Азон қуйидаги жумлалардан иборат:

Аллоҳу акбар. Аллоҳу акбар. Аллоҳу акбар. Аллоҳу акбар.

Ашҳаду алла илаҳа иллаллоҳ. Ашҳаду алла илаҳа иллаллоҳ.

Ашҳаду анна Муҳаммадар расулуллоҳ. Ашҳаду анна Муҳаммадар расулуллоҳ.

Ҳаййа ъалас солаҳ. Ҳаййа ъалас солаҳ.

Ҳаййа ъалал фалаҳ. Ҳаййа ъалал фалаҳ.

(Ассолату хойрум минаннавм. Ассолату хойрум минаннавм. Бу икки жумла фақат бомдод азонида айтилади).

Аллоҳу акбар. Аллоҳу акбар. Лa илаҳа иллаллоҳ.

Иқомат ҳам айнан азон кабидир. Бироқ иқоматда “Ҳаййа ъалал фалаҳ” жумласидан сўнг “Қод қоматис солаҳ” жумласи икки бор қўшиб айтилади.

Намоз вақтларини, суннатни яхши билган солиҳ, тақводор киши муаззин бўлиши лозим.

 

Азон ва иқомат айтиш ҳукми ва вақти

 

Жамоат билан ўқиладиган беш вақт фарз намозга азон ва иқомат айтиш суннати муаккададир. Жамоатга етолмай намозни уйида ўқиган кишининг ва мусофирнинг азон ва иқомат айтиши мустаҳабдир. Мусофирнинг намозини азон ва иқомат айтмай ўқиши макруҳдир. Уйда ўқилган қазо намозга ҳам азон ва иқомат айтиш суннатдир.

Азон намоз вақти кирганидан сўнг айтилади. Иқомат бевосита фарз намозни бошлашдан олдин айтилади. Аёллар азон ва иқомат айтмайдилар.

 

Азон ва иқомат айтиш тартиби

 

Азон масжид ҳовлисида, баланд жойда, қиблага қараб, тик туриб айтилади. Овоз узоққа бориши учун муаззин кўрсаткич бармоқларини қулоқларининг ичига тиқиб азон айтиши керак. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳазрат Билол (розияллоҳу анҳу)га шундай буюрганлар. Таҳорат билан азон айтиш мустаҳабдир. Азон жумлаларининг орасида бир оз тин олиш билан, оҳиста айтилади. Азон айтишда лаҳн қилиш макруҳдир. Лаҳн тажвид талабларини бузишдир. Азон ва иқоматдаги “Аллоҳ” лафзидаги “а” товушини ва “акбар” лафзидаги биринчи ва иккинчи “а” товушларини чўзиб айтиш қўпол хатодир. Қасддан бундай айтган кишининг имони хатарда қолади. Муаззин юзини ўнг тарафга қаратиб “ҳаййа ъалас солаҳ” жумлаларини, юзини чап тарафга қаратиб “ҳаййа ъалал фалаҳ” жумлаларини айтиши лозим. Ҳазрат Билол азонни шундай айтганлар.

Иқоматда бармоқлар қулоққа тиқилмайди. Иқомат азонга нисбатан тезроқ айтилади. Унинг жумлалари орасида тин олинмайди. Иқомат ҳам азон каби бир жойда туриб айтилади. Юриб иқомат айтиш мак­руҳдир. Муаззин иқоматнинг “ҳаййа ъалас солаҳ” жумласини бошлаганида имом ва қавм жойларидан турадилар. Бундан олдин тик туриб олиб намоз бош­ланишини кутиш мак­руҳдир.

Муаззин “қод қоматис солаҳ” жумласини айтганида имом намозни бошлайди. Шом намозидан бошқа намозларнинг азони ва иқомати ўртасида тўрт ракат намоз ўқиш муддатича ўтказилади. Аммо шом намозининг азонидан сўнг тезда, кўпи билан қисқа уч оят ўқиш муддатича вақт ўтказиб иқомат айтиш лозимдир.

 

Азонни эшuтганлap нима қилади?

 

Азонни эшитганлар унга жавоб қайтаришлари вожиб бўлади. Муаззин айтган жумлаларни такрорлаш азоннинг жавобидир. Бироқ муаззин “ҳаййа ъалас солаҳ” ва “ҳаййа ъалал фалаҳ” жумлаларини айтганда улар ўрнига «ла ҳавла вала қуввата илла биллаҳил ъалиййил ъазим” дейиши керак. Бомдод намозининг азонида муаззин “Ассолату хойрум минан навм” деганида “содақта ва барорта” деб жавоб берилади.

Масжид ташқарисидаги ки­шининг азонга жавоби масжид­га бориш билан бўлади. Масжид­га бораётган киши азонни эшитганида тўхтаб турмайди.

Азонни эшитган киши фақат унга жавоб бериш билангина машғул бўлиши лозим. Бошқа сўз ва ишларни тўхтатиб туриши керак.

 

Муҳаммад Шариф ЖУМАН