Уламолар илм икки хил бўлади, дейдилар: маҳмуд – мақтовга сазовор илм ва мазмум – хор қилувчи илм. Эътиқод, фиқҳ, улумул Қуръон, мусталаҳотул ҳадис илмлари маҳмуд илм ҳисобланади. Шунингдек тиббиёт, ҳисоб-китоб, табиий фанлар, тил ўрганиш, деҳқончилик ва инсон ҳаёти учун зарур барча илмлар ҳам маҳмуд илм сирасига киради.

Сеҳр–жоду ва ҳаром касбларнинг илмини ўрганиш мазмум – хорликка олиб келувчи илм ҳисобланади. Уларнинг барчаси дунё ва охиратда хорликка сабаб бўлади.
Маҳмуд илмлар эса шундай бир неъматки, улар билан банда икки дунё саодатига эришади.

Охиратда фойда берадиган маҳмуд илмни ўрганиш кишида Аллоҳга тақво қилиш кўникмасини ҳосил қилади.

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: “Ким илм талаб қилиш йўлига тушса, Аллоҳ унга жаннат йўлини енгиллаштиради”» (Имом Муслим ва Имом Термизий).

Сахбаро (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: “Ким илм талаб қилса, ўтган гуноҳларига каффорат бўлади”» (Имом Термизий).

Шундай экан, мўмин ҳам дини, ҳам дунёси учун наф берадиган илмларни ўрганмоғи керак. Чунки имонли инсон  Аллоҳ таоло доимо уни кўриб турганини билади, қилаётган ҳар бир ишида ана шу нарсани эсидан чиқармайди. Дарс берадими, беморларни даволайдими, савдо қиладими, нима иш қилмасин, барчасида Холиқнинг розилигини кўзлайди.

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Ушбу мисолларни Биз одамлар (ибрат олишлари) учун айтурмиз. (Лекин) уларни фақат олимларгина англагайлар” (Анкабут, 43).

Таъкид жоизки, маҳмуд илмларни ўрганган инсон фақат фойда топади. Масалан, тиббиёт илмини яхши билган одам Аллоҳ таолонинг ибодати, таҳорату рўза, намоз қанчалик инсонга фойдали эканлигини, она қорнида боланинг ривожланишининг мўъжиза эканлигини англайди. Географиядан хабардор киши Қуръонда зикр этилган тоғлар, булутлар  ва бошқа табиий нарсаларнинг васфини эшитиб, уларнинг нечоғлик улкан неъмат эканини тушунади. Хуллас, ҳар бир маҳмуд илм эгаси Холиқи Зул Жалол неъматларининг қадрига етади.

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

“Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур” (Мужодала, 11).

Бу дунёда ҳам, охиратда ҳам имонли, фойдали илм олиб, унга амал қилган зотларнинг мартабаси улуғ бўлади.

Пўлатхон  КАТТАЕВ,
Тошкент ислом институти ўқитувчиси