Нажас теккан нарсаларни тозалаш

Ислом динининг имондан сўнгги иккинчи рукни бўлган намознинг ўн икки фарзидан учтаси тозалик билан боғлиқ. Яъни намоз ўқувчининг жисми, кийими ва намоз ўқийдиган жойи нажасдан пок бўлиши лозим.

Нажас ғализа (оғир) ва хафифа (енгил) турларга бўлинади. Уй паррандалари ва ҳайвонларининг тезаклари, инсоннинг олди ва ортидан чиққан чиқитлар, қон, йиринг ва хамр (ароқ) ғализадир. Гўшти ейиладиган ҳайвонларнинг сийдиклари ва йиртқич қушларнинг тезаклари хафифадир.

Ғализа нажаси дирҳам ё ундан кам миқдорда кийим-бошга тегса ё намозжойда бўлса, намозни бузмайди. Аммо уни ювиш вожиб бўлади. Бадан ё кийимга теккан дирҳам миқдоридан ортиқ ғализа нажасни, имкони бўла туриб, ювмай намоз ўқиш мумкин эмас.

Ғализа нажас қуюқ бўлса, унинг бир мисқол оғирлиги, суюқ бўлса, кафт кенглигидаги миқдори “дирҳам миқдори” деб эътибор қилинган. Бу ўринда, очиқ ҳолдаги кафтнинг сув турадиган қисми кафт кенглиги ҳисобланади.

Кийимнинг тўртдан бирига ё ундан кам миқдорига хафифа нажас теккан бўлса, намозга зиён қилмайди. Лекин уни ювиш вожибдир.

Кийимнинг тўртдан биридан кўпида хафифа нажас бўлса, уни ювишга қодир бўла туриб, ювмай намоз ўқиш ножоиздир. Бу ўринда енг, пойча, этак каби кийим бўлаклари алоҳида кийим деб қабул қилинган. Демак, бир енгнинг тўртдан биридан кўпига хафифа нажас тегса, у кийим билан намоз ўқиб бўлмайди.

Нарсалар сув ва бошқа тозаловчи суюқликлар билан нажасдан покланади. Теккан нажаснинг кўзга кўринадиган жисми бўлса, уни ювиб кетказиш билан нарса тоза бўлади. Нажас сийдик каби жисми кўзга кўринмайдиган бўлса, у теккан жой уч бор ювиб, уч бор куч етгунча сиқиш билан пок бўлади. Агар нажас теккан нарсани сиқишнинг иложи бўлмаса, уни уч бор ювиб, уч бор томчи қолмагунча қатрон қилиш керак. Яъни ундай нарсалар ювилгач, илиб қўйилади ва ундан томчи томмай қолгач, яна ювиб илинади. Бу иш уч бора бажарилгач, нажас теккан нарса тоза бўлади.

Маҳсига ё оёқ кийимига тезак каби нажас тегиб қуриган бўлса, уни ерга ишқаш билан тоза бўлади. Унга сийдик ё бошқа ҳўл нажас текканда эса юқорида айтилган тартибда уч бор ювиб, уч бор қатрон қилиш билан покланади.

Пичоқ каби сайқалли нарсаларга нажас тегса, ерга ё бошқа нарсага суртиш билан ҳам тоза бўлади. Нажас тушган ерда (заминда) қуриб, нажас асари қолмаган бўлса, намоз ўқиш жоиз. Аммо у ерга таяммум қилиб бўлмайди.

Палос ва гилам каби сиқиб бўлмайдиган нарсаларга нажас тегса, улар бир кеча-кундуз оқар сувда чўмдириб қўйиш билан тоза бўлади.

Муҳаммад Шариф ЖУМАН