Нифос ва истиҳоза

Умму Салама (розияллоҳу анҳу) айтадилар: «Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) аёлларга нифос муддати “қирқ кун” деб белгилаб бердилар. Агар қон қирқ кундан ўтиб кетса ва аёл илгари ҳам кўзи ёриган бўлса-ю, нифос кўришда маълум одати бўлса, ўша одатий кунларида келган қон нифос бўлади, қолганлари эса истиҳоза бўлади» (Бурҳониддин Марғиноний, “Ҳидоя”).

Чақалоқ туғилганидан сўнг онасидан келадиган қон нифос дейилади. Нифоснинг ҳукми ҳам ҳайзнинг ҳукми кабидир. Ҳайз кўрган аёлга қандай амалларни қилиш мумкин бўлмаса, нифосдаги аёлга ҳам шундай.

Нифоснинг энг кўп келиш муддати қирқ кеча-кундуздир. Унинг энг оз муддати белгиланмаган. Бир кундан сўнг ҳам тўхтаб қолиши ва аёл нифосдан тоза бўлиши мумкин.

Аъзолари шаклланиб қолган ҳомила ойига етмай тушиб қолса ҳам, ундан сўнг келган қон нифос бўлади. Аъзолари шаклланмасдан олдин тушган ҳомиладан сўнг келган қон нифос бўлмайди. У ҳайз ё истиҳоза ҳисобланади. Яъни бу ҳолдаги қон билан олдинги ҳайз қони ўртасидаги тозалик муддати ўн беш кун ё ундан кўп бўлса, у ҳайз қони бўлади. Оралиқдаги тозалик муддати ўн беш кундан кам бўлган ҳолда эса истиҳоза ҳисобланади.

Аъзолари билинган ҳомиласи тушиб қолган аёлнинг тушикдан олдин кўрган қони истиҳозадир. Уни ҳайз ҳисоблаб намозларини ўқимаган бўлса, қолдирган намозларининг қазосини ўқиши зарур.

Қуйидагилар истиҳоза ҳисоб­ланади:

– уч кеча-кундуздан кам келган қон;

– ҳайзнинг энг кўп муддатидан, яъни ўн кеча-кундуздан ошган қон;

– ҳомиладор кўрган қон;

– нифоснинг энг кўп муддатидан – қирқ кеча-кундуздан ошгани;

– бола кўришдан қолган катта ёшли аёлдан келган қон;

– ҳайз ва нифосда муайян одати бўлган аёлнинг одатидан ошиқ муддатда келган қон.

Истиҳоза қони кўрган аёл намоз ўқишни ва рўза тутишни тўхтатмайди, эри билан яқинлик қилиши ҳам мумкин. Зеро, истиҳоза қони бачадондан чиқмайди. Истиҳоза қони кўрган аёл узрли кишилар қаторига қўшилади.

 

Муҳаммад Шариф ЖУМАН