Ҳайз ва унга оид ҳукмлар

Луғатда бадандан чиққан ҳар қандай қон “ҳайз” дейилади. Шаръий истилоҳда эса “ҳайз” деганда аёл бачадонидан маълум рангларда муайян вақтларда чиқувчи қон тушунилади.

Ҳайз қора, қизил, сариқ, яшил, лойқа ва тупроқ рангларида бўлади. Унинг энг оз давом этиш муддати уч кеча-кундуздир. Энг кўп чўзилиши ўн кеча-кундуздир, ундан ошмайди.

Қуйидагилар шаръан ҳайз ҳисобланмайди:

– уч кеча-кундуздан кам вақтда келган қон;

– ўн кеча-кундуздан сўнг келган қон;

– ҳомиладор аёл кўрган қон;

– бола кўришдан қолган катта ёшдаги аёл кўрган қон;

– балоғатга етмаган (9 ёшгача) қиз кўрган қон.

Ҳайз кўрган аёл:

– рўза тутмайди (тоза бўлгач, қазо қилиб тутади);

– намоз ўқимайди (тоза бўлганидан сўнг ҳам қазосини ўқимайди);

– эри билан қўшилмайди;

– мусҳаф ва оят ёзилган лавҳларни ушламайди;

– ёддан ҳам Қуръон ўқимайди;

– Каъбани тавоф қилмайди;

– масжидга кирмайди;

– ҳайз муддати ўтса, ғусл қилиши вожиб бўлади;

– агар эри талоқ қилган бўлса, уч ҳайздан сўнг иддаси тугайди.

Икки ҳайз оралиғидаги тозаликнинг энг кам миқдори ўн беш кеча-кундуздир. Тозаликнинг давомийлигининг чегараси йўқ. Баъзи аёллар йиллар давомида ҳайз кўрмай юришлари мумкин. Узоқ вақт ҳайз кўрмай юрадиган аёлнинг иддадан чиқиш масаласи қандай ҳал қилинади?

Бу борада уламолар турлича фикр билдиришган. Муҳаммад ибн Иброҳим Майдоний ундай аёлнинг тозалик муддатини энг кўпи билан бир соати кам олти ой деб белгилаганлар. Демак, бундай аёлнинг иддаси уч соати кам ўн тўққиз ой-у ўн кундан сўнг чиқади, дейдилар. Яъни талоқ қилинган кунини у аёлнинг ҳайзи бошланган кун дейилиб, ҳайз ўн кун давом қилган ҳисобланади ва шундан бир соати кам олти ой вақт ўтгач, кейинги ҳайз муддати бошланади, деб эътибор қилинади. Шу талоқдан кейинги биринчи ҳайз ҳисобланади. Чунки у аёл учун ҳайз кўрмай юриш муддати бир соати кам олти ойдир. Шу тартибда яна икки ҳайз кўрган ҳисобланади. Демак, уч ҳайз муддати жамланса, бир ой бўлиб, улар орасидаги тозалик даври уч соати кам ўн саккиз ой бўлади. Бир ой билан ҳаммаси уч соати кам ўн тўққиз ой ва ўн кундир.

Абу Саҳл Ғаззолий эса мазкур аёл тозалик муддатининг кўпи икки ой, деб кўрсатганлар («Мабсут», Сарахсий).

Муҳаммад Шариф ЖУМАН