Суннат – динимиз таълимотининг иккинчи асосий манбаи­дир. Биз суннат туфайли Қуръони карим оятларининг асл маъносини кенгроқ тушунамиз ва ундаги аҳкомларни батафсил билиб оламиз.

Қуръони карим бизларга суннати санийяга эргашишни буюради: “Пайғамбар сизларга келтирган нарсани олингиз, у сизларни  қайтарган нарсадан қайтингиз ва Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ жазоси қаттиқ Зотдир” (Мужодала, 7).

Бу оятда Аллоҳ таоло бутун умматни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га эргашишга буюрди ва амалга эътиборсиз кишини қаттиқ жазо билан огоҳлантирди. Ушбу оятдан аён бўладики, ҳадиси шарифни қабул қилмаган киши Қуръони каримни ҳам қабул қилмаган бўлади.

Агар биз ҳадиси шарифни қабул қилмаганимизда эди, намозни тўлиқ адо эта олмасдик. Чунки Қуръони каримда кундалик фарз намозлар сони очиқ келтирилмаган. Намоз ракатларининг ҳисоби ҳам баён қилинмаган. Намознинг шартлари, рукнлари, уни ботил қиладиган амаллар ҳам айтилмаган. Қандай қилиб ҳадиси шарифдан ҳукм олмай намоз ўқий оламиз? Булар фақатгина намозга дахлдор масалалар. Ақида ва бош­қа шаръий ҳукмларни ҳам ҳадис ёрдамисиз билишимиз мушкул.

Имрон ибн Ҳусайн (розияллоҳу анҳу) шафоат масаласига доир ҳадисни айтиб бераётганларида ўша ерда ўтирганлардан бири: “Эй Абу Нажид! Нега сен бизларга Қуръонда айтилмаган нарса ҳақида гапиряпсан?” деди. Шунда Имрон Ибн Ҳусайн (розияллоҳу анҳу)нинг ғазаби келиб: “Сен ўзинг Қуръон ўқиганмисан?” деди. У: “Ҳа”, деди. “Ўқиган бўлсанг, унда намознинг ракатлари ёзилган оятни ўқиганмисан?” деб савол берди. У киши: “Йўқ!” деди. “Ундай бўлса, сен буларни қаердан билдинг, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)­дан ривоят қилган ҳадисларидан эмасми?” деди (Имом Байҳақий ривояти).

Англашиладики, ислом шариа­тини мукаммал билишда суннатнинг беқиёс ўрни бор. Зеро, Ислом динидаги шаръий масалаларининг тўртдан уч қисми ҳадиси шарифларда баён этиб берилган. Шундай экан, динимизни пухта билишни, унинг ўзи учун манфаатли бўлишини истаган ҳар бир мўмин Қуръони каримни ҳамда суннати набавийни маҳкам тутмоғи лозим. Чунки Расулуллоҳ (алайҳиссалом)нинг суннатларидан юз ўгириш, унга хилоф амал қилиш дунёда фитна-фасодни келтириб чиқаришга, охиратда аламли азобга дучор бўлишга олиб келади.

Яратган барчамизга Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)нинг суннатларини адо қилиб боришни насиб айласин.

Интернет хабарлари асосида
тайёрланди.