Ғуслга доир ҳукмлар

Ғусл чўмилишдир. Ҳайзу нифос, жинсий яқинлик, маний (уруғ) шаҳват билан отилиб чиқиши, эҳтилом (уйқуда булғаниш) каби ҳолатлардан сўнг ғусл қилиш фарз бўлади.

Жума, икки ийд намозлари, Арафот тоғида туриш, ҳаж ва умра учун эҳромга кириш олдидан ғусл қилиш суннатдир.

Ғуслнинг уч фарзи бор: 1) оғизни ҳалқумигача ювиш; 2) бурунни ачитиб чайиш; 3) баданнинг барча қисмини ювиш.

Ғусл тартиби бундай: аввал баданга маний теккан бўлса, ювиб кетказилади. Сўнгра таҳорат қилинади. Ювинадиган жойда сув тўп­ланадиган ёки оёқ лой бўладиган бўлса, таҳоратда оёқлар ювилмайди. Ғусл сўнгида ювилади. Таҳо­рат олгач, бош уч бор ювилади. Бош уч бор ювилгач, ўнг ва чап елкалардан ҳам уч мартадан сув қуйилиб, бутун аъзои бадан юви­лади. Ғуслда бадандаги бирор тук­нинг ҳам остига сув етмай қолмас­лиги керак. Биринчи сув қуйган­да баданни ишқалаш суннатдир.
Жимоъ пайти аёлларнинг сочи ўрилган ҳолда бўлса, ғусл қилаётганда уни тарқатишлари шарт эмас. Сочларининг тагига сув етказилса кифоя. Аммо сочлари ўрилмаган бўлса, эркаклар каби сочларини тўла ювишлари лозим. Аёллар қулоқдаги сирға ва қўлдаги узукларини қимирлатиб, улар ўрнига сув етказишлари зарур.
Агар баданга сув етишига монелик қилувчи бўёқ каби нарсалар сурилган бўлса, ғуслдан олдин уларни кетказиш шарт, акс ҳолда ғусл ўрнига ўтмайди. Шунинг­дек, тишлар орасидаги овқат қолдиқларини ҳам тозалаш керак.

Ғуслда қиблага юзланиб турмоқ суннатга хилофдир. Ғусл асносида гапириш одобсизликдир. Авратни беркитиш нафақат ғуслда, балки барча жойда лозим. Бинобарин, аврат ёпилиб ғусл қилинади. Бу ҳақда Абу Довуд Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)дан бундай ривоят қиладилар: “Аллоҳ таоло ҳаёли ва пардали Зотдир. Ҳаёли ва пардалини севади. Ҳар кимки ювинадиган бўлса, ўзини тўсиб ювинсин”.

Ғусл вожиб бўлган кишилар Қуръон тиловат қилиш­ла­ри, оятларни ёзишлари ва мас­жид­га киришлари мумкин эмас.

Муҳаммад Шариф ЖУМАН