Мустақиллик йилларида буюк алломаларимизнинг мерос­ларини ўрганиш, қадамжоларини обод этиш, уларнинг бой илмий меросларини тиклаш каби қатор хайр­ли ишларга алоҳида эътибор қаратилди. Шу жумладан, термизлик олимларнинг ҳаёти ва илмий асарлари ҳам диққат билан ўрганилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳам ушбу эътиборнинг ёрқин намунасидир.
 
Олти саҳиҳ китобдан бири «Сунани Термизий» номи билан машҳур бўлган «Ал-Жомиъ ас-саҳиҳ» асари муаллифи Абу Исо Термизийдир. У зотнинг тўлиқ исми Муҳаммад ибн Исо ибн Савра ибн Мусо ибн Заҳҳоқ Сулламий Зарир Буғий  Термизий. Олимнинг мазкур «Ал-Жомиъ ас-саҳиҳ» асарида таҳорат, намоз, рўза, закот, ҳаж, сийратлар, васият каби қатор диний ижтимоий ва ибодат масалалари қатори Қуръон фазилатлари, тафсир сингари қисмлар ҳам ўрин олган.
 
Ушбу асарда «Китабус савобил Қуръон», «Китабул қираат» («Қуръон қироатлари») ва «Китабут тафсирил Қуръон» («Қуръон тафсири китоби») боблари бўлиб, унда тафсирга оид ҳадисларни келтирган. Китобнинг “Китабут тафсирил Қуръон” (“Китабут тафсирил Қуръони Расулиллаҳ”) деб номланган қисми энг катта боблардан бири саналади ва унда умумий ҳисобда 377 та ҳадис жамланган. Ушбу бобда анъанавий тартибда Қуръоннинг Фотиҳа сурасидан Нос сурасигача бўлган сураларнинг фазилатлари ҳақидаги ҳадислар жамланган. Имом Абу Исо Термизий ҳадислар орасидан ўз шартларига тўғри келганини саралаб олгани боис ҳам ҳамма оятларнинг тафсирлари келтирилмаган бўлиши мумкин. 
 
Имом Абу Исо Термизий тафсир қилиш жиддий иш эканини таъкидлагани боис ушбу бобда ўз ижтиҳоди билан тафсир қилишнинг мумкин эмаслиги ҳақидаги 5 та ҳадисни аввал келтиради. Жумладан, уларнинг бирида шундай дейилади: “Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар: “Ким Қуръондаги нарсалар (унинг мазмуни) ҳақида билмай бирор сўз айтса, ўз жойини дўзахдан тайёрлайверсин”. Кейинги ҳадисда эса қуйидаги ривоятни келтиради: Жундуб ибн Абдуллоҳ (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай дедилар: “Ким Қуръон борасида ўз фикрига таяниб гап айтса, агар тўғри бўлса ҳам у хато қилибди”.
 
Аллома “Сунани Термизий” даги тафсирга бағишланган бобнинг давомида Фотиҳа сураси тафсирини келтиради ва бу қисмни Фотиҳа сураси ўқилмаган намоз мукаммал эмаслиги ҳақидаги ҳадисларни ривоят қилишдан бошлайди. Ушбу ҳадисларда Фотиҳа “Уммул Қуръон” (Қуръоннинг онаси) номи билан зикр қилинади. Манбаларда, Фотиҳанинг “Уммул китоб”, “Саб­ъул масоний” каби бир неча номлари санаб ўтилади. 
 
Аллома Бақара сураси тафсири билан боғлиқ жами 37 та ҳадисни ўз асарига киритган. Улар қибла ва саҳобаларнинг қоронғуликда турли томонга қараб намоз ўқиганлари ва у ҳақидаги оятнинг нозил бўлиши (115-, 150-оятлар), қибланинг Каъба томонга ўзгариши (144-оят), Ҳазрат Умарнинг “Мақоми Иброҳим”да намоз ўқишни сўрагани ва бу борада оятнинг нозил бўлиши (125-оят), мусулмон умматининг адолатли уммат қилиб танлангани (143-оят), рўза тутувчининг тонггача саҳарлик қилиши (187-оят), ўрта намоз (238-оят) каби қатор оятлар тафсирига бағишланган ҳадисларни айтиш мумкин. 
 
Бундан ташқари китобнинг таҳорат, намоз каби бошқа қисмларида келтирилган ҳадисларда ҳам оятлар шарҳи ва изоҳига оид ривоятлар ўрин олган.
 
Давронбек МАХСУДОВ, 
Тошкент ислом университети 
мустақил изланувчиси, тарих фанлари номзоди