башорат бериб, бундай деганлар: “Кимни ризқу рўзи кенг бўлиши ва умри узоқ бўлиши хурсанд этса, бас, у силаи раҳм қилсин, яъни қариндошлик ришталарини мустаҳкамласин” (Муттафақун алайҳ).

Шу билан бирга, қариндошлик ришталарини узиш энг катта гуноҳлардан ва ёмон ишлардан бўлиб, бемеҳрлик, тошбағирлик ва ҳиссиётсизлик деб билинади. Бундай кимсадан бирон-бир яхшилик кутилмайди, ундан раҳм-шафқат умид қилинмайди. Зеро, ўз яқинларига яхшилик қилмаса, бегоналардан бутунлай узоқ бўлади. Унинг қалби туғишганларига нисбатан меҳрсиз бўлса, улардан бошқаларга эса янада қаттиқ ва бемеҳр бўлади. Ислом дини таълимоти бундай ишлардан сақланиш ҳақида қатъий огоҳ этади. Чунки унинг оқибати лаънат ва гумроҳликдир. Аллоҳ таоло айтади: “Агар (имондан) бош тортсангиз, аниқки, сизлар ерда бузғунчилик қиларсизлар ва қариндошларингиз (билан ҳам алоқаларингиз)ни узасиз, албатта. Ундай кимсаларни Аллоҳ лаънатлагандир, бас, уларнинг (қулоқларини) “кар”, кўзларини “кўр” қилиб қўйгандир” (Муҳаммад, 22–23).

Бирон-бир киши: “Мен қариндошларимга силаи раҳм қиламан, улар мендан узилиб кетадилар, уларга қанчалик яхшилик қилсам, менга ёмонликни раво кўрадилар, уларга яхши муомалада бўлсам, буни асло эътиборга олмайдилар”, деган ўйда силаи раҳмни узиб қўймасин. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) баъзи саҳобалар шундай шикоят қилишган вақтда уларни ёмонликка ёмонлик билан жавоб беришдан қайтарганлар; қариндошлик ришталарини асло узмасликка чорлаб, бундай деганлар: “Қариндошларига оқибат қилмайдиган одам қариндош эмас, балки узилиб қолган қариндошлик алоқаларини тикловчи одам қариндошдир”.

Ҳар вақт қариндошларимизга меҳр-мурувват кўрсатиб, ўзаро қавму қариндошлик ришталарини мустаҳкамлаш орқали Парвардигор раҳматига сазовор ва Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак шафоатларига лойиқ бўлиш мақсадидаги саъй-ҳаракатларимизда Аллоҳ таоло мададкор бўлсин! Бир-биримизга қанчалик яхшилик ва раҳм-шафқат қилсак, Аллоҳнинг раҳмати бизларга шунчалик яқин бўлади. Зеро, у Зот марҳамат қилиб айтади: “...Аллоҳнинг раҳмати эзгу иш қилувчиларга яқиндир” (Аъроф, 56).