Аллоҳ таоло айтади: “У кеча ва кундузни, Қуёш ва Ойни яратган Зотдир. (Бу иккисининг) ҳар бири фалакда сузиб юрар” (Анбиё, 33).
Яна марҳамат қилиб айтадики: “Қуёш (тинмай) ўз қароргоҳи сари сайр қилур. Бу Азиз (қудратли) ва Алим (билимли Зот)нинг ўлчовидир. Биз Ойни ҳам, токи у эски хурмо бутоғидек бўлиб (эгилиб) қолгунича, манзилларга (ботадиган қилиб) ўлчаб қўйгандирмиз. На Қуёш Ойга етиши мумкин ва на тун кундан ўзувчидир. (Қуёш, Ой ва юлдузларнинг) ҳар бири (бир) фалакда сузиб юрадилар”. (Ёсин, 38–40).

Ислом таълимотида руҳий-маънавий ва ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларида ўрнатилган тартиб-интизом ва қонун-қоидаларга қатъий амал қилиш ва ман этилган ҳар қандай ишдан узоқ бўлиш алоҳида таъкидланган. Зеро, умумий тартиб-интизом ҳаёт сири ва борлиқ асоси бўлиб, Аллоҳ таоло еру осмонларни қатъий тартиб-интизом  асосида яратган. Барча сайёра ва юлдузлар шу низом асосида ҳаракат қилади, кеча-кундуз ўзаро алмашади, ой-кунлар бирин-кетин келади.

Барча самовий динлар инсониятни қадрлайди, одамларга яхшиликни раво кўради, уларни ҳаётдаги турли зарарлардан ҳимоя қилади ва бунинг учун жамиятдаги тартиб-қоидаларга қатъий риоя этилишини тарғиб қилади.

Бу тартиб-интизом Аллоҳ таоло инсонга берган ҳуррият асосида қоим бўлиб, унга катта масъулият ва вазифа юклайди. Инсонни ўз ҳаётида бахтиёр бўлиш ва жамиятга манфаат келтириш йўлида тинмай саъй-ҳаракат қилишга ундайди. Ўзи ва бошқаларга зарар етказмаслик учун қонун-қоидалар асосида зарур тадбир ва чоралар кўришга чақиради.

Ҳозирги вақтда жаҳондаги барча давлатларда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, кўнгилсиз ҳодисаларнинг олдини олиш, автоулов ҳайдовчилари ва пиёдаларнинг хавфсизлиги ва осойишталигини таъминлашга қаратилган қонун-қоидаларни мукаммаллаштириш ва уларга жиддий риоя этиш энг муҳим вазифалардан бирига айланди. Бу ҳақда кўплаб халқаро анжуманлар ўтказилмоқда, маҳаллий шароитларда автоулов ва йўл хавфсизлиги ойликлари мунтазам ўтказилиб, уларда ҳайдовчилар ва пиёдаларга тааллуқли қонун-қоидаларга амал қилиш тартиблари шу соҳа масъ­уллари ҳамда мутахассислари томонидан тушунтирилмоқда. Респуб­ликамизда ҳам аҳоли ўртасида, айниқса, мактаб ўқувчилари ўртасида йўл ҳаракати ойликлари доирасида катта тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Зеро, давлатимиз ҳар бир фуқаронинг тинчлиги ва осойишталиги ҳамда хавфсизлиги масалаларига муҳим вазифалардан бири сифатида қараб, мунтазам равишда бу соҳага катта эътибор бериб келади.

Аллоҳ таоло: “... Ўз қўлларингиз билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз!..” (Бақара, 195). Шунингдек, (Юрганингда) ўртаҳол юргин...” (Луқмон, 19), деб марҳамат қилади.

Юқорида зикр этилган ояти каримадан кўриниб турибдики, автоуловни бошқарганда ҳаддан ошиб тезлашмаслик ва ўринсиз секинламаслик зарур. Ҳар икки ҳолатда ҳам хавфу хатар мавжуд. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) инсонга моддий ва маънавий зарар берадиган тезликдан қайтарганлар. У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) марҳамат қилиб айтадилар: “Эй одамлар, таскин ва хотиржамликни лозим тутинглар. Чунки яхшилик шош­қалоқлик билан амалга ошмайди” (Бухорий ривояти).

Шуни яхши англаш зарурки, мусулмон киши ўзининг тили ва қўли ё хатти-ҳаракати билан бош­қага азият бермайди, ўзгаларга меҳрибонлик қилиш, кичикларга, заифларга ва ёши улуғларга ғамхўрлик кўрсатиш имон белгиларидан ҳисобланади. Зеро, бир банда ўз биродарига ёрдам қўлини чўзса, Аллоҳ унга раҳматини нозил қилади.

Ҳадиси шарифда келганки: “Кичикларимизга раҳм-шафқат қилмаган ва катталаримиз қад­рини билмаганлар бизлардан эмасдир” (Абу Довуд ва Термизий ривояти).

Ҳар соҳада тартиб-интизомга риоя этишга ҳаракат қилсак, албатта, тез фурсат ичида уни ҳаётга татбиқ этиш кўникмасини ҳосил қиламиз. Ҳар бир нарсанинг чегарасини белгилаб олсак, ишларимиз баракали бўлиб, вақт бекор кетмайди. Шунда тиқилинч ва шошилинчга ҳеч бир эҳтиёж қолмайди. Яна шуни унутмайликки, ҳар қандай ҳолатда одоб билан кечирим сўраш кўп хатоларни ислоҳ этади. Икки тараф ўзаро рози бўлиб сулҳга эришса, муаммолар осон ечилади ва кўнгилсиз оқибатлар барҳам топади.

Аллоҳ таоло ўртамизда ҳурмат-эҳтиром ришталарини мус­­таҳкамласин, барчамизга ўза­ро ёрдам кўрсатиш ва тинч­лик-­­омонликда, саломат ҳаёт кечири­шимизда мададкор бўлсин.