Намоз вақтлари

Биз олдинги сабоқларда таҳорат, бадан ва кийим поклиги масалаларига тўхталган эдик. Улар бизнинг бир кеча-кундузда адо этадиганимиз беш вақт намоз мақбуллигининг аввалги шартларидир. Энди ушбу сабоқдан эътиборан, иншоаллоҳ, намоз ва унга тегишли ҳукмлар ҳақида сўз боради.

Бомдод намозининг вақти субҳи содиқдан қуёш чиққунчадир. Кунчиқар уфқида кўндаланг бўлиб кўринган ёруғлик субҳи содиқдир.

Пешин намозининг вақти қуёш оғгандан ҳар бир нарсанинг сояси ўз бўйининг икки баробарига етгунчадир. Қуёш оғишга келгандаги соя бунга кирмайди. Қуёш оғишга келган вақт «завол вақти» дейилади. Заволдаги соя туpли жойлар ва ойларда турличадир. Бизнинг диёрларда кишининг завол вақтидаги сояси ўз қадами (оёқ товонидан панжалар учигача) билан саратонда бир ярим, асад ойида икки ярим, сунбулада уч ярим, мезон ойида беш ярим, ақраб ойида етти ярим, қавс ойи­да тўққиз ярим, жаддий ойи­да ўн ярим, далв ойида саккиз ярим, ҳутда олти ярим, ҳамал ойида тўрт ярим, савр ойида уч ярим, жавзода эса икки ярим қадам бўлади. Одатда, ҳар бир одамнинг бўйи ўз қадами билан етти қадам бўлади. Бинобарин, масалан, ҳут ойида кишининг сояси ўз қадами билан йигирма ярим қадамга етса, пешин намозининг вақти чиққан ҳисоб­ланади.

Аср намозининг вақти пешин намози вақти тугагандан бошлаб, то қуёш ботгунчадир.

Шом намозининг вақти қуёш ботиши билан бошланади ва кунботap уфқида қизил шафақ йўқолгунча давом этади.

Қизил шафақ йўқолганидан сўнг хуфтон намозининг вақти киради. Субҳи содиққача хуфтон намозини адо этса бўлади.

Витр намозининг вақти хуфтон намозининг вақтидир. Аммо витр намозини хуфтон намозидан сўнг ўқиш вожиб. Хуфтонни ўқимасдан витр намозини ўқиш мумкин эмас.

Беш вақт намознинг ҳар бири айтилган вақтларида ўқилса, ўз вақтида ўқилган ҳисобланади. Аммо бомдод намозини субҳи содиқ киргандаёқ эмас, балки тонг ёришгач, кун чиқишидан олдинроқ ўқиш мустаҳаб бўлади. Қуёш чиқишидан қанча олдинроқда ўқишни қуйидагича белгилашган: мабодо бомдодни ўқиб бўлганидан сўнг намози асносида таҳорати синганлиги маълум бўлса, қуёш чиқишига янгидан таҳорат олиб бомдодни қайта ўқигунча кетадиган вақт қолсин.

Пешин намозини қишда аввалги вақтида, ёзда соя бўйга бир баробар бўлишидан аввалроқ ўқиш мустаҳабдир.

Аср намозини барча вақтда кечроқ, қуёш гардишида ўзгариш бошланмаган муддатгача ўқиш мустаҳаб бўлади.

Шом намозини ҳамиша қуёш ботиши биланоқ ўқиш мустаҳаб.

Қиш кунлари хуфтон намозини туннинг биринчи учдан бир қисми ўтгандан сўнг, ёз кунлари эса эртароқ ўқиш мустаҳабдир.

Витр намозини, уйғонишга кўзи етса, кечанинг охирида, субҳи содиқдан олдин ўқиш мустаҳаб бўлади. Аммо уйғонишига кўзи етмаса, хуфтон намозидан сўнг ўқиш мустаҳабдир.

Ҳаж маросимида Арафот тоғи ва Муздалифа водийидан бошқа жойда бир намоз вақтида икки намоз жам қилиб ўқилмайди.

Ийд намозининг вақти қуёш чиқиб, икки найза баробарида кўтарилганидан то заволигачадир.

Уч вақтда, яъни қуёш чиқаётганида (то бир ё икки найза кўтарилгунча), тик бўлганида ва ботаётганида (шу кунги аср намозидан бошқа) ҳеч қандай намоз ўқиб бўлмайди.

Тонг отиб, қуёш чиққунча ва аср намозидан сўнг шом намози ўқилгунча нафл ва икки ракат тавоф намозини ўқиш макруҳдир. Шунингдек, имом хутба қилаётганида ва ийд намозларидан олдин ҳам нафл намозларини ўқиш макруҳ бўлади.

Муҳаммад ШАРИФ ЖУМАН