Бирор жонзот ичган оз (10х10 метр ҳажмдан кам жойдаги оқмайдиган) сувдан қолгани тўрт тур бўлади ва у сарқит деб аталади.
 
Биринчи тури – тоза ва тозаловчи сув. У, (ёши, жинси ва динидан қатъи назар, нопок нарса истеъмол қилмаган одам, ё от ёки (тезак емайдиган) гўшти ҳалол ҳайвонлар (туя, қорамол, қўй, эчки) ичганидан қолган сувдир.
 
Иккинчи тури – ишлатиб (ичиб) бўлмайдиган нажас сув. У, ит, тўнғиз ва сиртлон, бўри каби йиртқич ҳайвонлар ичганидан қолган сувдир.
 
Учинчи тури – (тоза ва тозаловчи сув бўлганида) ишлатилиши макруҳ бўлган сув. У, мушук, очиқда юрган товуқ, қирғий, бургут, калхат каби йиртқич қушлар ва сичқон каби (уйларда яшайдиган) жонзотлар ичганидан қолган сувдир. Чаёнга ўхшаш жонзотлар ичганидан қолган сув макруҳ эмасдир.
 
Тўртинчи тури – тозаловчи эканида шак бўлган сув. У эшак ва онаси эшак бўлган хачир ичганидан қолган сувдир. Агар киши ундан бошқа сув тополмаса, олдин у билан таҳорат қилиб, кейин таяммум ҳам қилади ва намоз ўқийди (ишлатилиши макруҳ бўлган ва тозаловчи эканида шак бўлган сув билан таҳорат қилган киши, тоза ва тозаловчи сув топса, у билан аъзоларини қайта ювиши мустаҳаб бўлади).
 
ИДИШ ВА КИЙИМЛАРНИНГ ТОЗАСИНИ ТАНЛАШ ҲАҚИДА
Сув тўлдирилган, кўпи тоза (қолгани нопок) идишлар (ёнма-ён) аралаш бўлганида, таҳорат қилиш ва ичиш учун улардан бири (тоза дейилиб) танланади. Агар (аралаш) идишларнинг кўпи нопок бўлса, фақат ичиш учун улардан бири (тоза дейилиб) танланади. Иккинчи ҳолда, шунингдек, тоза ва нопок идишлар сони тенг бўлганида, намоз ўқиш учун таяммум қилинади. Биринчи ҳолда ҳам идишлардаги сувларни бир-бирига аралаштириб, сўнг намоз учун таяммум қилиш афзалдир.
Тоза ва нопок кийимлар аралаш бўлганида, уларнинг кўпи тоза ё нопок бўлса-да, киши яланғоч бўлса, улардан бирини тоза деб танлаши керак (чунки авратни бошқа нарса билан ёпиб бўлмайди).
 
БИРОР НАРСА ТУШГАН ҚУДУҚ СУВИНИНГ ҲУКМИ ВА УНИ ТОЗАЛАШ ҲАҚИДА
Суви оз бўлган қудуққа, ҳайвон қийларидан бошқа, озгина нажосат тушса, масалан, бир томчи қон ё ароқ тушса ё унга тўнғиз тушиб оғзи сувга тегмай ундан тирик чиқиб кетса ҳам ёки унга ит, қўй, одам тушиб ичида ўлиб қолса, ёхуд унинг ичига тушиб ўлиб қолган ҳайвон, жуссаси кичик бўлса-да шишган бўлса, у қудуқнинг ҳамма суви чиқариб ташланади.
 
Агар қудуқнинг суви кўп бўлса ва унинг ҳамма сувини чиқариб ташлаш мумкин бўлмаса, ундан (мазкур ҳолларда) икки юз ўртача челак сув чиқариб ташланади. Агар унинг ичида товуқ, мушук ва улар каби жонивор ўлиб қолган бўлса, ундан қирқ ўртача челак сув чиқариб ташлаш лозим бўлади. Агар унинг ичида сичқон ва у каби жонивор ўлиб қолган бўлса, ундан йигирма ўртача челак сув чиқариб ташлаш керак бўлади. (Имом Муҳаммад бундай деганлар: “Агар қудуқда уч ё бешта сичқон ўлиб қолган бўлса, ундан бир сичқон ўлиб қолгани каби йигирма ўрта челак; агар олтита сичқон ўлиб қолган бўлса ундан қўй тушиб ўлиб қолгани каби икки юз ўртача челак сув чиқариб ташлаш лозим бўлади”.)
 
Мазкур ҳолларда (қудуқдан айтилган миқдорда сув чиқариб ташлангач) қудуқ ҳам, челак ҳам, челакка боғланган арқон ҳам, ундан сувни чиқариб ташлаган кишининг қўли ҳам тоза бўлади.
 
Қудуқ сувига (туя ва қўйнинг) қийи, (от, эшак ва хачирнинг) гўнги, (қорамолнинг) тезаги кўп тушмаса, нажас бўлмайди. Агар кўп тушса: кўрган одам кўп ҳисобласа ёки сув олганда ҳар бир челакда битта қий чиқса, у нажас бўлади.
 
Қудуқ сувига каптар, чумчуқ каби (гўшти ейиладиган) қушларнинг тезаги тушса ёки балиқ, қурбақа каби қони йўқ жонзотлар, (қисқичбақа каби) сув жонзотлари, кана, пашша, ари, чаён каби ҳашаротлар унинг ичида ўлиб қолса, у нажас бўлмайди.
 
Шунингдек, қудуққа одам ва гўшти ҳалол ҳайвонлар тушиб тирик чиқиб кетса, уларнинг устида нажосат бўлмаган бўлса, унинг суви нажас бўлмайди. Қудуққа ҳачир, эшак, йиртқич қушлар, ваҳший ҳайвонлар тушиб, тирик чиқиб кетса ҳам, саҳиҳ ривоятда, суви нажас бўлмайди. Агар қудуққа тушиб, тирик чиқиб кетган ҳайвоннинг сўлаги сувга етса, тушган ҳайвоннинг сўлаги тоза бўлса, қудуқнинг суви тоза, сўлаги ҳаром бўлса, қудуқнинг суви ҳаром, сўлаги макруҳ бўлса, қудуқнинг суви макруҳ бўлади. (Ана шунга кўра қудуқдан сув чиқариб ташланади. Тушган ҳайвоннинг сўлаги макруҳ бўлса, йигирма ўртача челак сув чиқариб ташлаш мустаҳаб бўлади).
Қудуқ ичида ўлик ҳайвон бўлса, унинг суви бир кеча-кундуз олдиндан нажас ҳисобланади. Агар қудуқ ичида шишиб кетган ўлик ҳайвон бўлса, қачон тушгани номаълум бўлса, унинг суви уч кеча-кундуз олдиндан нажас ҳисобланади. Унинг суви билан таҳорат ё ғусл қилган кишилар ана шу кунларда ўқиган намозларини қайта ўқишлари лозим бўлади. Агар унинг суви билан фақат кийимларини ювган бўлсалар, уларни тоза сув билан қайта ювишлари керак бўлади.
 
Арабчадан
Муҳаммад Шариф ЖУМАН 
таржимаси.