Аллоҳ таолони ёд этиш, доим Уни зикр қилиш ажри улуғ, савоби мўл бўлган амаллардан саналади. Бу ҳақда Қуръони каримда «Албатта, Аллоҳнинг зикри (барча нарсадан) улуғдир» (Анкабут,45) дейилади. Пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ҳар бир нарсанинг сайқали бор, қалбнинг сайқали Аллоҳни зикр қилишдир”, деганлар.

Ҳар бир эзгу амалнинг аввалида Аллоҳни ёд этиш бажарилаётган ишнинг хайрли оқибатига сабаб бўлади.

Банда Аллоҳни зикр қилса, Аллоҳ таоло унинг гуноҳларини мағфират қилади. Фақиҳ Абу Лайс Самарқандий: “Зикр Аллоҳ таолодан афв ва мағфират демакдир”, деб айтган.

Зикр сабабли банда турли офатлардан омонда бўлади. Анас (розияллоҳу анҳу) ривоят қилган ҳадисда  Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уйдан чиқишда Аллоҳни зикр қилган киши ҳақида:  “Бисмиллаҳи таваккалту ъалаллоҳ лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳ деган кишига ҳимояландинг, ҳидоят топдинг, дейилади ва ундан шайтон узоқлашади”, деганлар (Имом Термизий ривояти).

Абу Аббос Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Бир куни Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сенга бир неча калималарни ўргатайми?” дедилар. Мен: “Ҳа, ўргатинг, Ё Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)”, дедим.  “Аллоҳнинг ҳақларини сақла – У Зот сени сақлайди. Аллоҳнинг ҳақларини сақла – Уни қаршингда топасан. Агар сўрасанг, Аллоҳдан сўра. Агар кўмак тиласанг, Аллоҳдан тила. Билгинки, бутун уммат сенга бир манфаат етказмоқ учун жамлансалар ҳам, фақат Аллоҳ таоло сен учун ёзиб қўйган манфаатни етказа оладилар. Агар улар сенга бир зарар бермоқ қасдида тўп­лансалар ҳам, фақат Аллоҳ сенга ёзиб қўйган зарарнигина бера оладилар. Қаламлар кўтарилган, саҳифалар қуриб бўлган. Билки, ёмон кўрган нарсангга қилган саб­рингда кўп яхшиликлар бор. Албатта, ёрдам сабр қилиш, қувонч қайғу, енгиллик машаққат билан биргадир” (Имом Термизий ривояти).

Аллоҳни зикр қилиш, аввало, мўмин банда учун улуғ мартабадир. Чунки зикр бандани Раб­бисига яқинлаштириб, Раббиси ҳузурида зикр этилишига сабаб бўлади. Мусо (алайҳиссалом) Тур тоғида Аллоҳ таоло билан роз айтишганда: “Аллоҳ, сен банданг­ни қайси пайт эслайсан?”, деганида, Аллоҳ таоло: “Бандам мени эслаганда мен ҳам уни эслайман”, деб хитоб қилган. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: «Бас, Мени ёд этингиз, (мен ҳам) сизларни ёд этарман...» (Бақара, 152).

Шунингдек, Аллоҳни эслаб, доим унинг зикрида бўлган банда гуноҳ ишлардан, айниқса, ғийбат, ёлғон ва беҳудаликдан йироқ; хайрли ва эзгу ишларни кўпроқ қилиш кўйида бўлади. Савоб ишлари орқали атрофидагиларга ва элга катта фойда келтиради.
Аллоҳ таоло барча бандаларининг қалбларини ўз зикри билан сайқаллаб, тилларини Ўзининг зик­рида бардавом қилсин!

Пардабой ҲАМИДОВ,
Бахмал туманидаги “Новқа ота” жоме масжиди имом-хатиби