Бир куни кекса отахон суҳбат орасида:
– Домла, хабарингиз бор, фарзандларни ҳам уйли-жойли қилдик. Худога шукр, ҳеч камчилигимиз йўқ, лекин кенжа ўғлимиз тўрт йилдан бери фарзандталаб. Келинимиз ҳам жуда яхши, уни дўхтирларга ҳам кўрсатдик... Умид билан ҳузурингизга, масжидга келдик. Дуо қилсангиз, Аллоҳ фарзанд берса, – деб қолди.
“Ота-онанинг фарзанд ҳақига холисона қилган дуоси ижобат. Ўзингиз дуо қилинг, мен омин деб тураман”, дедим. Отахон кўзлари намланиб дуо қилдилар. Бир йилдан кейин ўғил набирали бўлганлари ҳақида эшитдик.
 
 
Дуо қилаётганда қалб ғофил бўлиши, тилда бир гап, хаёлда бошқа гап бўлиши мумкин эмас.
 
Мўмин банда ҳеч бир ҳолатда умидини узмайди. Чунки Аллоҳ таоло уни паноҳида асрашига ишонади. Иброҳим Халилуллоҳ (алайҳиссалом)­га оловни гулзорга айлантирган, Фиръавн зулмидан қочиб келаётган Мусо калимуллоҳ (алайҳиссалом)­га дарёни ёрган, наҳанг балиқ қорнига тушиб қолган пайғамбари Юнус (алайҳиссалом)­ни халос қилган Аллоҳ таолодир.
 
Дуода аввало ўзингизни, сўнг ота-онангиз, ака-укаларингиз, опа-сингилларингиз ва бошқа қариндошларингизни ёд этинг. 
 
Дуоларингизда албатта давлатимиз, динимиз раҳбарларини ва бошлиқларни ёдга олинг. Аллоҳдан уларни тўғри йўлдан адаштирмаслигини, бизни ҳидоятга етаклашга илҳомлантиришини сўранг.
 
Инсон Аллоҳ таолога жуда муҳтож эканини тан олиши шарт.
 
Шартлари (ихлос, тавба, луқманинг пок бўлиши ва ҳоказо) бажарилган ҳолда қилинган дуо, албатта, ижобатдир. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Кимнинг дуоси гуноҳ ишдан ва қариндошлари билан алоқасини узишдан бошқасига бўлса, Аллоҳ унга учта нарсадан бирини албатта ато этади: ё банданинг дуосини тез фурсатда ижобат қилади, ёки унинг савобини охират учун захира қилиб қўяди, ёхуд шу дуоси муқобилида бир ёмонликни ундан даф этади”. Шунда саҳобалар: “Унда дуо қилишни яна ҳам кўпайтирамиз”, де­йишди. Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ сизникидан кўра кўпроқ ато қилади”, дедилар (Имом Абу Довуд, Имом Термизий ривояти).
 
Аллоҳ таоло сўраган бандасини яхши кўради, ҳеч нарса сўрамаганидан ғазабланади. Ҳаётимизнинг ҳар бир ҳолатида яхшиликни кўпайтириб, ёмонлик­ларни даф этмоғини сўраб, дуо қилишда бардавом бўлишни Аллоҳ таоло барчамизга насиб айласин.
 
Завқиддин ОРИПОВ, 
Қизилтепа тумани “Боязид Бистомий” 
жоме масжиди бош имом-хатиби