Ҳасан ибн Аммор Шурунбулолийнинг “Нурул изоҳ” китоби ҳанафий мазҳабининг машҳур фиқҳий манбаларидан биридир. Унда таҳорат, намоз, закот, рўза ва ҳаж масалалари енгил иборалар билан баён этилган. Китоб мазкур ибодатларга тааллуқли масалаларни энди ўрганаётганлар учун ҳам, фақиҳлар учун ҳам бирдай фойдали манба ҳисобланади. Асарга муаллифнинг ўзи “Мароқул фалоҳ” номли шарҳ, Имом Таҳовий ҳошия ёзган.

Шурунбулолий 1069 ҳижрий йили Қоҳирада вафот этган.

“Ҳидоят”нинг саҳифаларида азиз ўқувчиларимизни ана шу фойдали манба билан таништириб боришни мақсад қилдик. Аллоҳ таоло ушбу уринишимизни ҳаммамиз учун манфаатли қилсин.

 

  

Таҳорат учун ишлатиш мумкин бўлган сувлар

Етти хил сувни: ёмғир сувини, денгиз сувини, дарё сувини, қудуқ сувини, қор сувини, дўл сувини ва булоқ сувини таҳорат учун ишлатиш мумкин.

 

Сувларнинг турлари

Сув тозалиги ва таҳорат учун яроқлилиги жиҳатидан беш турдир.

Биринчи тури: соф сув (ҳеч нарса тегмаган, аралашмаган ва ишлатилмаган сув). У сув тоза, тоза қилувчи, (уни таҳорат учун ишлатиш) макруҳ эмасдир.

Иккинчи тури: мушук ва у каби нарсалар ичган оз сувдир. У сув тоза, тоза қилувчи, (уни таҳорат учун ишлатиш) макруҳдир.

Учинчи тури: таҳоратга ва қурбат учун – таҳорат устига, ният қилиб таҳорат қилишга ишлатилган сув. У сув тозадир, аммо тозаловчи эмасдир. (Уни таҳорат учун ишлатиб бўлмайди.) Сув танадан ажралиши билан ишлатилган сув ҳисобланади. Дарахт ва мева сувларини ҳам, агар у сувлар ўзи, сиқилмасдан чиққан бўлса ҳам таҳорат учун ишлатиб бўлмайди. Фатво шунгадир.

Шунингдек, бир нарсани қайнатиш билан ё (аралашган) бошқа нарсанинг кўплиги билан табиий ҳолатини йўқотган сувни ҳам таҳорат учун ишлатиб бўлмайди.

Сувга тоза қаттиқ нарсалар аралашганида сувнинг майинлигини ва оқув­чанлигини кеткизса, аралашган нарса кўп ҳисобланади. Аммо сувга дарахт барги, меваси ва заъфарон каби нарсалар аралашиб (қайнатилмаса!) унинг ҳамма сифати ўзгарса ҳам (оқувчанлиги ва майинлиги йўқолмаса), уни таҳорат учун ишлатса бўлади.

Сувга суюқ нарсалар аралашганда, аралашган суюқликнинг кўплиги бундай билинади:

– сувга аралашган суюқликнинг ҳиди бўлмай сут каби, икки сифати – ранги ва таъми бўлса унинг (сувда) бир сифати кўринса, у (сувдан) кўп ҳисобланади;

– агар (сувга) аралашган суюқликнинг сирка каби уч сифати бўлса унинг икки сифати (сувда) кўринса, у (сувдан) кўп ҳисобланади;

– (сувга) аралашган суюқликнинг ишлатилган сув ва ҳидсиз атиргулнинг суви каби сифати бўлмаса, унинг (сувдан) кўплиги вазн билан ҳисобланади. Агар икки ратл ишлатилган сув бир ратл (406,25 г) сувга аралашган бўлса, уни таҳорат учун ишлатиб бўлмайди. Аксинча бўлса, таҳорат учун ишлатиш мумкин бўлади.

Тўртинчи тури: нажас сув. У нажосат тушган оз турғун сувдир. Ҳажми 10х10 метрдан кам жойдаги (ё идишдаги) сув оз ҳисобланади. У сувга нажосат тушса, нажосат асари билинмаса ҳам, нажас бўлади. Агар оқар сув бўлса, унга нажосат тушиб асари билинса, нажас бўлади. Асардан мурод таъм, ранг ва ҳиддир.

Бешинчи тури: тозаловчи эканида шак бўлган сув. У эшак ё (онаси эшак бўлган) хачир ичганидан қолган сувлар.

  

Арабчадан Муҳаммад Шариф ЖУМАН таржимаси.