Таяммумга доир ҳукмлар

Динимизда имондан ке­­йи­н­­ги фарз кундалик беш вақт намозни адо этишдир. Намознинг мақбул бўлиши учун талаб этилган амаллардан бири таҳоратдир. Таҳоратсиз намоз ўқиш мумкин эмас. Аммо инсон табиатан ва жисман ўзгариб туради. Баъзи ҳолларда соғлиги туфайли на илиқ сув ва на совуқ сув ишлатиш мумкин бўлмайди. Шундай ҳолларда намозни адо қилмоқчи бўлган мусулмон таҳорат олиш учун сув тополмаса, нима қилиши керак?

Бундай ҳолларда у таяммум қилиши мумкин.

Мужтаҳидлар таяммум ҳақида ворид бўлган ҳадиси шарифлардан қуйидаги масалаларни истинбот қилиб, ким, қайси ҳолларда таяммум қилиши мумкинлигини баён этишган:

– шаҳардан чиқиб, тўрт чақирим узоқликкача сув йўқ жойда бўлган;

– чўлда бўлиб, ўзида бор сув­ни таҳоратга сарфласа, ўзи ё улови ташна қолишидан хавфсираган;

– сув ишлатса, уни ишлатгани ё ҳаракати туфайли касаллиги кучайишидан ё соғайиши кечикишидан қўрққан;

– йиртқич ё душман бўлгани сабабли сувга етишолмаган;

– таҳорат олса, жаноза (эгасидан бошқа кишилар) ва ийд намозларига улгурмаслигига кўзи етган кишиларга ҳамда сув бор-у, лекин уни сотиб олишга пули йўқ, ё сув икки баравар қиммат нархда сотилган вақтда таяммум қилиш жоиздир.

"Таяммум" сўзи қасд қилиш маъносини билдиради. Истилоҳда эса, икки қўлни ерга уриб юз ва қўлларни тирсаги билан масҳ қилиш тушунилади.

Таяммум қуйидагича қилинади: аввало, таяммум қилиб намоз ўқишни ният этдим, деб дилдан ўтказиш керак. Ниятсиз қилинган таяммум – таяммум ҳисобланмайди.

Чунки ният таям­мумнинг фарзидир.

Қўллардаги тақинчоқларни ечиб, енгларни тирсаклардан ўтказиб шимариб, таяммум қилишга тайёр бўлгандан сўнг икки қўл (панжаси ораси очиқ ҳолда) ерга (ё унинг жинсига) урилади ва қўлга ўтириб қолган ғуборни тушириш учун қўллар бир-икки силкинади ва юзга (таҳоратда ювилиши лозим бўлган қисмига) суртилади. Мазкур тартибда яна бир бор урилади ва ҳар икки қўлнинг бош ва кўрсаткич бармоқларидан ўзга бармоқлар алоҳида бирлаштирилиб, ўнг қўлнинг бирлаштирилган уч бармоғи орт тарафи чап қўлнинг шу ҳолдаги уч бармоғининг ич тарафига қўйилади ва ўнг қўлнинг тирсак ортигача масҳ (сийпаш) қилинади. Бунда чап қўлнинг бош ва кўрсаткич бармоқлари ҳеч жойга тегмайди ва қайтишда шу икки бармоқ билан ўнг қўл билагининг масҳ қилинмаган қисми бармоқлар учигача масҳ қилинади. Сўнгра худди шу тартибда чап қўлнинг уч бармоғининг орти ўнг қўлининг уч бармоғи ичига қўйилади ва чап қўл ҳам тирсаги билан мазкур тартибда масҳ қилинади. Мабодо бармоқлар очилмаса, қўллар ерга учинчи бор урилиб, бармоқлар орасига ҳилол қилинади.

Ер жинсидан бўлган барча пок нарсага (тош, қум, оҳак ва ҳоказо), чанги бўлмаса ҳам, таяммум раводир. Шунингдек, ғубор, чангнинг ўзига ҳам таяммум жоиз, бинобарин, чанг ўтириб қолган кийимга таяммум қилса бўлади. Шуни қайд қилиш керакки, ер нажас бўлгандан сўнг қуриб ҳиди йўқолса, у ерда намоз ўқиса бўлади, аммо у ерга таяммум қилиб бўлмайди. Зеро, таяммум учун мутлақ пок бўлган ер жинси лозим.

Бир таяммум билан ҳам у сингунча истаган намозни ўқиса бўлади. Аммо намоздан бош­қа амаллар ниятида (Қуръони каримни ушлаш, масжидга кириш учун) таяммум қилган киши шу таяммуми билан намоз ўқий олмайди, у киши намоз учун қайта таяммум қилиши лозим бўлади.

Муҳаммад Шариф ЖУМАН