Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: «Ким Аллоҳнинг Китобидан бир ҳарф ўқиса, унга бир ҳасана бор. Ҳасана эса ўн баробардир. Мен «алиф лам мим» битта ҳарф, демайман. Балки, «алиф» бир ҳарф, «лам» бир ҳарф, «мим» бир ҳарф!» дедилар» (Имом Термизий ривояти)».

Қуръонни тажвид билан чиройли қироат қилиб, унинг ҳукмларига амал қилган банда Аллоҳга яқин фаришталар даражасидадир: “Қуръонни моҳирлик билан ўқувчи инсон, итоатли улуғ зотлар (яъни фаришталар) билан биргадир...”(Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Албатта, Аллоҳнинг Китобини тиловат қиладиган, намозни баркамол адо этадиган ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан махфий ва ошкора эҳсон қиладиган зотлар сира касод бўлмайдиган тижоратдан (ажру савоб бўлишидан) умидвордирлар. Зеро, (Аллоҳ) уларнинг ажрларини комил қилиб берур ва Ўз фазлини уларга янада зиёда қилур” (Фотир, 29–30).

Қуръонни тиловат қилувчи инсон унинг одоб­ларига ҳам амал қилиши лозим. У имкон қадар қиблага юзланмоғи; пок бўлмоғи, яъни таҳоратли бўлиши; кийими, ўтирган жойи нопок бўлмаслиги; хушу (Аллоҳдан қўрқиб), тафаккур ва тадаббур билан ўқимоғи; хаёл сурмасдан, ҳавои-нафсини тарк қилиб, қалбини ва хаёлини бир жойга жамламоғи; қироат асносида унинг маъноларидан таъсирланиши мустаҳабдир. Шунингдек, қодир бўлгунча овозини чиройли қилиш, қироат асносида кулмаслик, туфламаслик, эътиборини тортган нарсага чалғимасдан, балки тадаббур қилиб ўқиш тиловат одобларидандир.

Қуръон ўқувчига шарт бўлган одоблар уни эшитувчига ҳам тааллуқлидир.

 

Хайрулло ТОҒАЕВ, Тошкент шаҳридаги "Пул емас ота" жомеи имом-хатиби